Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Давлат хизматчиси – одоб ва ахлоқ намунаси бўлиши лозим

Дата: 17.03.2016    

Жамиятнинг турли босқич ва жараёнларида амалга ошириладиган ҳеч бир расмий, сиёсий, маданий, иқтисодий ва бошқа муносабатлар одоб қоидаларисиз амалга оширилмайди.

Ахлоқ-одоб қоидаларига қисқа таъриф берадиган бўлсак, бу жамият ҳаётининг барча қатламларида турли шаклларда намоён бўлувчи ҳуқуқий, ахлоқий, анъанавий ва шу каби одамларнинг хулқ-атвори, хатти-ҳаракатларига хизмат қилган қатъий нормалар, тавсиялар, талаблар йиғиндисидир.

Давлат хизматчиси аҳамият бериши лозим бўлган одоб қоидаларига тўхталадиган бўлсак, улар энг аввало ахлоқ нормаларига асосланади. Замонавий амалиётда давлат хизматчиларида қуйидаги жиҳатлар, яъни меҳнатсеварлик, пунктуаллик, хушмуомалалик, чуқур мулоҳазалик, тинглай олиш, беғараз ёрдам, буйруқ ва кўрсатмаларни ўз вақтида бажариш, ҳақгўйлик, аниқлик, адолатли қарор чиқариш ва шу кабилар ахлоқий сифатлар тааллуқлидир.

Бу борада жорий йилнинг 2 март куни Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши, давлат хизматчиларининг одоб ва ахлоқ доирасининг ҳуқуқий жиҳатдан янада аниқлаштириб, белгилаб берди.

Мазкур қарор билан Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари тасдиқланган бўлиб, унинг қисқача мазун-моҳияти қуйидагиларни ўз ичига олади.

Жумладан, Одоб-ахлоқ қоидалари давлат хизматчиларини юксак ҳуқуқий онг, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига қатъий риоя қилиш руҳида тарбиялашга ҳамда ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга, улар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга қаратилган бўлиб, улар ўз навбатида эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар давлат хизматчиларининг касбий одоб-ахлоқининг умумий принциплари ва хизматдаги хулқ-атворининг асосий қоидалари йиғиндисидан иборатдир.

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш давлат хизматчисининг касбий фаолиятини ва хизматдаги хулқ-атворини баҳолаш мезонларидан бири ҳисобланади.

Шу билан бирга, Одоб-ахлоқ қоидаларида давлат хизматчилари ўз касбий фаолиятини қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, ватанпарварлик ва хизмат бурчига фидоийлик, давлат ва жамият манфаатларига содиқлик, адолатлилик, ҳалоллик ва холислик, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик принциплари асосида амалга оширишлари кераклиги қайд этиб ўтилди.

Шунингдек, Одоб-ахлоқ қоидаларида давлат хизматчилари томонидан юқоридаги принциплар доирасида ўз касбий фаолиятини амалга оширишда қатъий мажбуриятлар белгилаб берилди.

Бундан ташқари, Одоб-ахлоқ қоидаларида давлат хизматчилари, шу жумладан раҳбар кадрларнинг ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан бирор-бир моддий бойликларни олиш ёхуд жисмоний ёки юридик шахслардан бошқача наф кўриш тақиқланиши, уларнинг коррупция ҳолатларига қарши курашиши ва бу илатнинг профилактикасига бевосита фаол кўмаклашиши шартлиги таъкидлаб ўтилди.

Шу ўринда раҳбарларга ҳам қатъий талаб кўрсатилиб, ушбу талабларга мувофиқ улар манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уларни тартибга солиш юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўриши, коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриши, ходимларни самарали бошқариши, ўзига ишониб топширилган мулкка ва молиявий маблағларга эҳтиёткорлик ва тежамкорлик билан муносабатда бўлиши шарт.

Одоб-ахлоқ қоидаларига кўра айнан раҳбар ўзига бўйсунувчи, хизматдаги хулқ-атвори принциплари ва қоидаларини бузаётган ходимларнинг хатти-ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) йўл қўйилмаслиги чораларини кўрмаганлиги учун жавоб беради.

Одоб-ахлоқ қоидаларида давлат хизматчилари хушмуомала, илтифотли, одобли, эътиборли, фуқаролар ва ҳамкасблари билан муносабатда сабр-тоқатли бўлиши, уларни ҳурмат қилиши шартлиги, давлат хизматчилари ўзига бўйсунувчиларга ва фуқароларга нисбатан қўполлик қилмаслиги, одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги, уларга асоссиз психологик ва жисмоний таъсир кўрсатиш ҳолатларига йўл қўймаслиги кераклиги, шунингдек хизмат вазифаларини бажариш чоғида иш шароитлари ва хизмат тадбирларининг шаклига боғлиқ ҳолда давлат хизматчиларининг ташқи кўриниши фуқароларнинг давлат органига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишига ёрдам бериши, умумий қабул қилинган иш услубига мувофиқ бўлиши, улар расмийлилиги, вазминлиги ва тартиблилиги билан бошқалардан ажралиб туриши кераклиги ҳам қатъий қоидалар сифатида киритилди.

Ҳаттоки, давлат хизматчилари хизматдан ташқари вақтда умумий қабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларига риоя этишлари, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслиги лозимлиги белгилаб берилди.

Шу билан бирга, Одоб-ахлоқ қоидаларига асосан давлат хизматчилари томонидан ўз хизмат вазифаларини бажаришда уларнинг шахсан ўзи ёки яқин қариндошлари, шунингдек улар яқин ёки ишбилармонлик муносабатларида бўладиган бошқа шахслар учун ҳар қандай наф кўриш ёки афзалликларга эга бўлишни ўз ичига оладиган манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган шахсий манфаатдорлик ҳолатларига йўл қўймасликлари керак.

Зеро, мазкур қоидаларда давлат хизматчилари томонидан юқорида санаб ўтилган барча одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилишига йўл қўйилиши, уларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкинлиги ҳам белгилаб қўйилди.

Хулоса сифатида айтиб ўтиш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги қарори билан тасдиқланган Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари республикамизда давлат хизматчиларининг ўз вазифаларини амалга оширишда риоя этиши лозим бўлган хулқ-атвор меъёрлари, ахлоқ ва одоб қоидаларини ўзида жамлаган, давлат хизматчилари учун дастуриламал ҳисобланган илк фундаментал норматив ҳужжат сифатида вужудга келди десак муболаға бўлмайди.

Х.Кличев, Адлия вазирлиги масъул ходими