Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ ишончномаларни нотариал расмийлаштириш тартиби

Дата: 14.03.2016    

Ишончнома фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар соҳасида кенг кўламда қўлланиладиган юридик ахамиятга эга бўлган ҳужжатлардан бир тури ҳисобланади. Ишончнома вакил билан учинчи шахс ўртасида ишонч билдирувчи номидан қилинадиган ҳаракатлар натижасида муайян ҳуқуқий муносабатларни вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш учун зарур воситадир.

Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ ишончномалар ўз юридик ахамиятига кўра алоҳида ўрин эгаллайди ва шу муносабат билан ушбу турдаги ишончномалар нотариал тартибда тасдиқланиши шарт (юридик шахслар томонидан мазкур юридик шахсларнинг ходимларига бериладиган ишончномалар бундан мустасно бўлиб, нотариал тартибда тасдиқланмайди).

Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги қонунига мувофиқ автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни тасарруф қилиш (сотиш, ҳадя қилиш, айирбошлаш, ижарага бериш ва ҳ.к) билан боғлиқ ишончномалар Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасалари консуллари томонидан ҳам тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига бошқа давлатлардан олиб келинган автомототранспорт воситаларига ишончномалар расмийлаштириш улар божхона органларида расмийлаштирилгандан ва Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ) органларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилгандан кейин амалга оширилади. Аммо Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Ички ишлар вазирлигининг 2010 йил 28 октябрдаги қарори билан тасдиқланган “Божхона чегарасидан олиб ўтилаётган автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 57-бандига кўра “Эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштирилган автотранспорт воситаларининг гувоҳномаларида “автотранспорт воситасини ўзга шахсга фойдаланишга, эгалик қилишга бериш ёки ўзгача равишда ўтказиш чекланади” сўзлари қайд этилган ҳолларда:

5 йил муддат доирасида автотранспорт воситасини ўзга шахсга фойдаланишга, эгалик қилишга бериш ёки ўзгача равишда ўтказиш, БЮД (божхона юк декларацияси)га тегишли ўзгартиришлар киритилгандан ва янги гувоҳнома расмийлаштириб берилгандан сўнг амалга оширилади;

5 йиллик муддат ўтгандан сўнг, БЮДга ўзгартириш киритилмасдан ва янги гувоҳнома расмийлаштирилмасдан қонун ҳужжатлари асосида автотранспорт воситасини ўзга шахсга фойдаланишга, эгалик қилишга бериш ёки ўзгача равишда ўтказиш мумкин.

Йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таьминлаш мақсадида, 18 ёшга тўлмаган шахсларга автомототранспорт воситалари, 16 ёшга тўлмаган шахсларга мототранспорт воситалари ишончномаларини расмийлаштиришга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 мартдаги 38-сонли қарорига асосан жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, автомототранспорт воситалари билан боғлиқ жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида 2006 йил 1 июлдан бошлаб, автомототранспорт воситалари билан боғлиқ ишончномаларни нотариал тартибда тасдиқлаш фақат қатьий ҳисобда турадиган, ҳимоя даражасига, серияга, тартиб рақамига ва ҳудудий кодга эга бўлган гербли (махсус) бланкада расмийлаштирилади. Агар ишончнома биттадан ортиқ ишончли вакилга берилган тақдирда, у ишончли шахслар сони бўйича гербли бланкаларда расмийлаштирилади ва ҳар бир гербли бланка учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида герб йиғими ундирилади.

Яқин қариндошларга (ота-она, эр-хотин ва уларнинг ота-оналари, болалар ва уларнинг эр-хотинлари, ака-ука, опа-сингиллар, набиралар, жиянлар) автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни тасарруф қилиш билан боғлиқ ишончомаларни нотариал тасдиклаш чоғида энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида, бошқа шахсларга эса автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш учун энг кам ойлик иш ҳакининг беш баравари, тасарруф қилиш билан боғлик ишончномаларни расмийлаштиришда ўн баравари микдорида давлат божи ундирилади. Яқин қариндошлар ўртасида бу турдаги ишончномаларни расмийлаштиришда қариндошлик даражасини тасдиқловчи ҳужжатлар (туғилганлик гувоҳномаси, никох тузилганлиги хақидаги гувоҳнома кабилар) нотариусга такдим қилиниши лозим.

Ўзбекистонда истеьмол бозорини ҳимоя қилиш, автомототранспорт воситалари билан боғлик суистеьмолликларнинг олдини олиш мақсадида Ватанимизда ишлаб чиқарилган ва расмий диллерлардан харид қилинган кундан бошлаб, бир йилдан ошмаган енгил автомототранспорт воситаларини, шунингдек Ўзбекистон Республикасига хориждан олиб келинган, уларни импорт қилиш (олиб келиш )санасидан бир йилдан кам муддат ўтган янги енгил (ишлаб чиқилганига уч йил тўлмаган) автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни тасарруф қилиш билан боғлиқ ишончномаларни тасдиқлаганлик учун давлат божи ҳар бир от кучи учун энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида ундирилади (яқин қариндошларга бериладиган ишончномаларни тасдиқлаш бундан мустасно). Ушбу санани аниқ ҳисоблаш учун ИИВнинг ЙҲХХ органлари транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасида унинг расмий диллердан харид қилинган санаси (йил, ой, кун) тўлиқ кўрсатилиши лозим.

Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ ишончномалар ИИВ тегишли ДЙҲХХ органларида 10 (ўн) кун муддат ичида белгиланган тартибда ҳисобга қўйилиши шарт, мазкур талабни бажармаслик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилишга олиб келади. Бу ҳакда нотариус томонидан ишончнома матни ва тасдиқ ёзувида алоҳида қайд этилади.

Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ ишончномаларни расмийлаштириш учун ишончнома берувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, ҳарбий хизматчиларнинг шахсий гувоҳномалари, фуқаролиги бўлмаган шахс учун Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси кабилар) транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси, агар меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага асосан транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси берилган бўлса, меросга бўлган хуқуқ тўғрисидаги гувоҳномаси, агар ишончнома яқин қариндошлар ўртасида тузилаётган бўлса, қариндошликни тасдиқловчи ҳужжатлар нотариусга тақдим этилиши керак.

Автомототранспорт воситаларини тасарруф қилиш билан боғлиқ ишончномаларни тасдиқлашда ишончнома берувчининг эри (хотини) нинг мулкни тасарруф этишга оид аризаси олиниб, имзоси нотариал тасдиқланади. Агар эр ёки хотин ишончнома тсдиқланаётган вақтда нотариал идорага келмаган ҳолларда ишончнома матнида Оила кодексининг 23 ва 24-моддалари мазмуни тушунтирилганлиги ва тасдиқловчи ёзувда эса ишончнома берувчининг никоҳда туриши кўрсатилади. Бу қайдлар келгусида ушбу мулк билан боғлик низоларнинг олдини олишга ёрдам беради. Бундан ташқари мулкнинг тақиқда туриш-турмаслиги тақиқ ва хатлов базасини юритувчи тегишли давлат нотариал идораси томонидан текширилади..

Ишончномалар кўпи билан уч йил муддатга берилади. Агар ишончномада муддат кўрсатилмаган бўлса, у берилган кундан бошлаб бир йил мобайнида ўз кучини сақлайди. Берилган куни кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий ҳисобланмайди.

Ўз ваколатини бошка шахсга ишониб топшириш тартибида берилган ишончнома шундай ишониб топшириш ҳуқуқи кўрсатиб қўйилган асосий ишончномада кўрсатилган муддатдан ошмаган санагача тузилади.

Ишончнома муддатининг тамом бўлиши ишончнома берган шахснинг уни бекор қилиши, ишончнома берилган шахснинг уни бажаришдан бош тортиши, ишончнома берган шахснинг вафот этиши ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 141-моддасида назарда тутилган бошқа ҳоларда бекор бўлади.

Ишончнома берган шахс уни бекор бўлганлиги ҳақида ишончнома олган шахсни хабардор қилиши шарт.

Амалиётда айрим фуқаролар автомотототранспорт воситасини сотиб олган бўлсада, уни тегишли тартибда ўз номига расмийлаштиришдан эриниб, автомашинани амалда сотиб олганликларини нотариусдан яшириб, ишончнома тартибида ундан фойдаланиб юрадилар. Аммо вақт ўтиши билан транспорт воситаси эгасининг ўз фикрини ўзгартириши ёки унинг вафот этиб қолиши кейинчалик уни сотиб олиб, амалда ўз номига конуний расмийлаштириб олмаган фуқарога ушбу ҳолат турли муаммоларни келтириб чикаради. Жумладан, М. исмли фуқаро автомашина сотиб олган бўлса-да, уни ўз номига расмийлаштириб олмасдан, ишончнома воситасида автомашинадан фойдаланиб юрган, тақдир тақозоси билан автомашина эгаси вафот этгач, унинг меросхўрлари ушбу шахсдан автомашинанинг нархи ошганлигини баҳона қилиб, яна қўшимча ҳақ талаб қилишган.

Демак, ҳар бир нотариал ҳаракат унинг иштирокчилари бўлган шахслардан юксак масьулият ва ҳуқуқий маданиятни талаб қилади.

Д.Бозорова, Бухоро шаҳар 1-сон ДНИ катта нотариуси