Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати принципини таъминлаш механизми

Дата: 28.03.2016    

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11-моддасида белгиланганидек, “Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади”. XVIII асрда француз маърифатпарвари Ш. Монтескье томонидан илгари сурилган мазкур принцип, қарийб уч асрдирки, демократиянинг энг муҳим мезонларидан бири бўлиб келмоқда.

Ҳокимиятлар бўлиниши принципининг моҳияти шундаки, сиёсий ҳокимиятнинг уч функцияси, яъни қонун чиқариш, ижро этиш ва одил судлов бир-биридан мустақил органлар томонидан амалга оширилиши керак. Давлат ҳокимияти тизимида ҳокимиятнинг уч тармоғи ҳам ўзаро мустақил фаолият кўрсатиши, шу билан бир қаторда, бир-бирини назорат қилиб бориши лозим. Бу, гўё, доира юзасининг учта тенг секторга бўлинишига ўхшайди: сегментларнинг ҳар бири икки томондан бошқа икки сегмент билан туташиб туради, шу орқали уларнинг ҳар бири доира юзасининг фақат ўзига берилган қисмини эгаллайди, бундан ҳар қандай четга чиқиш бошқа сегментлар томонидан чеклаб қўйилади.

Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституциясида давлат ҳокимияти органларининг ҳокимиятлар бўлиниши принципига асосланган тизими ташкил этилиши эълон қилинди: қонун чиқарувчи ҳокимият Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси томонидан, ижро этувчи ҳокимият Ўзбекистон Республикасининг Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан, суд ҳокимияти эса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик суди ва улар тизимига кирувчи судлар томонидан амалга оширилиши белгиланди.

2003 йил 24 апрелда ҳамда 2007 йил 11 апрелда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятининг ўзаро мустақиллигини, уларнинг ўз ваколатлари доирасида профессионал фаолият кўрсатишларини таъминлаш, давлат механизмида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимини шакллантиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда икки палатали парламент ташкил этилди, унинг қуйи палатаси бўлмиш Қонунчилик палатасига қонун ижодкорлиги билан профессионал асосда шуғулланиш вазифаси топширилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти эгаллаб турган Вазирлар Маҳкамаси Раиси лавозими тугатилди, Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини ташкил этиш ва унга раҳбарлик қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатларидан чиқарилиб, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг зиммасига юклатилди, Бош вазирни тайинлаш жараёнида Олий Мажлис палаталарининг, айниқса, Қонунчилик палатасидаги сиёсий партия фракцияларининг иштироки кенгайтирилди. Вазирлар Маҳкамаси аъзоларнинг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланиши тартиби жорий этилди.

Ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг янада самарали тизими қарор топишида Ўзбeкистoн Рeспубликaси Прeзидeнти Ислoм Кaримoвнинг 2010 йил 12 ноябрда Ўзбeкистoн Рeспубликaси Oлий Maжлиси Қoнунчилик пaлaтaси вa Сeнaтининг қўшмa мaжлисидa сўзлаган “Maмлaкaтимиздa дeмoкрaтик ислоҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ривoжлaнтириш концепцияси” номли мaърузaсида давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш соҳасида илгари сурилган таклифлар муҳим аҳамият касб этди. Бу таклифлар асосида дaвлaт ҳoкимиятининг учтa субъeкти, яъни дaвлaт бoшлиғи бўлгaн Прeзидeнт, қoнун чиқaрувчи вa ижрo этувчи ҳoкимиятлaр ўртaсидaги вaкoлaтлaрнинг янaдa мутaнoсиб тaқсимлaнишини тaъминлaшга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига (78, 80, 93, 96, 98-моддаларига) ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур қонунда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирини тайинлашнинг янги тартиби, шунингдек Бош вазирнинг Олий Мажлис палаталари олдида, айниқса, Қонунчилик палатаси олдидаги сиёсий жавобгарлигини кучайтириш, вилоятлар ҳокимларини ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимини Бош вазир тақдимига биноан Президент томонидан қонунга мувофиқ тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, Президент ўз вазифаларини бажара олмайдиган вазият юзага келган тақдирда унинг вазифа ва ваколатларини вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг зиммасига юклатиш каби механизмлар белгиланди.

2014 йил 16 апрелдаги ЎРҚ–366-сон “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги Қонун тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимини таъминлаш жараёнини янада юқори босқичга олиб чиқди. Хусусан, мазкур қонун билан жамоатчилик ва парламент назорати институтларини жорий этиш учун конституциявий асос яратилди, ижро этувчи ҳокимиятнинг вакиллик органлари олдидаги масъулияти янада оширилди.

Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда давлат ҳокимиятининг ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимига асосланган янада демократик механизми қарор топди. Мазкур механизмда ҳокимиятнинг ҳар уч тармоғи ўз вазифасини мустақил амалга ошириш ҳамда ҳокимиятлар мувозанатини таъминлашучун зарур ҳуқуқий таъсир чораларига эга бўлди.

Хусусан, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширувчи Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси қуйидаги ваколатларидан фойдаланган ҳолда ҳокимиятлар мувозанатини таъминлашга кўмаклашади:

1) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини, конституциявий қонунларини, қонунларини қабул қилиш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

2) Ўзбекистон Республикаси қонун чиқарувчи, ижро этувчи ҳамда суд ҳокимияти органларининг тизимини ва ваколатларини белгилаш;

3) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш, шунингдек мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш;

4) парламент назоратини амалга ошириш;

5) Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш ҳамда давлат стратегик дастурларини қабул қилиш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини назорат этиш;

4) Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида кўриб чиқиш учун масалалар киритиш.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ҳар икки палатаси ўз мақоми ва ваколатларидан келиб чиқиб, ўзаро тийиб туриш механизмида мустақил тартибда ҳам иштирок этади. Хусусан, Қонунчилик палатаси бу борада қуйидаги функцияларни амалга оширади:

1) Қонунчилик палатаси қонун ижодкорлиги соҳасида профессионал фаолият кўрсатади, қонунларни қабул қилиш жараёни марказий бўғин вазифасини бажаради. Чунки Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 84-моддасида белгиланган механизмга кўра, қонун Сенат ёки Президент томонидан қайтарилганда, қонун лойиҳасини уларга такроран кўриб чиқиш ёки имзолаш учун мумкин, лекин қонун Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинмаса, уни кучга киритишнинг бошқача тартиби мавжуд эмас;

2) Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилади;

3) Бoш вaзиргa нисбaтaн ишoнчсизлик вoтуми билдириш ҳaқидaги мaсaлa Ўзбeкистoн Рeспубликaси Oлий Maжлиси пaлaтaлaрининг қўшмa мaжлиси муҳoкaмaсигa Қoнунчилик пaлaтaси дeпутaтлaри умумий сoнининг кaмидa учдaн бир қисми тoмoнидaн Ўзбeкистoн Рeспубликaси Прeзидeнти нoмигa рaсмaн киритилгaн тaклиф бўйичa киритилaди;

4) Қонунчилик палатаси ва Қонунчилик палатаси депутати давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан парламент сўрови йўллашга ҳақли;

5) Қонунчилик палатасининг Спикери, Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат депутатлар гуруҳи Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масалалар киритиш ҳуқуқига эга.

Ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимидаҳудудий вакиллик палатаси ҳисобланадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳам муҳим ўрин тутади. Сенат бу механизмда қуйидаги функцияларни бажаради:

1) шакллантириш жараёни ва фаолияти сиёсий курашлардан ҳоли бўлган Сенат сиёсий партиялар ўртасидаги рақобат майдони ҳисобланадиган Қонунчилик палатасидан фарқли равишда популизмдан ҳоли бўлади. Шу сабабли, Сенат маъқуллаш ёки рад этиш орқали қонун сиёсий кураш воситасига айланиб қолишининг олдини олади;

2) Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторларнинг сони сенаторлар умумий сонининг тўртдан биригача бўлган миқдорда белгиланади. Сенатнинг бошқа аъзолари эса, одатда, ижро этувчи ҳокимият тизимида доимий фаолият кўрсатадилар. Шу сабабдан Сенат давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижроия органлари фаолиятини туташтириб турувчи бўғин ҳисобланади;

3) Сенат давлат ҳокимияти органларини шакллантириш жараёнида фаол иштирок этади, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини, Ўзбекистон Республикаси Олий судини, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судини сайлайди; Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раисини, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларини, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг раисини тайинлайди ва лавозимидан озод этади; Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорини, Ҳисоб палатаси раисини, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раисини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлайди;

4) мaмлaкaтнинг aмaлдaги Прeзидeнти ўз вaзифaлaрини бaжaрa oлмaйдигaн ҳoлaтлaрдa унинг вaзифa вa вaкoлaтлaри вaқтинчa Ўзбeкистoн Рeспубликaси Oлий Maжлиси Сeнaти Рaисининг зиммaсигa юклaтилaди;

5) Сенат ва Сенат аъзоси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан парламент сўрови йўллашга ҳақли;

6) Сенатнинг Раиси, Сенат аъзолари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат сенаторлар гуруҳи Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масалалар киритиш ҳуқуқига эга.

Давлат ҳокимиятининг иккинчи тармоғи – ижро этувчи ҳокимиятни Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси амалга оширади. Ҳокимиятлар бўлиниши принципига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ўзаро тийиб туриш механизмида қуйидаги функцияларни амалга оширади:

1) самарали иқтисодий, ижтимоий, молиявий, пул-кредит сиёсати юритилиши, фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлашни ҳамда иқтисодиётнинг ва ижтимоий соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши учун жавобгар бўлади, фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ишини мувофиқлаштиради ва йўналтиради, уларнинг фаолияти устидан қонунда белгиланган тартибда назоратни таъминлайди, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Олий Мажлис қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминлайди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ҳар йили мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан маърузалар тақдим этади;

2) Вазирлар Маҳкамаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти олдида жавобгардир. Амалдаги Вазирлар Маҳкамаси янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилади, бироқ Вазирлар Маҳкамасининг янги таркиби шакллантирилгунига қадар мамлакат Президентининг қарорига мувофиқ ўз фаолиятини давом эттириб туради.;

3) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг асосий кўрсаткичларини ва унга киритиладиган ўзгартишларни ишлаб чиқади ҳамда уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси кўриб чиқиши учун тақдим этади, давлат даромадларини камайтириш ёки давлат харажатларини кўпайтиришни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети моддалари бўйича ўзгартиришларни назарда тутувчи қонунларнинг лойиҳалари Қонунчилик палатасига улар юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг хулосаси бўлгандагина киритилади;

4) Вазирлар Маҳкамаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга. У конституциявий нормалар доирасида ва амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудидаги барча органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар ва фармойишлар чиқаради.

Давлат ҳокимиятининг учинчи тармоғи – суд ҳокимиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, умумий юрисдикция судлари ва хўжалик судлари амалга оширади. Суд ҳокимияти органлари ўзаро тийиб туриш механизмида қуйидаги функцияларни амалга оширадилар:

1) Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатлари Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўради;

2) Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва унинг тизимига кирувчи умумий юрисдикция судлари фуқаролик, жиноий ва маъмурий суд ишларини юритиб, хусусан, лозим бўлганда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари)ни, прокурорнинг аризаси бўйича ҳуқуқий ҳужжатларни ғайриқонуний деб топади;

3) Олий хўжалик суди ва хўжалик судлари мулкчиликнинг турли шаклларига асосланган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ўртасидаги, шунингдек тадбиркорлар ўртасидаги, иқтисодиёт соҳасида ва уни бошқариш жараёнида вужудга келадиган хўжалик низоларини ваколатлари доирасида ҳал этади;

4) Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик суди қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқ улар томонидан қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга оширилади.

Ҳокимиятлар бўлиниши принципига асосан, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти органлари ўзаро мустақилдирлар, лекин бу органлар давлат ҳокимиятининг ягона тизимини ташкил этади. Уларнинг фаолияти бир-бири билан узвий боғлиқ бўлиб, ўзаро ҳамкорлик асосига қурилади, давлат ҳокимиятининг ўз функцияларини самарали амалга ошириши учун эса, давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш талаб этилади. Бу омил Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат механизмида тутган ўрнини белгилаб беради: “Ўзбекистон Республикасининг Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди”.

Ҳокимият тормоқлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимини қарор топтиришда Президент билвосита ҳамда тўғридан тўғри иштирок этади. Бу механизмда Президентнинг билвосита иштироки қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти органлари фаолиятини ташкил этиш жараёнида ва унинг мазкур органлар фаолиятига доир бошқа ваколатларни амалга оширишида намоён бўлади (Сенат аъзоларининг бир қисмини, Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини, судьяларни тайинлаш, қонунларни имзолаш, Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида раислик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мамлакат ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишнинг энг муҳим масалалари юзасидан мурожаат қилиш ва ҳ.к.). Президентнинг ушбу ваколатларни амалга ошириши давлат ҳокимияти органлари фаолиятида уйғунликни, ягона мақсадга интилишни, шу орқали ўзаро мувофиқликни таъминлайди.

Ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимида Президентнинг тўғридан тўғри иштироки эса, унинг зарур ҳолларда давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги муносабатларда иштирок этишида намоён бўлади. Хусусан, Ўзбeкистoн Рeспубликaси Oлий Maжлиси Бoш вaзиргa нисбaтaн ишoнчсизлик вoтуми билдирган тақдирдa Ўзбeкистoн Рeспубликaси Прeзидeнти Ўзбeкистoн Рeспубликaси Бoш вaзирини лaвoзимидaн oзoд этиш бўйичa қaрoр қaбул қилaди ҳамда Қoнунчилик пaлaтaсидaги бaрчa сиёсий пaртиялaр фрaкциялaри билaн тeгишли мaслaҳaтлaшувлaр ўткaзилгaнидaн сўнг Ўзбeкистoн Рeспубликaси Oлий Maжлисининг пaлaтaлaригa кўриб чиқиш вa тaсдиқлaшгa тaқдим қилиш учун янги Бош вазир номзодини тaклиф этaди. Oлий Maжлис тoмoнидaн Бoш вaзир лaвoзимигa нoмзoд икки мaртa рaд этилгaн тaқдирдa Ўзбeкистoн Рeспубликaси Прeзидeнти Бoш вaзир вaзифaсини бaжaрувчини тaйинлaйди вa Ўзбeкистoн Рeспубликaси Oлий Maжлисини тaрқaтиб юбoрaди.

Шу билан бирга, ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимини таъминлаш бўйича тизимли тадбирлар узвий равишда давом эттирилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 25 июндаги Ф–4305-сон “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига тузатишларни амалга ошириш бўйича қонун ижодкорлиги ишлари дастури тўғрисида”ги Фармойишига асосан тегишли қонун ҳужжатларини қабул қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг давлат механизмини ўрганиш жараёнида шу нарса маълум бўладики, Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар давлат ҳокимияти тизимида ҳокимиятлар бўлиниши принципига мувофиқ, ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали механизми қарор топишига хизмат қилмоқда. Зеро, ушбу механизмнинг самарали ишлаши биз ўз олдимизга қўйган олий мақсад – инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг энг биринчи талабидир.

Элдор Ҳамроев, Адлия вазирлиги масъул ходимиÂ