Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари – коррупцияга қарши курашнинг муҳим омили

Дата: 29.03.2016    

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 2 март кунидаги қарори билан тасдиқланган Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари қабул қилиниши давлат хизматининг сифат жиҳатдан юқори босиқчга кўтарилишига, соҳада суиистеъмолликлар содир этилишини олдини олишга, фуқаролар олдида давлат хизматчиларининг масъуллиги ошишига йўналтирилган.

Давлат хизматчиларининг ўз фаолиятида амал қилиши лозим бўлган одоб-ахлоқ қоидаларини билмаслиги, уларнинг аниқ баён этилмаслиги ва бундай турдаги қоидаларнинг амал қилиниши устидан лозим даражадаги назоратнинг йўқлиги давлат хизмати соҳасида суистеъмоллик ва коррупция ҳолатлари келиб чиқишининг асосий сабабларидан бири дейишимиз мумкин. Криминология соҳасидаги мутахассислар фикрича жамиятда корупциянинг асосий манбаи айнан нопок мансабдор шахслар ҳисобланади. Бу соҳадаги олимлардан Б.В.Волженкин коррупцияни кенг маънода давлат ва жамиятнинг бошқарув аппаратини издан чиқарувчи, ҳокимиятнинг ахлоқий бузилишида, мансабдор шахсларнинг ўзларининг хизмат мавқеиларидан ғаразли мақсадларда шахсий манфаатларида фойдаланишида ифодаланган ҳодисадир деб ифодалаган эди.

Одоб-ахлоқ қоидаларида давлат хизматчилари ўз касбий фаолиятида амал қилиши лозим бўлган принциплар, мажбуриятлар белгилаб қўйилган бўлиб, улар давлат хизмати соҳасида бевосита ва билвосита коррупциявий қилмишларни олдини олишга йўналтирилган, дейишимиз мумкин. Хусусан, мазкур қоидаларга кўра давлат хизматчилари ўз касбий фаолиятида адолатлилик, ҳалоллик ва холислик, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик принципларига амал қилиши лозим. Шу билан бирга, давлат хизматчиларининг мажбуриятлари сифатида ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилувчи бирор-бир шахсий, мулкий ва бошқа манфаатларнинг таъсири билан боғлиқ бўлган хатти-ҳаракатларга барҳам бериш, ўзларининг хизмат вазифаларини виждонан бажаришда шубҳа пайдо қилиши мумкин бўлган хулқ-атвордан ўзини тийиш, хизмат мавқеидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек фуқаролар фаолиятига ноқонуний таъсир кўрсатиш учун фойдаланмаслик кўрсатилган.

Одоб-ахлоқ қоидаларига кўра давлат хизматчилари ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини уларни ҳуқуқбузарликлар содир этишга оғдириш мақсадида бирор-бир шахсларнинг қилган мурожаатларининг барча ҳолатлари тўғрисида, шунингдек бошқа давлат хизматчилари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлган ҳар қандай ҳолатлари ҳақида хабардор қилиши лозим.

Мазкур ҳужжатда давлат хизматидаги раҳбар шахсларнинг ҳам бир қатор мажбуриятлари белгиланган. Хусусан, раҳбар ўзига бўйсунувчи ходимларга нисбатан юқори профессионализм, софлик ва адолатда ўрнак бўлиши, давлат органида ёхуд унинг таркибий ёки ҳудудий бўлинмасида маънавий-психологик муҳит шаклланишига кўмаклашиши лозим, у бўйсунувчи ходимлардан уларнинг хизмат вазифалари доирасидан чиқиб кетадиган топшириқларни бажаришини талаб қилмаслиги, шунингдек қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни содир этишга ундамаслиги керак.

Раҳбар кадрларни қариндошлик, ҳамшаҳарлик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича танлаш ва жой-жойига қўйиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак. У гуруҳбозлик, маҳаллийчилик, фаворитизм кўринишларининг, шунингдек ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёнида бошқа салбий омилларнинг қатъий равишда олдини олиши лозим. Шу билан бирга, раҳбар манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уларни тартибга солиш юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўриши, коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриши шарт. Раҳбар ўзига бўйсунувчи, хизматдаги хулқ-атвори принциплари ва қоидаларини бузаётган ходимларнинг хатти-ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) йўл қўйилмаслиги чораларини кўрмаганлиги учун жавоб беради.

Ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амалиётда ишлаши унинг ишлаш механизми қанчалик таъминланганлигига боғлиқ. Одоб-ахлоқ намунавий қоидаларида ушбу қоидаларни бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи алоҳида боб мавжуд бўлиб, унда қоидаларнинг самарали ижроси ва назоратини таъминлашга қаратилган нормалар киритилган. Буларга мисол қилиб қуйидагиларни келтириш мумкин:

давлат хизматчиси томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши аттестациялар ўтказишда, юқори ва бошқа лавозимларга тайинлаш учун кадрлар захирасини шакллантиришда ҳисобга олинади;

Одоб-ахлоқ қоидалари нормаларининг бузилишлари махсус таркибий бўлинма ёки Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқилади;

Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши ҳолатларини махсус таркибий бўлинма ёки Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқиш натижалари бўйича интизомий ёки бошқача тарздаги қоида бузилишларининг мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) тўғрисида хулоса чиқарилади. Айни вақтда давлат органи раҳбарининг кўриб чиқишига қоидалар бузилишини содир этган давлат хизматчисини жавобгарликка тортиш тўғрисида таклиф киритилади. Йўл қўйилган қоида бузилишининг характерини ҳисобга олган ҳолда, Одоб-ахлоқ комиссияси давлат хизматчисига нисбатан Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилишига йўл қўймаслик тўғрисидаги огоҳлантириш билан чекланиши мумкин.

Қайд этилган Ҳукумат қарори билан Республика давлат бошқаруви органлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларига икки ой муддатда ўз фаолияти хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, Одоб-ахлоқ қоидалари асосида марказий аппарат, ҳудудий ва таркибий бўлинмалар ходимлари учун мажбурий бўлган ходимларнинг идоравий одоб-ахлоқ қоидаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш; Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги низомни ва унинг шахсий таркибини тасдиқлаш юклатилган. Бунда ходимларнинг тасдиқланадиган идоравий одоб-ахлоқ қоидалари Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига зид бўлиши ёки улардан паст даражадаги талабларни назарда тутиши мумкин эмаслиги кўрсатилган. Бундан давлат органлари ўзларининг ички қоидаларида намунавий қоидаларда баён қилинган талабларга нисбатан ҳам юқорироқ ва жиддийроқ қоидаларни одоб-ахлоққа тааллуқли давлат хизматчисининг иш фаолиятига боғлиқ белгилаши мумкинлиги келиб чиқади. Фикримизча бунда давлат органлари идоравий одоб-ақлоқ қоидаларини белгилашда корруцпиявий қилмишлар вужудга келишини олдини олишга йўналтирилган талабларни аниқлаштириш ва кучайтириши ва одоб-ахлоқнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланган кийиниш маданиятига боғлиқ қоидаларни ҳам бу ҳужжатда мустаҳкамлаб қўйиши мақсадга мувофиқ.

Худоёр Мелиев Адлия вазирлиги масъул ходими