Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг тутган ўрни

Дата: 24.03.2016    

Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг замирида “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” деган эзгу тамойил ўз ифодасини топган.

Унинг мақсади ҳокимият ваколатларининг бир қисмини марказдан маҳаллий ҳокимият, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамияти институтларига босқичма-босқич ўтказишдан иборатдир. Шубҳасиз, бундай чора-тадбирлар тегишли ҳудудда хусусий мулкни ривожлантириш, бу орқали аҳолини иш билан таъминлаш, истеъмол бозорини тўлдириш, ижтимоий инфратузилмани тараққий эттириш, одамларнинг фаровонлигини ошириш каби масалаларни маҳаллий ҳокимият ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ҳал этиш имконини беради.

Кўпгина юридик адабиётларда “фуқаролик жамияти” тушунчасига бир қатор, аммо деярли бир хил мазмундаги таърифлар берилганлигини кузатишимиз мумкин. Жумладан, фуқаролик жамияти жисмоний шахснинг давлат билан ўзаро ҳуқуқий боғлиқлиги бўлиб, шахс ўзининг ҳуқуқ ва эркинлигидан фойдаланишнинг чинакам қонун билан кафолатланган имкониятига эгалиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган тақдирда суд томонидан ҳимоя қилиниши, энг асосий вазифа - инсонларнинг қонуний манфаатлари ва эҳтиёжларини рўёбга чиқариш, фуқаролар билан давлатнинг ўзаро муносабатлари уларнинг ҳамкорлиги ва барча ижтимоий муаммоларни биргаликда ҳал этишлари йўли билан ривожланиши, фуқаролар ва давлат ўзаро ҳуқуқлар ҳамда мажбуриятлар билан боғлиқлиги, фуқаролар шахсий ҳаётининг муҳити давлатнинг аралашувидан муҳофазаланиши, инсоннинг эркинлиги ва иқтисодий мустақиллиги ҳамда хусусий мулкчиликнинг турли шакллари мавжудлиги билан таъминланиши орқали ифодаланади.

Умуман олганда, фуқаролик жамиятининг қуйидаги ўзига хос белгиларини алоҳида кўрсатиб ўтишимиз мумкин:

– мулкчилик шаклларининг хилма-хиллиги ва тенглиги;

– меҳнат ва тадбиркорликнинг эркинлиги ҳамда қонун орқали муҳофазаланиши;

– инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг янада мустаҳкамланиши;

– такомиллашган ўзини-ўзи бошқариш тизимининг мавжудлиги ва шу кабилар.

Такидлаш жоизки, кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятининг асосий фарқи, давлатнинг бир қатор вазифаларини маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, жамоат тузилмаларига ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига топширишида кўринади. Бу жараёнда давлат тасарруфида асосан конституциявий тузумни, мамлакатнинг ички ва ташқи мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа қобилиятини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, мулк эгаларининг ҳуқуқларини иқтисодий фаолият эркинлигини ҳимоя қилиш, самарали ташқи сиёсатни амалга ошириш каби вазифалар сақланиб қолиши керак.

Қолган барча вазифалар ва айниқса, биринчи навбатда, бозор ислоҳотларини амалга ошириш, тадбиркорликни рағбатлантириш, хусусий мулкни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш, истеъмол бозорини тўлдириш, ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш, одамларнинг моддий фаровонлигини ошириш ва аҳолини кучли ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари маҳаллий ҳокимият идоралари ҳамда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан ҳал этилиши керак. Айнан шу йўл билан биз фуқаролик жамиятини мустаҳкам асосларини барпо этишимиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 3-моддасига биноан, давлат халқ идродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Халқ ҳокимиятчилиги давлат органлари орқали ҳамда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари орқали амалга оширилади. Бундан ташқари, халқ ҳокимиятчилиги бевосита референдумлар, сайловлар ва халқ иродасини ифода этишнинг бошқа шакллари орқали ҳам амалга оширилади. Айнан маҳаллий, яъни фуқароларнинг ўзини-ўзи бшқариши даражасида фуқароларнинг бошқарувда иштирок этиш ҳуқуқи кўпроқ бевосита шаклда амалга оширилиши мумкин. Шунинг учун ҳам фуқаролар ўзини ўзи бошқаришининг ўзига хос хусусиятларидан бири шундаки, у бир вақтнинг ўзида фуқароларга ҳар томонлама яқин турган ва самарали бўлган бошқарувни таъминлаб беради.

Бу жараённинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида Президентимизнинг Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида қатор қонунчилик ташаббуслари илгари сурилди. Хусусан, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилиб, бунда маҳаллани аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш, шунингдек, унинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш тизимидаги вазифаларини янада кенгайтиришга жиддий эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланган эди.

Айтиш керакки, қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқиш­га аҳолининг кенг қатламлари жалб қилиниб, қонундаги муаммоли масалаларни ҳал этиш, концепциядаги вазифаларни амалга оширишга оид таклифларга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Адлия вазирлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамкорлигида ўтказилган 100 дан зиёд семинар ва давра суҳбатларида лойиҳа кенг муҳокама этилди. Шунингдек, фуқаролар йиғинлари раислари ва фаоллари, давлат органлари, турли ташкилотлар, фуқароларнинг 600 дан ортиқ таклифи умумлаштирилди. Энг муҳими, бу каби саъй-ҳаракатлар қонуннинг пишиқ-пухта бўлишида муҳим аҳамият касб этди.

2013 йил 22 апрелда янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Қонунда эски таҳрирдан фарқли ўлароқ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари аҳолининг ижтимоий ночор қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириши; бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари билан биргаликда ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган оилалар, ёлғиз пенсионерлар ва ногиронларни аниқлаши; ўз ҳудудида яшовчи фуқароларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиши билан боғлиқ нормалар белгиланган.

Шунингдек, ушбу қонун билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ўз ҳудудида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этилиши, коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича қўшимча ваколатлар берилиб, уларнинг шакл ва кафолатлари ҳам назарда тутилган. Бундан ташқари, унда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тегишли ҳудудда тадбиркорлик, жумладан, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида маслаҳат марказларини ташкил этишга ҳақли экани белгилаб қўйилди. Хусусан, унинг 17-моддасига биноан маслаҳат марказлари:

– тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилмоқчи бўлган, тегишли ҳудудда яшовчи фуқароларга иқтисодиёт, бухгалтерия ҳисоби, тадбиркорлик фаолияти ва со­лиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосларини ўргатиш бўйича қисқа муддатли курсларни ташкил этади, шунингдек, уларга тадбиркорлик субъектларига қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёз ва преференциялар ҳақида маълумот беради;

– бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари билан биргаликда ёшларнинг тегишли ҳудудда жойлашган корхона, муассаса ва ташкилотларга ишга жойлашишига, уларнинг ушбу корхона, муассаса ва ташкилотлар, шунингдек, ҳунармандларга бириктирилишига кўмаклашади;

– тегишли ҳудудда яшовчи фуқароларга тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишда, жумладан, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни тайёрлашда ёрдам беради;

– тегишли ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларига, жумладан, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик субъектларига қонун ҳужжатларида белгиланган им­тиёз ва преференциялардан фойдаланишда, тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида кредит олиш учун ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашади.

Ушбу моддада, шунингдек, маслаҳат марказлари фаолиятини ташкил қилишда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фуқаролар йиғини билан ҳамкорлиги ҳақидаги нормалар ҳам ўз ифодасини топган. Бир сўз билан айтганда, қонунга киритилган янги меъёрлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг роли ҳамда ваколатларини кучайтиришга хизмат қилади.

Маълумки, ҳозирга қадар фуқаролар йиғинларида саккизтадан ўн бештагача комиссия фаолият юритаётган эди. Бунда ягона амалиётни таъминлаш мақсадида қонунда яраштириш, маърифат ва маънавият, тадбиркорлик фаолияти ва оилавий бизнесни ривожлантириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар билан ишлаш, вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт, экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, тегишли ҳудуддаги муаммоларнинг долзарблигига қараб, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича бошқа комиссиялар ҳам тузилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Фуқаролар йиғини ҳудудида атроф-муҳит тозалигини сақлаш, ҳовли ва уйлар атрофидаги жойларни ободонлаштириш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган чора-тадбирларни ҳамда экологик назоратни амалга ошириш муҳимдир. Шу маънода экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш комиссия­си ташкил этилади. Ўз нав­батида, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, бунга кенг жамоатчилик вакилларини жалб этиш, фуқаролар йиғини кенгаши билан ҳамкорликда ёқилғи, электр ва иссиқлик энергияси ҳамда сувдан тежамли фойдаланиш, исрофгарчиликнинг олдини олишга қаратилган тадбирларни ўтказиш кабилар ушбу комиссия зиммасига юклатилмоқда.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида таъкидланганидек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институти – маҳалла фаолиятининг ташкилий асосларини янада такомиллаштириш, унинг вазифалари кўламини кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан яқин муносабатларини таъминлаш долзарб аҳамият касб этмоқда. Шундай экан, бу борадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, соҳага оид муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштириш кун тартибидаги муҳим масалалардан бири бўлиб қолаверади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамиятига ўтиш жараёнида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни ва ролини янада ошириш алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, кўзланган мақсадларга эришишда бу органларнинг ваколатларини босқичма-босқич такомиллаштириб бориш “ўзбек модели”нинг энг муҳим омили ҳисобланади.

Ф. Гулямов, Адлия вазирлиги бош маслаҳатчиси