Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Одам савдоси – дунё муаммоси

Дата: 08.04.2016    

Одам савдоси - инсон қадр-қимматига таҳдид солаётган трансмиллий уюшган жиноятчилик кўринишларидан биридир. Бу жиноятлар чегара танламаслиги ҳамда домига асосан ёшларни ва аёлларни тортаётгани билан барчада катта ташвиш ва хавотир уйғотмоқда.

Йиллар давомида жиноятчилар учун бу фаолият сердаромад манба бўлиб қолмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 млн. 700 минг инсон одам савдосининг қурбонига айланмоқда.

Ҳар йили 600 мингдан 800 мингтагача аёллар ва болалар алдов йўллари билан чет элларга олиб кетилиб сотиб юборилмоқда.

Афсуски, бундай ҳолатлар республикамизда ҳам мавжуд, фуқароларимиз турли алдов ва фирибгарликлар таъсирида одам савдоси қурбонига айланмоқдалар.

Охирги тўрт ярим йилда республикамизда 3 минг нафардан ортиқ шахс одам савдоси билан боғлиқ жиноятлардан жабрланган. Уларнинг 2 минг 361 нафарини эркаклар, 878 нафарини аёллар, 138 нафарини вояга етмаганлар ташкил этган.

Бироқ, бу рақамлар ҳақиқий аҳволни акс эттирмайди.

Ўзбекистон фуқаролари фоҳиша сифатида фойдаланиш учун асосан Бирлашган Араб Амирликлари, Қозоғистон, Россия, Таиланд, Туркия, Ҳиндистон, Исроил, Малайзия, Жанубий Корея, Япония ва Коста-Рика давлатларига, мажбурий меҳнат ёки хизмат кўрсатиш учун эса – Қозоғистон ва Россияга олиб чиқиб кетилмоқда.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда одам савдоси жиноятларининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Аввало, бу даврда одам савдоси жиноятларига барҳам беришнинг норматив-ҳуқуқий базаси шакллантирилди. Давлатимиз одамларнинг нолегал трафикига қарши курашиш ва унинг қурбонларини ҳимоя қилишга қаратилган асосий халқаро ҳужжатларга қўшилди.

Яқин тарихга назар ташлайдиган бўлсак, истиқлолгача деярли бу борада тегишли норматив-ҳуқуқий база мавжуд эмас эди.

1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган Жиноят Кодексида илк бор одам савдосига қарши курашиш мақсадида бундай ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Хусусан, Жиноят Кодексининг 135-моддаси шахснинг озодлиги, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоялаш ва одам савдоси жиноятларининг олдини олишга қаратилган.

Шу билан бирга, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар трансмиллий, яъни ҳудуд ва чегара танламайдиган қилмиш эканлигини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси бундай салбий кўринишларга қарши курашиш борасида халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратди.

Давлатимиз 2003 йил 12 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан 1950 йилда қабул қилинган “Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши кураш тўғрисида”ги Конвенцияга қўшилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2000 йил 15 ноябрдаги резолюцияси билан қабул қилинган “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисид”ги Конвенция, шунингдек, одам савдоси, айниқса аёллар ва болаларни сотишнинг олдини олиш, унга чек қўйиш ва бунинг учун жазолаш тўғрисидаги қўшимча Баённомалар ҳам ратификация қилинди.

Таъкидлаш лозимки, Республикамизда бу йўналишдаги ишларнинг кучайтирилганлиги эътироф этилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 4 июнида Америка қўшма Штатлари Давлат департаменти эълон қилган одам савдоси тўғрисидаги 2008 йилги маърузада Ўзбекистон учинчи тоифали рўйхатдан иккинчи тоифали рўйхатга киритилгани фикримизнинг тасдиғидир.

Бу эса Ўзбекистонда одам савдосини бартараф этиш борасида қатор амалга оширилган ишларга берилган ижобий баҳодир.

2008 йилнинг 17 апрелида “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши билан мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш билан бирга, одам савдосидан жабрланганларни ҳимоялашнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Айнан ушбу қонунда одам савдосига қарши курашиш бўйича Идоралараро комиссиялар ҳамда одам савдоси қурбонларини ҳимоялаш ва уларга ёрдам кўрсатиш масалалари алоҳида белгилаб қўйилди.

Республикамиз Президенти томонидан шу йилнинг 8 июлида қабул қилинган “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан юқоридаги қонун нормалари амалга тадбиқ этилди, Республика Идоралараро комиссияси тузилди. Мазкур комиссиянинг таркиби ва Миллий тадбирлар режаси тасдиқланди.

Одам савдоси муаммосини битта органнинг кучи билан ҳал қилиб бўлмайди, бу кўпроқ ижтимоий муаммодир. Ўз навбатида, давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўзаро ҳамкорликдаги режаси асосида ишламаса, юзага келган вазиятни ижобий томонга ўзгартириб бўлмайди.

С.Ғойибова, Олот туман ФҲДЁ бўлими мудираси в.в.б.