Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Мамлакатимизда халқаро даражадаги спортчиларни тайёрлаш масалалари

Дата: 01.03.2016    

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда спортни ривожлантириш, уни давлат сиёсати даражасига кўтариш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, бу ҳақда сўз юритганда, биргина ўтган йили 1 минг 668 нафар спортчимиз, жумладан, 567 нафар қиз 165 та халқаро мусобақада иштирок этиб, 983 та медални қўлга киритганини айтиш жоиз.

Ёш авлодни болалигидан бошлаб спортга қизиқтириш, уларнинг қалбида спортга ҳавас ва меҳр уйғотиш, жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол этиб тарбиялаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 24 октябрдаги ПФ–3154-сонли “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги Фармонига асосан, Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини ташкил этилди.

Бугунги кунда мазкур жамғарма томонидан болалар спортини ривожлантиришга қаратилган кўплаб дастурлар амалга оширилиб, натижаси ўлароқ, 2005 йилда юртимизда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларнинг 30 фоизи, жумладан, қишлоқ жойларда 29 фоизи спорт билан шуғулланган бўлса, 2015 йилда бу рақамлар тегишли равишда 57,2 фоиз ва 56 фоизни ташкил этгани қайд этилди. Бундай мисоллар мамлакатимиз бу борада катта ўсиш ва ўзгаришга эришганидан яққол далолат беради.

Болалар спортини ривожлантиришга қаратилган аниқ мақсадли ишларимиз натижасида ўғил-қизларимиз мунтазам шуғулланадиган спорт турларининг сони кескин равишда ошиб бормоқда. Масалан, айни шу ёшдаги болалар 2005 йилда 
43 турдаги машғулотларга қатнаган бўлса, бугунги кунда улар 59 спорт тури билан шуғулланаётгани бу соҳадаги ютуқларимиз нафақат сон жиҳатидан, балки сифат жиҳатидан ҳам ўсиб бораётганини кўрсатади.

Айниқса, биз учун мутлақо янги бўлган бадиий гимнастика, сузиш, синхрон сузиш, теннис, таэквондо, дзюдо, каратэ, ватерпол, эшкак эшиш каби спорт турлари бўйича қитъа ва жаҳон миқёсидаги нуфузли мусобақаларда спортчиларимизнинг иштирок этиб, юқори шоҳсупаларга кўтарилаётгани мамлакатимизда спортга берилган эътиборнинг натижасидир.

Ана шуларнинг барчасини инобатга олиб, юксак малакали спорт мураббийлари, жумладан, хотин-қиз мураббиялар меҳнатини рағбатлантириш бўйича юртимизда янги, самарали тизим жорий этилгани бугунги кунда ўз натижасини бермоқда. Бунинг тасдиғини 2015 йилда спорт бўйича мураббий ва ўқитувчилар 2005 йилга нисбатан 1,5 баробар кўпайганида, жумладан, аёл спорт устозлари 3,8 баробар ошганида кўриш мумкин.

Бугунги кунда, мамлакатимизда спортни ривожлантириш ва уни ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган ҳуқуқий асослар тўлиқ яратилди десак, янглишмаган бўламиз.

Биргина, 2015 йил 4 сентябрдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши, бу борадаги ишларни янада такомиллаштирилганидан далолат беради.

Мазкур Қонуннинг 15-моддасига асосан, фуқаролар ҳаваскорлик спорти, шунингдек профессионал спорт билан спортчи, тренер ёки спорт ҳаками сифатида шуғулланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.

Мамлакатимизда халқаро тоифадаги спортчиларни тайёрлаш мақсадида турли ташкилотлар, жумладан Халқаро олимпия қўмитасининг Олимпия хартиясига мувофиқ Олимпия ўйинларида ҳамда Халқаро Олимпия қўмитаси бошчилигида ўтказиладиган бошқа халқаро спорт тадбирларида Ўзбекистон Республикаси номидан иш юритадиган Ўзбекистон олимпия ҳаракати томонидан ҳам бу борада қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Мазкур ҳаракат Халқаро олимпия ҳаракатининг таркибий қисми бўлиб, унинг мақсади олимпия ҳаракати принципларини оммалаштириш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга кўмаклашиш, спорт соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Олимпия ўйинларида ҳамда Халқаро олимпия қўмитаси бошчилигида ўтказиладиган бошқа халқаро спорт тадбирларида иштирок этишдан иборатдир.

Ўзбекистон олимпия ҳаракати Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси – республика нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан бошқарилади, ушбу қўмита ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, Халқаро олимпия қўмитасининг Олимпия хартиясига ҳамда ўз уставига мувофиқ амалга оширади. Давлат Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ўз уставида белгиланган мақсадларини амалга оширишига ҳар томонлама кўмаклашган ҳолда, Ўзбекистон олимпия ҳаракатини тан олади ва қўллаб-қувватлайди.

 Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси:

 олимпия ҳаракати принципларини оммалаштиради, юксак ютуқларга эришиладиган спортни ва оммавий спортни ривожлантиришга кўмаклашади;

 Халқаро олимпия қўмитасининг Олимпия хартиясига мувофиқ Олимпия ўйинларида ҳамда Халқаро Олимпия қўмитаси бошчилигида ўтказиладиган бошқа халқаро спорт тадбирларида Ўзбекистон Республикаси номидан иш юритади;

 спортчиларни Олимпия ўйинларида ҳамда Халқаро Олимпия қўмитаси бошчилигида ўтказиладиган бошқа халқаро спорт тадбирларида иштирок этишга тайёрлашнинг зарур даражасини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

 спортда допингнинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашишга, шунингдек жисмоний тарбия ва спорт соҳасида камситиш ва зўравонликнинг ҳар қандай шакллари юзага келишига йўл қўймасликка кўмаклашади;

 Халқаро олимпия қўмитасининг ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг олимпия рамзлари, шиори, байроғи, мадҳиясидан, “олимпия”, “олимпиада” номларидан фойдаланишга бўлган ҳуқуқларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳимоя қилиш чораларини таъминлайди.

 Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ўз ваколатларини махсус ваколатли давлат органи, спорт федерациялари (уюшмалари) ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Шунингдек, Спорт федерацияси (уюшмаси) мамлакатда спорт турини ёки спорт турларини ривожлантириш ва оммалаштиришни амалга оширади ҳамда республика ва халқаро миқёсдаги барча тадбирлар ва мусобақаларда спортчилар ва бошқа мутахассислар номидан иш юритади.

Спорт федерациясининг (уюшмасининг) расмий номи нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши ҳамда унда спорт федерацияси (уюшмаси) фаолиятининг ҳудудий соҳаси, шунингдек спорт федерацияси (уюшмаси) қайси спорт турини ёки спорт турларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган бўлса, ўша спорт тури ёки спорт турлари кўрсатилиши лозим.

 Спорт федерацияларининг (уюшмаларининг) ташкил этилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши, ушбу Қонунда назарда тутилган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинган ҳолда, нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

 Шунингдек, бу борадаги ишларни янада ривожлантириш, спортчиларимизнинг тайёргарликларини янада кучайтириш мақсадида, ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон спортчиларининг 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган ХХХI ёзги Олимпиада ва XV Паралимпиада ўйинларида иштирок этишга тайёргарлиги тўғрисида” 2013 йил 25 февралдаги қарорини бажариш ва республикада спорт тиббиётини янада ривожлантириш учун зарур шарт-шароит яратиш ҳамда унинг илғор ютуқларини мамлакат терма жамоалари спортчи-аъзоларининг Олимпия, Осиё ўйинларига, жаҳон ва Осиё чемпионатларига, бошқа халқаро мусобақаларга комплекс жисмоний ва психологик тайёргарлик кўриш жараёнига кенг жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузурида Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ташкил этилди.

Ушбу марказ, спорт тиббиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи, спортчиларнинг тиббий-биологик ва тиббий-психологик тайёргарлигини таъминловчи, шунингдек миллий антидопинг хизмати функциясини бажарувчи бош ихтисослашган тиббиёт муассасаси ҳисобланади.

Шунингдек, мамлакатимизда Ўзбекистон шарафини жаҳон спорт майдонлари – Олимпия ва Осиё ўйинларида, жаҳон ва Осиё чемпионатларида, бошқа халқаро мусобақаларда муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган халқаро даражадаги спортчиларни тайёрлаш бўйича самарали тизимни яратиш, бунинг учун халқаро стандартларга жавоб берадиган, замонавий спорт ускуналари билан жиҳозланган ўқув-машқ базаларини шакллантириш, спортчиларни тайёрлаш жараёнига энг янги илмий-методик технологияларни эгаллаган юқори малакали мураббий-ўқитувчи кадрларни кенг жалб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 23 ноябрдаги “Олий маҳорат спорт мактабларини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори билан 2016–2020 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 14 та олий маҳорат спорт мактабларини ташкил этиш назарда тутилган.

Олий маҳорат спорт мактаблари фаолиятининг асосий йўналишларидан зарур спорт анжомлари ва ускуналари билан жиҳозланган, замонавий халқаро талаблар ва стандартларга жавоб берадиган моддий-техник ҳамда ўқув-машғулот базаларини яратиш ва турли даражадаги халқаро мусобақаларда – жаҳон ва Осиё чемпионатлари, Олимпия ва Осиё ўйинлари, Универсиадалар ҳамда бошқа халқаро ва минтақавий мусобақаларда Ўзбекистоннинг шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган халқаро даражадаги спортчиларни тайёрлашда ушбу базалардан самарали фойдаланиш;

халқаро даражадаги спортчиларни тайёрлаш учун юқори малакали мутахассисларни – мураббийлар, психологлар ва услубчиларни, шу жумладан хорижий давлатлардан етакчи мутахассисларни кенг жалб этиш орқали олий маҳорат спорт мактаблари мураббий-ўқитувчилари таркибини мустаҳкамлаш;

спортчиларнинг ўқув-машғулот жараёнини халқаро стандартлар даражасида ташкил этиш, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, ўқув-машқ жараёнларига энг янги илмий-услубий технологияларни жорий этиш йўли билан уларни назарий ва техник-тактик жиҳатдан тайёрлаш сифатини мунтазам ошириб бориш;

ёш истиқболли спортчиларни танлаб олиш ва тарбиялаш масалалари бўйича болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, олимпия захиралари коллежлари билан узлуксиз ҳамкорликни амалга ошириш, уларга ўқув-услубий ҳамда меъёрий-ахборот ёрдами кўрсатишни таъминлаш;

олий маҳорат спорт мактаблари базасида миллий терма жамоалар ва уларнинг захиралари иштирокида ўқув-машқ йиғинлари, республика ва минтақавий спорт беллашувларини ташкил этиш ва мунтазам равишда ўтказиб бориш, мураббийлар ҳамда спортчиларнинг касб маҳорати даражасини ошириш учун тажриба алмашиш мақсадида хорижий спорт мактаблари, клублари ва марказлари билан ҳамкорликни ривожлантириш.

Мазкур спорт мактаблари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда ўз уставларига амал қилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, шуни таъкидлашимиз лозимки, мамлакатимизда халқаро даражадаги спортчиларни тайёрлаш учун юқори даражадаги ҳуқуқий асослар ҳамда тўлиқ шарт-шароитлар яратилган.

О. Файзуллаев, Адлия вазирлигибўлим бошлиғи