Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Хотин-қизлар ҳуқуқларининг кафолатлари

Дата: 30.03.2016    

Маълумки, ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади.

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги биринчи қадамларидан бири бу – 1995 йилда БМТнинг “Аёлларга нисбатан камситишнинг ҳар қандай шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги Конвенциянинг ратификация қилиниши бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари аниқ белгилаб берилган бўлиб, Оила кодексида уларнинг оилавий ҳуқуқлари, Фуқаролик кодексида ҳар бир инсоннинг меросга ворислик ва бошқа ҳуқуқлари, Меҳнат кодексида эса хотин-қизлар меҳнатига оид ижтимоий имтиёзлар батафсил ёритилган.

Шуни таъкидлаш лозимки, “Аёлларга қўшимча имтиёзлар бериш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши, “Оила йили”, “Аёллар йили”, “Она ва бола йили”, “Соғлом авлод йили”, “Сиҳат-саломатлик йили”, шунингдек, ушбу ислоҳотларнинг давоми сифатида жорий йилнинг “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши Ўзбекистон аёллари ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлди.

Ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистон давлати таълим соҳасида, соғлиқни сақлаш, шунингдек, аёлларга ғамхўрлик қилиш билан боғлиқ масалаларда катта ютуқларга эришди. Бунинг яққол мисоли сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Дастури қабул қилинганлигини таъкидлаш ўринлидир.

Ўзбекистон бошқа ривожланган давлатлар каби хотин-қизлар ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланишига алоҳида эътибор бериб келаётганини халқаро ҳамжамият ҳам эътироф этмоқда.

Конституциямизнинг 46-моддасида “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар” деб белгиланган. Ушбу нормада белгиланган қоидаларни мамлакатимизда демократик ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда хотин-қизларнинг фаол иштирокида кўриш мумкин. Улар нафақат ҳуқуқ ва эркинликларга, балки Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларда иштирок этиш имкониятларига ҳам эгадирлар.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган ташкилотларнинг аксарият қисмида, аёлларнинг фаол иштирокини кузатиш мумкин. Қолаверса, мамлакатимизда аёлларнинг жамиятда тутган ўрни, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган жамоат ташкилотларининг энг нуфузлиларидан бири хотин-қизлар қўмиталаридир.

Шунингдек, мамлакатимизда муҳим аҳамият касб этиб келаётган ташкилотлардан “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, аёлларнинг сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида тузилган нодавлат, нотижорат ташкилотлар фаолияти юқоридаги фикримизнинг ёрқин далилидир.

Юқорида келтирилган фикрлардан хулоса чиқарган ҳолда шуни айтишимиз мумкинки, қайси жамиятда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ таъминланган, уларнинг ижтимоий мавқеи ва жамиятдаги ўрнига юксак эътибор қаратилган бўлса, ўша жамиятда ривожланиш бўлаверади. Шундай экан, жамиятда аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш борасидаги ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар ватанимизнинг ҳар бир зиёлисининг кундалик режасидан чуқур ўрин эгалламоғи лозим.

Г.Асланова, Бухоро шаҳар 5-сон ДНИ нотариуси