Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Мурожаатлар қонун нигоҳида

Дата: 08.04.2016    

Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси

Конституциясининг 35-моддаси.

Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни ҳам Конституциянинг 35-моддаси талабларидан келиб чиқиб қабул қилинган.

Ижтимоий муносабатлар жадал суръатлар билан ривожланиб бораётган ҳозирги жараёнларда давлат органларига нафақат жисмоний шахслар, балки юридик шахсларнинг (улар турли жамоат билашмалари шаклида) ҳам мурожаатлари ошиб бораётганлиги “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг нормалари эскириб бораётганлигини яққол кўрсатиб берди ҳамда уни янги таҳрирда қабул қилишга эҳтиёж борлигини кўрсатди.

Янги Қонун Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси томонидан 2014 йил 29 октябрда қабул қилинган бўлиб, Сенат томонидан 2014 йил 13 ноябрда маъқулланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2014 йил 
3 декабрда имзоланган.

Ушбу қонун қабул қилиниши билан амалда бўлган Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 6 майда қабул қилинган “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни ўз кучини йўқотди.

Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни билан “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг фарқли жиҳатларига эътибор қаратадиган бўлсак, янги Қонуннинг мақсади давлат органлари ва муассасаларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлса, аввалги Қонунда фақат фуқароларнинг давлат органларига мурожаатлари соҳасидаги муносабатлар тартибга солинган эди.

Қонуннинг 2-моддасида ушбу Қонуннинг амал қилиши:

кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, хўжалик процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга;

давлат органларининг, шунингдек улар таркибий бўлинмаларининг ўзаро ёзишмаларига нисбатан татбиқ этилмаслиги белгиланган. Бироқ аввалги Қонунда бу норма мавжуд эмас эди.

Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасида 2014 йил 5 майда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни ҳам қабул қилинган бўлиб, мазкур Қонун “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонундан фарқли ўлароқ, ушбу Қонуннинг асосий вазифаларидан бири жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишини таъминлаш ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқининг кафолатларини таъминлашдан иборат бўлиб, қонуннинг амал қилиши давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан аризалар, таклифлар ҳамда шикоятларни кўриб чиқиш тартибига нисбатан татбиқ этилмайди.

“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунда мурожаатлар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда бўлиши мумкинлиги белгиланган.

Қонунда мурожаатларга қўйилган талаблар ҳам кенгайтирилиб, юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган жойи (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар ва мурожаатнинг моҳияти баён этилиши, электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши кераклиги белгиланган бўлиб, бундай талабларга риоя қилинмасдан берилган мурожаатлар аноним мурожаатлар деб ҳисобланиши кўрсатилган.

Шунингдек, мазкур Қонундаги яна бир янгилик шундан иборатки, жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш, агар уларнинг шундай хусусиятга эга бўлган илгариги мурожаати бўйича қарор қабул қилинган бўлса ва бу ҳақда уларга ушбу Қонунда белгиланган тартибда хабар қилинган бўлса, рад этилиши мумкинлиги белгиланди.

Бундан ташқари, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари қисқартирилиб, аввалги Қонундан фарқли ўлароқ, ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган қисқа муддатларда кўриб чиқилиши мустаҳкамланди.

Шунингдек, аввалги Қонунда таклиф тушган кундан эътиборан бир ой муддат ичида кўриб чиқилиши, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно бўлиб, бу ҳақда таклиф киритган шахсга маълум қилиниши кўрсатилган бўлса, янги Қонунда таклиф киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн кунлик муддатда ёзма шаклда хабар қилиниши белгиланди.

Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни талабларидан келиб чиқиб, адлия органлари тизимидаги барча давлат нотариал идораларида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қайд этиш китоби” ташкил қилинган бўлиб, унда мурожаат қилувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг номи, яшаш жойи (юридик шахснинг почта манзили), мурожаат мазмуни, кўриб чиқиш натижалари қайд қилиниб борилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2014 йил 30 декабрдаги “Давлат нотариал идораларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини навбатма-навбат қайд этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи қабул қилинди.

Мазкур буйруқ билан тасдиқланган Низомга асосан 2015 йил январь ойидан бошлаб барча давлат нотариал идораларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини нотариус томонидан қабул қилиниши ҳақидаги “Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳақидаги мурожаатларни навбатма-навбат қайд этиш дафтари”га қайд қилиниб борилиши белгиланди. Бунда, нотариус ёрдамчиси келиб тушган ҳар бир мурожаатни навбат бўйича дафтарга киритади, нотариуснинг иш куни ва вақтини ҳамда мурожаат қилувчи учун қулай вақтни инобатга олган ҳолда, нотариуснинг қабул куни ва соатини белгилайди ҳамда бу ҳақда мурожаат қилувчини хабардор қилади. Мурожаат қилувчи эса мурожаат келиб тушган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан нотариус томонидан қабул қилиниши лозим.

Жумладан, Қоракўл туман 1-сонли давлат нотариал идораси томонидан 2015 йил давомида “Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳақидаги мурожаатларни навбатма-навбат қайд этиш дафтари”да 6474 та жисмоний ва юридик шахс вакилларидан мурожаатлар қабул қилинган бўлиб, улар юзасидан нотариал ҳаракатлар амалга оширилган.

Шунингдек, амалга оширилган нотариал ҳаракатлардан ташқари жисмоний ва юридик шахслардан 16 маротаба ёзма шаклда мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 9 таси қаноатлантирилган, 5 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган, 1 таси тааалуқлилиги бўйича юборилган, 1 таси рад қилинган.

Шу билан бирга, аввалги Қонунда фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан прокурорлик назорати ўрнатилиши кўрсатилган бўлиб, янги қонунда, мурожаатларни кўриб чиқаётган давлат органлари жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари, жамият ва давлат манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш мақсадида мурожаатларни бир йилда камида бир марта умумлаштириши ва таҳлил қилиб бориши ҳақидаги янги норма билан ўзгартирилди.

Бундан ташқари, Қонунда мурожаатларни кўриб чиқиш вақтида қонун талаблари бузилганлиги муносабати билан унга етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш билан бир қаторда маънавий зиённи компенсация қилиш тартиби ҳам белгиланди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органларига мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилиб, қонуний ҳал этилиши уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ҳамда жамият ва давлат манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

А.Бахромов, Қоракўл туман 1-сон ДНИ нотариуси