Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Ногиронларни қўллаб-қувватлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг таҳлили

Дата: 28.03.2016    

Бозор механизмларини жорий этишдан олдин инсонларни ижтимоий ҳимоя қилиш тадбирлари амалга оширилмоғи лозим. Давлат ўз аҳолисини ҳимоя қила олган тақдирдагина инсонпарвар ҳисобланади. Давлат кишиларга, айниқса ёрдамга муҳтож бўлганларга, ижтимоий ночор қатламларга, етимлар, болалар, ўқувчилар, нафақахўрлар ва ногиронлар, ёлғиз оналар, кўп болали ва кам таъминланган оилаларга ўз вақтида ёрдам кўрсатиши керак.

Ислом Каримов

Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча соҳадаги ислоҳотлар мазмун-моҳияти билан инсонни улуғлашга, унинг шаъни, қадр-қимматини оширишга ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан қимматлидир.

Зеро, Асосий Қонунимизнинг 13-14-моддаларига асосан Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади.

Мустақилликнинг дастлабки даврларидан бошлаб мамлакатимизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтириш, айниқса аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисми бўлмиш ногиронларга ҳаётда тенг имконият ва шароитлар яратиб бериш масаласи долзарб масалалардан бирига айланди.

Шу мақсадда 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши ногиронларга уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришда бошқа барча фуқаролар билан тенг имкониятларга эга бўлиш, уларнинг турмуш фаолиятидаги чеклашларни бартараф этиш, ногиронларни тўлақонли ҳаёт кечиришларига, жамиятнинг иқтисодий ва сиёсий турмушида фаол қатнашишларига, ўзларининг фуқаролик бурчларини бажаришларига имкон берадиган қулай шарт-шароит яратишни таъминлашда замин яратди.

Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 11 июлдаги ЎРҚ-162-сонли “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунига мувофиқ янги таҳрирда қабул қилинди.

Янги таҳрирдаги Қонунда ногиронларнинг ижтимоий инфратузилма объектларига тўсқинликсиз кириши, транспортдан, алоқа ва ахборот воситаларидан тўсқинликсиз фойдаланиши учун шароитлар яратиш, уларни реабилитация қилиш, касбга тайёрлаш,  уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Жумладан, мазкур Қонуннинг 6-моддасида кўра ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бири этиб белгиланди.

Шу муносабат билан республикамизда ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида ягона институционал ва ҳуқуқий база яратилди, ногиронларга турли соҳаларда имтиёзлар белгилаб берилди.

Жумладан, “  Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасига асосан ногиронлар, шу жумладан ногирон болалар ва болаликдан ногиронлар тиббий-ижтимоий ёрдам олиш, куч-қувватни тиклашнинг барча турларидан фойдаланиш, дори-дармонлар, протез-ортопедия мосламалари, ҳаракатланиш воситалари билан имтиёзли асосларда таъминланиш, шунингдек касб-кор эгаллаш ва қайта тайёргарликдан ўтиш ҳуқуқига эга.

Ногиронлар давлат соғлиқни сақлаш тизими, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасаларида бепул тиббий-ижтимоий ёрдам олиш, ўз уйларида парвариш қилиниш, ўзганинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз ногиронлар ва сурункали руҳий хасталикларга чалинган ногиронлар эса ижтимоий таъминот муассасаларида яшаш ҳуқуқига эга.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 5 февралдаги 31-сонли “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг турғун даволаш-профилактика муассасаларида овқатланишни ташкил этиш ва унинг учун ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига кўра I ва II гуруҳ ногиронлари, болаликдан ногиронлар, 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар ҳамда Чернобиль АЭСидаги ҳалокат оқибатларини тугатишда қатнашган ногирон шахслар Тиббиёт муассасаларида овқатланиш тўловидан озод қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон қарори билан тасдиқланган  Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 9-бандига кўра  ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ҳам ногирон бўлган оилалар, ногирон боласи бўлган оилалар  болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олишда устунлик ҳуқуқига эга.

Шунингдек,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил  26 февралдаги ПФ-3214-сон Фармонига биноан болаликдан ногиронлар, ва II гуруҳ ногиронлари, 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобиль АЭСи фалокатини тугатишда иштирок этган шахслар жумласига кирувчи ногиронлар республика ихтисослаштирилган марказлари томонидан давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатишда имтиёзларга эга.

Бундан ташқари, қонун ҳужжатларида ногиронлар ташкилотлари, уларга давлат томонидан яратиб берилган имтиёзлар ва уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгилаб берилган.

“Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 32-моддасида ногиронлар ўзларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун бошқа фуқаролар билан тенг имкониятларни таъминлаш мақсадида ташкилотлар тузишлари мумкин.

Ушбу ташкилотлар эса нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида адлия органлари томонидан рўйхатдан ўтказилади.

Ҳозирда Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилган ва ногиронлар соҳасида фаолият олиб борувчи Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси, Ўзбекистон ногирон ишбилармон аёллар миллий ассоциацияси, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон карлар жамияти, Касб-ҳунар коллежлари, академик лицейларда таълим олаётган кам таъминланган оилаларнинг иқтидорли фарзандлари ва ногирон болаларни моддий қўллаб-қувватлаш “Меҳр ва мурувват” жамоат фонди, Ўзбекистондаги фалаж ногирон болалар ва ўсмирларга ёрдам бериш “Умр” жамоатчилик маркази каби ташкилотлар ва уларнинг ҳудудларда бўлимлари фаолият олиб бормоқда.

Мамлакатимизда бундай ташкилотларнинг эмин эркин фаолият юритиши учун барча имкониятлар яратиб берилган ва ушбу ташкилотларнинг олиб бораётган фаолиятлари ҳам эътибордан четда қолмайди.

Жумладан, ҳар йили ногиронларни ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритувчи бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотларининг аҳамиятга молик лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг айнан ногиронлар масалалалари бўйича ижтимоий йўналишдаги сиёсатининг ишлаб чиқилишида ва унинг амалга ошишида кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳузурида ногиронлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи ва ННТлар ҳаракатларини бирлаштирувчи маслаҳат кенгаши фаолияти йўлга қўйилган.

Янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасига биноан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ногиронлар жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун махсус жисмоний тарбия-соғломлаштириш, спорт иншоотлари яратилишини ҳамда умумий фойдаланишдаги иншоотларда бошқа шарт-шароитлар яратиб берилишини таъминлайдилар.

Қонун ҳужжатларида ногиронларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор берилади. Хусусан, янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 24-25-моддаларига кўра ногиронлиги туфайли ногирон билан меҳнат шартномаси тузишни ёки иш юзасидан уни юқори лавозимга кўтаришни рад этишга, у билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга, ногиронни унинг розилигисиз бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилмайди, тиббий-ижтимоий экспертизанинг хулосасига кўра ногироннинг соғлиғи касб вазифаларини бажаришга монелик қилган ёки ногироннинг ёхуд бошқа шахсларнинг соғлиғи ва меҳнат хавфсизлигига таҳдид қилган ҳоллар бундан мустасно. Ногирон ўз меҳнат қобилиятини тиклаганидан кейин илгариги ишига ёки шунга тенг ишга жойлашиш ҳуқуқига эга.

Ходимларининг сони йигирма кишидан ортиқ бўлган корхоналарда, муассасалар ва ташкилотларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ногиронларни ишга жойлаштириш учун ходимлар сонининг камида уч фоизи миқдорида иш жойларининг энг кам сонини белгилайди ва захирада сақлайди.

Иш ўринларини банд қилиб қўйиш шартлари ва тартиби эса Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли “Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан белгиланган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 августдаги 237-сонли “Кексалар ва ногиронларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшаётган ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронларга ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш якка тартибда шакллантириладиган ижтимоий хизматлар дастури асосида амалга ошириш тартиби ўрнатилди.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, Меҳнат вазирлиги маълумотларига кўра Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 30 майдаги “2011-2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1542-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2015 йилда туман ва шаҳар бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан 2174 нафар имконияти чекланган фуқаролар ногиронлар аравачаси, 852 нафари эшитиш мосламаси, 1695 нафари ҳасса ва 999 нафари қўлтиқтаёқ билан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул таъминланган.

Шунингдек, ёлғиз кекса, пенсионер ва ногиронлардан 15,9 минг нафари уйида ижтимоий хизмат кўрсатишга муҳтож деб топилиб, уларга 2 минг нафардан зиёд ижтимоий ходимлар, шунингдек, Қизил Ярим ой жамиятининг меҳр-шафқат ҳамширалари бириктирилиб, уйида ижтимоий хизмат кўрсатиш билан тўлиқ қамраб олинган. Республика бўйича фаолият кўрсатаётган 124 та ижара пунктлари орқали фуқароларнинг реабилитация техник воситалари (ногирон аравачаси, эшитиш мосламалари, хасса, қўлтиқ-таёқлар, ходуноклар ва бошқа х.қ)га бўлган эҳтиёжлари ушбу маҳсулотларни ижарага бериш йўли билан қондирилган. Жумладан, 1904 нафар фуқарога реабилитация техник воситаларини ижарага бериш йўли билан хизмат кўрсатилган.

1011 нафар ёлғиз кекса, пенсионер ва ногиронлар Меҳнат вазирлиги тизимидаги ҳамда Касаба уюшмаси федерациясига қарашли ва бошқа санаторияларда соғломлаштирилган. 8 минг нафарга яқин ёлғиз пенсионер ва ногиронларнинг газета ва журналларга бепул обунаси ташкил этилган.

Юқоридаги ҳолатлар Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг мавжуд барқарор механизми яратилганлигидан, жамиятнинг ҳимояга муҳтож қатламлари, айниқса, ёлғиз кекса-қариялар, ногиронларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш давлатнинг муҳим мақсадларидан бир эканлиги билан изоҳланади. Мамлакатдаги ижтимоий ислоҳотлар асосини ташкил қилувчи аҳолининг муайян қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишнинг самарали тизимига ўтилиши эса иқтисодий тараққиётнинг стратегик мақсадларига мос келади.

Албатта, юртимизда ногиронларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, уларга ҳаётда тенг имкониятлар яратиб бериш ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масаласи бундан буён ҳам долзарб масалалардан бўлиб қолади.

Зикрилло Махмудов, Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари