Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Мустаҳкам оила жамият пойдевори

Дата: 24.03.2016    

Ватанимиз ривожланиши ва ислоҳотларнинг мувафаққияти кўп жиҳатдан халқнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданияти даражасига боғлиқдир. Аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлиги авваломбор, конституция ва қонунларга ҳурмат билан муносабатда бўлишни таъминлайди. Қонунга ҳурмат ҳар бир инсоннинг қалбидаги чуқур эътиқоди бўлмоғи лозим. У инсоннинг ёшлигидан бошлаб онгига сингиб, мустаҳкамланиб бориши керак. Бу ота-оналар, мактабгача тарбия муассасасалари, мактаблар, барча жамоат ташкилотлари, бутун жамиятнинг улкан, сермашаққат ишидир.

Ҳуқуқий маданиятни шакллантириш аввало оиладан бошланади. Ҳуқуқ ва мажбуриятлар борасида илк тушунчалар шаклланадиган, дунёқараш теранлашадиган маскан бу оиладир. Шунинг учун Республикамизда оила мустаҳкамлигига, унинг ҳуқуқий ҳимояси ва тарбиявий имкониятини оширишга катта аҳамият берилаётир.

Жамиятнинг асосий ижтимоий вазифаларидан бири бўлган соғлом авлодни тарбиялаш оила фаолияти билан чамбарчас боғлиқдир. Жисмонан соғлом, маънан кучли ва ақлан етук соғлом авлодни яратиш – оиланинг энг асосий ижтимоий вазифаларидан биридир.

Ота-она ўз боласини ахлоқий ва ҳуқуқий маданияти учун жамият олдида жавобгардир. Чунки болани дунёга келтиришдан кўра уни жамиятга нафи тегадиган, соғлом эътиқодли, солиҳ фарзанд қилиб тарбиялаш мушкулроқдир. Шунинг учун ҳам оилада соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни вужудга келтириш ва уни миллий ғоя руҳида мустаҳкамлаш давлат аҳамиятига молик масаладир. Негаки ижтимоий ҳаётда юз берадиган ўзгаришлар, ундаги ютуқ ва камчиликлар, салбий оқибатлар, мураккабликлар ва зиддиятлар оилада ўз аксини топади. Агар оиладаги муҳит соғлом бўлса, унда камол топаётган ёш авлод қалби ва руҳига миллий истиқлол ғояларини, қонун устуворлигини сингдириш учун қулай шароит яратилган бўлади. Бизнинг миллатимизга хос бўлган муомала маданияти, меҳр-оқибат, мурувват, андиша ва ор-номус каби туйғулар нафақат тарбия вазифасини, балки инсоний фазилатларнинг шаклланишида ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Оила жамиятнинг асосий ва табиий ҳужайраси яъни тарбия маскани бўлиб, жамиятимиз мана шундай катта-кичик оилалардан ташкил топган ва бу оилалар қанчалик мустаҳкам бўлса, келажакда мана шу оилаларда камолга етадиган ёш авлоднинг ҳам она ватанга, қолаверса, оилага садоқат ва меҳр-оқибатли бўлиш руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Л.Ботиров, Ромитан туман ФҲДЁ бўлими мудири