Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Ҳар бир тадбир ўз самарасини бериши керак

Дата: 09.03.2016    

Маълумки, Президентимизнинг 2011 йил 23 августдаги 1602-сон Қарорга мувофиқ Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий таълим бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади.

Мазкур Идоралараро кенгашнинг 2016 йил учун иш-режаси ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мақсади, мазмун-моҳиятини аҳолига етказишда оммавий ахборот воситалари, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланиш алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу ишга фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш юзасидан “Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастури”, шунингдек, “Адлия вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларида маънавий-маърифий тарбиявий ишларни янада жадаллаштириш юзасидан чора-тадбирлар режаси” тасдиқланиб, ижрога қаратилди.

Жорий йилнинг январь ойида адлия органлари томонидан жами 3 679 та ҳуқуқий тарғибот тадбири ташкил қилинди. Уларда 157 566 тингловчи (шундан 95 722 нафари ёшлар) иштирок этишди.

Тарғибот тадбирларининг 810 таси оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилди. Телевидениеда 168 та кўрсатув, радиода 270 та эшиттириш эфирга узатилди. Газеталарда 283 дан зиёд, журналларда эса ўнлаб мақолалар чоп этилди. Веб-саҳифаларга 84 та материал жойлаштирилди.

Ҳуқуқий тарғибот тадбирлари оммага таъсирчан тарзда етказилиши учун давра суҳбати, семинарлар шаклида ўтказилди. Бу йўналишда 63 турдаги плакат ҳамда буклетлар 2 313 нусхада тайёрланиб, тарқатилди.

Амалга оширилган ҳуқуқий тарғибот тадбирлари кенг кўламда олиб борилаётган бўлса-да, айрим жойларда ўз ечимини кутаётган муаммолар борлигидан ҳам кўз юмолмаймиз.

Хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни эълон қилишнинг расмий манбалари билан барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари марказий аппаратлари, таркибий ва ҳудудий бўлинмалари ўз вақтида ва етарлича таъминланмаяпти, бу бўйича ҳанузгача зарур чора-тадбирлар кўрилмаяпти.

Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги ишлар ижрога қаратилган Меморандумлар асосида ташкил этилмаётгани ҳам аниқланди. Бу бўйича давлат бошқаруви органлари ва жамоат бирлашмаларининг етарли даражада ҳамкорлик қилиши мақсадга мувофиқдир.

Масалан, ҳудудий адлия органлари томонидан соҳага оид ишларни ташкил этиш бўйича давлат бошқаруви органлари ва жамоат бирлашмалари учун ўқув-семинарлари ўтказиб турилиши ҳам бугун заруратга айланмоқда. Энг муҳими, тадбирлар шунчаки номигагина эмас, балки ижобий самара бериш нуқтаи назаридан ўтказилмоғи керак.

Олий, ўрта-махсус ва касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчи-талабаларининг аксарияти ҳуқуқий маданият тушунчасидан хабардор, қонунларга ижобий ёндашишади. Шу билан бирга, ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларидан хабардорлик даражаси юқори бўлса-да, улар сайлов жараёни билан боғлиқ билимларини янада мукаммал эгалласалар яхши бўларди...

Аёлларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш масаласи бугуннинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлиб турибди. Ҳудудлардаги туман-шаҳар хотин-қизлар қўмиталари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари ўртасида ўзаро ҳамкорлик талаб даражасида бўлсагина ишимиз самараси кўзга ташланади.

Юқорида қайд этилган камчилик ва муаммо­ли масалаларни бартараф этиш, ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича ишларни услубий жиҳатдан таъминланишини ташкил этиш, давлат бошқаруви органлари масъул ходимларининг масъулияти ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш, мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш мақсадида Адлия вазирлигининг 2016 йил 29 январдаги кенгайтирилган йиғилиш баёни қарорига асосан қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Ҳозирги пайтда — март ойида ҳуқуқий тарғибот ва маърифат ишларини амалга оширишга доир тадбирлар режаси ва дастурларининг ижросини ташкил этиш ва ҳисоботларини юритиш кўзда тутилди. Давлат бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари билан ҳуқуқий тарғибот соҳасида ҳамкорликни таъминлашга эътибор қаратилди.

Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича ишларни услубий жиҳатдан таъминланишини ташкил этиш, давлат бош­қаруви органлари масъул ходимларининг масъулияти ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш, мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш бўйича ҳудудий ўқув-семинарлари ўтказиш бўйича Республика тарғибот гуруҳи тузилди. Мазкур тарғибот гуруҳи томонидан жорий йилнинг 1-24 мартига қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида давра суҳбатлари ҳамда семинарлар ташкил этилиши белгиланган.

Жорий йилнинг июль-август ойларида эса соҳа бўйича ишларни амалга оширишнинг замонавий шаклларини жорий этиш бўйича асослантирилган тавсиялар ишлаб чиқиш зарурати сезилмоқда. Давлат органлари, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги фаолиятини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратишга доир чора-тадбирларни белгилаш юзасидан юқорида қайд этилган идораларнинг масъуллари иштирокида республика миқёсида семинар ташкил этилиши ҳам ўз самарасини бериши, шубҳасиз.

Алижон Очилов, Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи