Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Ёшлар бандлиги доимий эътиборимизда бўлиши керак

Дата: 31.03.2016    

Ўзбекистонда ёшлар, яъни 30 ёшгача бўлганлар сони аҳолининг 60 фоиздан ортиғини ташкил этади. Бу, бир томондан, давлатимиз зиммасига улкан масъулият юкласа, иккинчи томондан, катта имкониятлар эшигини ҳам очади. Мамлакатимиз аҳолиси ҳар йили салкам ярим миллионга кўпаяётганини, меҳнат бозорига ҳам йилига шунча янги ишчи кучи кириб келаётганини ҳисобга олсак, бу борадаги вазифалар кўламини тасаввур қилиш қийин эмас.

Шу маънода ёшларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусан, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш каби масалаларга давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тегишли дастурлар асосида яратилаётган янги иш ўринларининг катта қисми битирувчилар учун квоталаниб қўйилаётгани ҳам юқоридаги фикримизни тасдиқлайди.

Иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш соҳасининг юқори суръатлар билан барқарор ўсиши биз учун энг муҳим устувор йўналиш бўлган – аҳоли бандлигини таъминлаш, авваламбор, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштириш учун зарур шароитлар яратди.

2015 йилда мамлакатимизда 980 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил қилинган бўлса, шунинг 60 фоиздан зиёди қишлоқ жойларда яратилди.

Коллежларнинг 480 мингдан ортиқ битирувчиси иш билан таъминланди. Шуниси қувонарлики, ёшларимиз орасида келажагини кичик бизнесда кўраётганлар сафи йилдан-йилга кўпайиб бораяпти. Бу борада манфаатдор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган бизнес ғоялар танловларининг ғолибларига ажратилаётган имтиёзли кредитлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Масалан, тижорат банклари томонидан уларга ўз бизнесини ташкил қилиш учун 280 миллиард сўмга яқин имтиёзли кредитлар ажратилди ва бу 2014 йилга нисбатан 1,3 баробар кўпдир.

Мамлакатимизда бу бўйича жуда кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, уларда белгиланган вазифалар ижроси қатъий назоратга олинмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 мартдаги 52-сонли “Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2015 йил 3 июндаги 145-сонли “2015/2016 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.

Бундан ташқари, 2015 йилнинг бошида эълон қилинган Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурида аҳоли бандлигини таъминлаш, энг аввало, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш учун янада кенг шарт-шароитлар яратиш бундан кейин ҳам энг муҳим ва долзарб вазифалардан бири бўлиб қолиши қайд этилган.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, лицей ва коллеж битирувчиларини эгаллаган мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд этилган “Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ёшларни иш билан таъминлаш жараёнлари қамровини янада кенгайтириш билан боғлиқ бир қатор муҳим масалалар кўзда тутилиши билан бирга,­ айрим мутасадди раҳбарларнинг ушбу вазифалар ижро­сига эътиборсизлик билан ёндашиш ҳолатлари ҳам кузатилаётгани, масалан, ишга жойлашган деб ҳисобот берилган битирувчилардан баъзилари ишга олинмагани ёки уларга меҳнат дафтарчалари очилмаганига эътибор қаратилган.

Вазирлар Маҳкамасининг “2015/2016 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарорида умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини коллеж ва лицейларга тўлиқ қамраб олиш, талаб юқори бўлган касблар­ бўйича ўрта махсус­ маълумотли мутахассисларни­ тайёр­лашни таъминлашга доир қатор чора-тадбирлар белги­ланиши билан бирга, ушбу йўналишдаги ишлар таҳлил қилинган. Ма­салан, Сурхондарё, Сирдарё, Жиззах вилоятлари ва Қо­рақалпоғис­тон Республикасида битирувчилар мутахассислиги бўйича эмас, балки бошқа соҳалардаги ишларга­ жойлаштирилган ҳолатлар энг кўп қайд этилган.

Шунга ўхшаш камчиликларни бартараф этиш учун манфаатдор вазирлик ва идоралар, ишлаб чиқариш соҳаси субъектлари ҳамкорлигида ҳудудий инвестиция лойиҳаларидан келиб чиққан ҳолда 2018 йилда янги иш ўринлари яратиш юзасидан баланс ҳисоб-китоблари амалга оширилган. Шунингдек, 2015–2016-ўқув йилидан бошлаб 35 та коллежни улардаги касблар ва мутахассисликларни кенгайтириш, бирхиллаштириш ҳамда қайта ихтисослаштириш бўйича кенг кўламли­ ишлар амалга оширилди.

Бунда сўнгги йилларда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш таҳлили, меҳнат бозорининг жадал ўзгараётгани ҳисобга олиниб, ўқувчиларни иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида талаб юқори бўлган мутахассислик­ларга ўқитиш белгиланди.

Коллеж битирувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш, аниқ ташкилотларга — иш берувчиларга бириктириш ва эгаллаган касблари бўйича ишга жойлаштиришни таъминлаш бўйича Республика мувофиқлаштирувчи кенгаши ва ҳудудий мувофиқлаштирувчи кенгашлар ташкил этилиб, уларнинг таркиби тасдиқланди. 2014 – 2015-ўқув йилининг бошида­ битирувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва кейинчалик уларни мазкур корхоналарга ишга жойлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, битирувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётига эга бўлиши ва ишга жойлаштирилиши тартиби, бунинг учун масъул ташкилотлар ҳамда чора-тадбирларнинг амалга оширилиш муддатлари, битирувчиларни ке­йинчалик эгаллаган касблари бўйича ишга жойлаштиришни назарда тутган ҳолда ишлаб чиқариш амалиётини ўташ учун аниқ корхона ва ташкилотларга — иш берувчиларга бириктириш кўрсаткичлари белгилаб берилди.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва уларни ишга жойлаштириш бўйича амалга ошириладиган ишлар схемаси тузилди. У беш босқичдан иборат бўлиб, ҳар бир босқич муайян йўналишларни қамраб олган.

Биринчи босқичда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг тўлиқ маълумотлар банкини яратиш, туман­(шаҳар)даги корхона ва ташкилотларнинг ўрта махсус маълумотга эга кадрларга бўлган эҳтиёжини аниқлаш, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда касб-ҳунар коллежлари директорлари билан бирга битирувчиларни корхона ва ташкилотларга бириктириш тадбирлари кўзда тутилган.

Иккинчи босқичда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг корхона ва ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиёти ўташи ва уларни ишга жойлаштириш бўйича уч томонлама шартнома имзолашни ташкил этиш тадбирлари қайд этилган.

Учинчи босқичда битирувчи курс ўқувчилари амалиёт ўтайдиган корхона ва ташкилотларда етарли шарт-шароит яратиш, битирувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш каби тадбирлар амалга оширилади.

Тўртинчи босқичда ихтисослаштирилган бўш иш ўринлари ярмаркалари ўтказилади, ўз хусусий ишини очиб, бизнес билан шуғулланишга қарор қилган касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига тижорат банкларининг имтиёзли кредитларини ажратиш орқали ишга жойлаштиришни ташкил этиш чора-тадбирлари кўрилади.

Бешинчи босқичда эса битирувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ҳамда уларни ишга жойлаштиришнинг боришини акс эттирувчи ягона шаклдаги маълумотлар базасини юритиш, шу билан бирга, битирувчиларнинг иш билан таъминланганини назорат қилиш тадбирлари белгилаб қўйилган. Бунда ишлаётганлик ҳақидаги маълумотларнинг ҳаққонийлигини шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақлари орқали назорат қилиш кўзда тутилган.

Ҳукумат қарорида туман ва шаҳарлар ҳокимликлари касб-ҳунар коллежлари, корхона-ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда ўз ҳудудларидаги ҳар бир битирувчини эгаллаган касби бўйича ишга жойлаштиришни назарда тутиши, уч томонлама (корхона-битирувчи-коллеж) шартномалар тузган корхона ва ташкилотлар тўғрисидаги тўлиқ маълумотларни ҳудудий кенгашларга бериши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда ҳудудий кенгашлар тақдим қилинган маълумотларни умумлаштириши, таҳлил қилиши, сўнгра Республика мувофиқлаштирувчи кенгашига юбориши кўрсатилган. Республика мувофиқлаштирувчи кенгаши ушбу маълумотларнинг умумий таҳлили асосида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишлаб чиқа­риш амалиёти ўташ учун аниқ корхона ва ташкилот­ларга, яъни иш берувчиларга бириктириш бўйича якуний кўрсаткичларни ҳар бир туман ва шаҳар кесимида тасдиқлайди.

Якуний кўрсаткичлар тасдиқлангач, ижро учун Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказига, унинг ҳудудий бошқармаларига, касб-ҳунар коллежларига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига, тегишлилиги бўйича Вазирлар Маҳкамаси комплексларига тақдим этилади. Ҳар бир туман ва шаҳар бўйича касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш билан боғлиқ манзилли тадбирлар ижросининг ҳафталик назорати олиб борилади. Шунингдек, йил якуни бўйича касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш борасида энг паст натижа кўрсатган туман (шаҳар) ҳокимликларига қонунчиликда белгиланган интизомий чоралар кўрилади.

Ҳукуматимизнинг бу борадаги қарорлари ижросига масъулият билан ёндашсак, бир сўз билан айтганда, улар бандлиги масаласи доимий эътиборимизда турса, йигит-қизларимиз ва, албатта, юртимиз келажагини таъминлаган бўламиз.

О. Файзуллаев, Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи