Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун-моҳияти

Дата: 30.03.2016    

Мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, халқимизнинг соғлом ва узоқ умр кечиришини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. 2016 йил 5 январда кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонуни соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришда алоҳида аҳамият касб этади.

Бугунги кунда мамлакатимизда юздан зиёд фармацевтика корхонаси фаолият юритмоқда. Ўттизга яқин корхонада халқаро сифатни бошқариш тизими жорий этилган. Соҳага йўналтирилаётган чет эл инвестициялари ҳажми йилдан-йилга ортиб, халқимизни сифатли дори билан таъминлаш, фармацевтика саноатини янада ривожлантириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимиз фармацевтика саноати ички бозорнинг учдан бир қисмини маҳаллий дори воситалари билан таъминламоқда. Фармацевтика корхоналари томонидан 90 фармакотерапевтик гуруҳларга мансуб 1800 га яқин дори воситаси ишлаб чиқарилмоқда.

Фармацевтика саноати изчил тараққий этаётгани, дори воситалари муомаласи, улардан тиббиётда фойдаланиш жараёнларида кўплаб янгиликлар юзага келаётгани соҳадаги қонунчиликни такомиллаштиришни тақозо этди. Шу мақсадда ривожланган мамлакатларнинг ушбу йўналишдаги қонунчилиги пухта ўрганилиб, мамлакатимизда ушбу йўналишда орттирилган илғор тажрибалар атрофлича таҳлил этилган ҳолда ва шу асосда қабул қилинган янги таҳрирдаги қонунда кўплаб янги меъёрлар жорий этилган.

Қонунда асосий тушунчалар умумэътироф этилган меъёрлардан келиб чиқиб такомиллаштирилди ва замонавий тиббиётда ишлатилаётган янги тушунчалар билан бойитилди. “Ножўя реакция” деган тушунча бунга мисол. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, дунёда дори воситаларининг ножўя реакциялари оқибатида содир бўлган ўлим ўлим ҳолатлари орасида тўртинчи ўринни эгаллайди. Шу боис бундай муаммога қарши курашишнинг мақбул йўлларини топиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигига ўз вақтида маълумот етказиш тизими йўлга қўйилган.

Ушбу фаолиятнинг қонуний асосларини яратиш мақсадида қонунчиликка “ножўя реакция” тушунчаси киритилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигига дори воситаларининг ножўя таъсирини аниқлаш, баҳолаш ва олдини олиш билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш вазифаси юкланди. Бу соғлиқни сақлаш тизимида, соҳага алоқадор барча юридик шахслар билан қонуний иш олиб бориш, ножўя реакцияларни ўз вақтида аниқлаш ва инсон саломатлигини сақлаш йўлида тегишли қарорлар қабул қилиш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Бундан ташқари, сифатсиз дори воситаси тушунчаси ва қалбакилаштирилган дори воситаси тушунчаси тиббий буюм тушунчаси билан тўлдирилди. Тиббиёт амалиётида нафақат сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситалари, балки сифатсиз ёки қалбакилаштирилган тиббий буюмлар ҳам учраши мумкинлиги ҳисобга олинган ҳолда, шунингдек Жиноят кодексининг 1863-моддаси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1651-моддаси билан мувофиқлаштириш мақсадида мазкур ўзгартиришлар амалга оширилди.

Қонунда эски таҳрирдаги қонундан фарқли ўлароқ, “доривор ўсимлик хом ашёси” ва “тиббий техника” тушунчалари билан тўлдирилди. Қонунга кўра, доривор ўсимлик хом ашёси деганда, дори воситаларини ишлаб чиқариш ва тайёрлаш учун фойдаланиладиган, таркибида биологик фаол моддалар бўлган ўсимликлар ёки уларнинг қисмлари тушунилади.

Тиббий техника деганда эса, касалликлар профилактикаси, уларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш учун, шунингдек одам организмининг ҳолати ва функцияларини аниқлаш ҳамда ўзгартириш учун тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган аппаратлар, ускуналар, приборлар, асбоблар, қурилмалар ва мажмуалар тушунилади.

Айрим хорижий мамлакатларда, хусусан АҚШ, Канада, Япония ва Финляндиянинг мазкур соҳодаги қонунчилигида тиббий техника ибораси ишлатилган. Тиббий буюмлар ва тиббий техникаларсиз бугунги кунда тиббиёт соҳасини тасаввур қилиш қийин. Дори воситаларининг, тиббий буюмларнинг ва тиббий техниканинг тиббиёт амалиётида қўлланилишига, қоида тариқасида, улар давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин рухсат этилади. Дори воситалари, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг янги комбинациялари, илгари Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган, лекин бошқача дори шаклларида, дозаларда ёки бошқа ишлаб чиқарувчи томонидан ишлаб чиқарилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларни давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин амалиётида қўлланилишига рухсат этилади.

Дори воситаларини, тиббий буюмларни ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Қонунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг дори воситалари ва тиббий буюмлар муомаласи соҳасидаги ваколатлари ҳам аниқ ва батафсил ёритиб берилди. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг дори воситалари, тиббий буюмлар муомаласи, ушбу фаолиятни техник жиҳатдан тартибга солиш, дори воситалари, тиббий буюмлар хавфсизлигига тааллуқли меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш каби бир қатор долзарб вазифаларга доир ваколатлари кенгайтирилди. Дори воситаларининг сифати ва хавфсизлиги, фармацевтика фаолияти устидан давлат назоратини амалга ошириши белгиланди. Бундан мақсад инсон саломатлигини муҳофазалашга оид чора-тадбирларни тизимли равишда ташкил этиш, дори воситаларининг хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлаш, қалбакилаштирилган дори воситалари тарқалишининг олдини олишдир.

Мазкур Қонуннинг 4-боби фармацевтика фаолияти деб номланиб, унда ушбу фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ барча механизмлар яратилган. Эски таҳрирдаги Қонунда эса, ушбу фаолият назарда тутилмаган эди. Мазкур Қонуннинг 15-моддасига асосан, фармацевтика фаолиятининг йўналишлари қуйидагилардан иборат:

– дори воситаларини ва тиббий буюмларни яратиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари;

– дори воситаларини ва тиббий буюмларни ишлаб чиқариш;

– дори воситаларининг ва тиббий буюмларнинг сифатини назорат қилиш;

– дори воситаларини ва тиббий буюмларни улгуржи реализация қилиш;

– дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш;

– дори воситаларини ва тиббий буюмларни тайёрлаш;

– доривор ўсимлик хом ашёсини қадоқлаш ва улгуржи реализация қилиш.

Фармацевтика фаолияти Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда бериладиган лицензия асосида амалга оширилади.

Фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун лицензия беш йил муддатга берилади. Лицензия фақат лицензия даъвогарининг аризасига кўра беш йилдан кам муддатга берилиши мумкин. Лицензиянинг амал қилиш муддати лицензиатнинг аризасига кўра узайтирилиши мумкин.

Бугунги кунда мамлакатимизда дорихоналар тармоғи ҳам ривожланмоқда. Дорихоналарнинг аксарияти хусусий тармоқ улушига тўғри келаётгани бу соҳада тадбиркорлик жадал ривожланаётганидан далолат. Бугунги кунда замонавий андозалар даражасида барпо этилган дорихоналар халқимизга самарали хизмат кўрсатмоқда. Ушбу масканларнинг инсон саломатлигини асрашдаги аҳамияти эътиборга олиниб, Қонунга «Дорихона» деб номланган модда киритилди. Ушбу моддада дорихонанинг ваколатлари, уни бошқариш, фаолиятига қўйилган шартлар ва уларни назорат қилиш билан боғлиқ меъёрлар ўз ифодасини топди.

Шу кунгача дорихоналарни фақат олий маълумотли фармацевт бошқаришига рухсат берилар эди. Мамлакатимизда ўрта махсус таълим тизимининг ривожланиши бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш заруратини юзага келтирди. Чунки айни пайтда тиббиёт коллежларида соғлиқни сақлашнинг турли йўналиши билан бир қаторда фармацевтика соҳаси учун ҳам малакали мутахассислар тайёрланмоқда. Жаҳон андозалари даражасида таълим олган, замонавий тиббиёт ютуқларини пухта эгаллаган бундай мутахассисларнинг соҳа ривожида ўз ўрнига эга эканини ҳаёт кўрсатмоқда. Ушбу ёшларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш соҳа тараққиётини белгиловчи муҳим мезондир. Шу жиҳатлар инобатга олиниб, янги Қонун дорихона филиалининг мудири фармацевтик маълумотга эга бўлиши етарли этиб белгиланди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, янги таҳрирдаги Қонун мамлакатимизда ижтимоий масалаларни ҳал этилишига, аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлашга, аҳолини безарар ва самарадор бўлган дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлашда, шу билан бирга тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.

Б. Джалилов, Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси катта маслаҳатчиси