Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Юридик таълим ва амалиёти ўртасидаги интеграциясини ривожлантиришнинг айрим масалалари

Дата: 11.04.2016    

Истиқлол йилларида мамлакатимизда ўсиб келаётган авлодни бекаму кўст камол топтириш, мактабгача таълим муассасалари, мактаб, коллеж, олий ўқув юртларидаги таълим жараёнини ривожлантириш, фарзандларимизни хеч кимдан кам бўлмасдан униб ўсиши учун барча шарт-шароитларни яратиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, сўнги йилларда таълимнинг барча бўғинларида, айниқса олий ва ўрта махсус ўқув юртларини қуриш ва техник жиҳозлаш, уларни юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Айниқса, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва бевосита раҳнамолигида таълим жараёнини ислоҳ этиш ва меҳнат бозорида талаб қилинадиган юқори малакали кадрлар тайёрлашда олий ўқув юртлари муҳим ўрин эгалламоқда. Ўтган давр мобайнида уларнинг сони икки баробар ортди ва бугунги кунда мамлакатимиздаги 59 та университет ва олий ўқув юртида 230 мингдан зиёд талаба таълим олмоқда. Ушбу олий ўқув юртлари талабаларининг ўз соҳасини етук мутахассислари бўлиб етишишлари учун яратилган шарт-шароитлар, битирувчиларининг жаҳоннинг етакчи университетларида таълим олиш имкониятига эга бўлаётганлиги диққатга сазовордир. Бундан ташқари, ҳозирги кунда иқтидорли талабларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш учун турли Давлат стипендиялари жорий қилинган. Улар орасида Алишер Навоий, Беруний, Амир Темур номидаги стипендиялари ҳар бир ёшни фан сирларини ўрганиш сари янада илҳомлантириши шубҳасиз.

Шуни аълоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда мустақиллик эълон қилинган пайтдан бошлаб ва профессионал икки палатали парламент ташкил этилганидан буён мамлакатимиз ёшларининг манфаатларини таъминлаш ҳамда жисмонан ва маънан баркамол авлодни тарбиялаш, уларда юксак маънавият ва ахлоқ-одобни, шу жумладан ҳуқуқий маданиятни шакллантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида 100 дан зиёд қонун ҳужжатларини ишлаб чиқди, шундан 10 тадан ортиғи Ўзбекистон Республикасининг қонунлари сифатида қабул қилинди, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Бугунгикунда илм-фан ва таълим жараёнини ўзаро интеграциялашуви ривожланиб бораётган жамиятимиз тараққиётига ўзининг ижобий жиҳатларини намоён қилмоқда. Бу ўз навбатида юқори малакали юридик кадрларни тайёрлаш жараёнида ўзини яққол намоён қилмоқда.

Маълумки, фан бир тарафдан жамияти тараққиётига, иккинчи тарафдан кадрлар тайёрлаш жараёнига ўзининг ижобий жиҳатларини кўрсатади. Фан ва таълимнинг замонавий интеграцияси бу – фан ва таълимнинг ўзаро боғлиқ ҳолда ривожланиши жараёни бўлиб, бунда фан ютуқларини таълим жараёнига татбиқ қилиш, уларни ўзаро ижобий жиҳатларини бирлаштирилиши тушунилади. Замонавий шароитларда фан ва таълимнинг ўзаро боғлиқ ҳолда ривожланиши мураккаб жараён бўлиб, у ўз ичига иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий-бошқарув ва ижтимоий жиҳатларни қамраб олади.

Фан ва таълим фаолиятини интеграциялашувидан кўзланган асосий мақсад илмий тадқиқотларни сифатли кадрлар билан таъминлаш, олий таълим босқичида таҳсил олаётган талабларнинг тайёрлаш сифатини ошириш, талабларни илмий раҳбар бошчилигида янги билим ва фан-техника ютуқларидан фойдаланган ҳолда илмий-тадқиқот фаолиятини дастлабки тарзда олиб боришга жалб қилишдан иборат.

Бежизга Юртбошимиз И.Каримов ўз нутқларида: “Шуни қайд этиш жоизки, айнан шу йўналиш, яъни қатор академик илмий муассасаларни университетлар ихтиёрига бериш ва ҳамкорликда фойдаланиладиган олий ўқув юртлариаро замонавий илмий лаборатория мажмуаларини тузиш ҳисобидан олий ўқув юртларининг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятга асосланган ўқув жараёнини интеграциялаштириш ҳозирги босқичда долзарб аҳамият касб этадию”, деб қайд этиб ўтмаганлар.

Фан ва таълим фаолиятини интеграциялашуви жамиятимиз ҳаётидаги қуйидаги муҳим вазифаларни ҳал қилишга хизмат қилади:

1) таълим жараёнини сифатини ошириш ва илмий тадқиқот фаолиятида қатнашишга тайёр бўлган ҳамда илм-фаннинг сўнги ютуқларидан хабардор бўлган илмий-техник кадрларни тайёрлаш;

2) иқтидорли ёшларни фан ва таълим жараёнига жалб қилиш ва уларни фаол иштирокини таъминлаш;

3) фундаментал ва амалий тадқиқотларни олиб бориш жараёнига ажратилган давлат бюджети, олий ўқув юртлари маблағларидан самарали фойдаланиш орқали сифатли илмий кадрларни тайёрлаш;

4) иқтисодиёт тармоқлари, ишлаб чиқариш корхоналари билан фан ва таълим алоқаларини янада кучайтириш;

5) фан ва илмий-тадқиқот ютуқларини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш орқали тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш ва бошқалар;

Фан ва таълимнинг самарали интеграциялашуви учун камида қуйидаги зарурий шарт-шароитларни мавжуд бўлиши талаб қилинади: иқтисодий муносабатлар ва қонун устуворлиги. Ушбу муносабтларда давлат бош иштирокчи сифатида намоён бўлиб, интеграция жараёни қатнашчиларини ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб беради.

Интеграция жараёнини ижобий ҳал қилиш, энг аввало, босқичма-босқич равишда таълим мазмунига, унинг станадартларига ягона талабларни жорий қилиш, унда замонавий технологиялардан ва илмий-тадқиқот лойиҳалар натижаларидан фойдаланиш даражаси билан чамбарс боғлиқдир.

Ўзбекистонда фан ва таълим жараёнини “таълим – фундаментал фан – амалий фан – инновацион иқтисодиёт” шаклида интеграциялашувини амалга оширилишига қуйидаги муҳим омиллар ўз таъсирини кўрсатмоқда:

- мамлакатимизнинг “Кадрлар тайёрлаш миллий Дастури” билан белгилаб берилган фан ва таълимнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш борасидаги вазифаларни сифатли амалга ошириш зарурияти;

- йилдан-йилга давлат стандартларига жавоб берувчи, давлатнинг миллий манфаатларини ҳимоя қилишга қодир бўлган рақобатбардош илмий кадрларни тайёрлашга бўлган эҳтиёжни қондиришга лойиқ бўлган ўқув адабиётлари, ўқув услубий дастурларни яратишга бўлган эҳтиёж;

- фан ва таълим интеграциялашувини амалга ошириш заруриятига бўлган яна бир муҳим омиллардан бири бу, ёш олимларни тадқиқот ишларини олиб боришга бўлган интилишидир;

- ҳар йили олий таълим муассасаларига қабул қилинаётган талабаларни бакалавр босқичи жараёнида ишлаб чиқаришга тез мослашувчи кадрлар сифатида тайёрлаш вазифаси.

Бугунги кунда барча соҳалар сингари таълим соҳасини, айниқса олий таълим тизимини ислоҳ қилиш, жамиятимизнинг турли йўналишлари учун етакчи мутахассисларни тайёрлаш вазифасини янада яхшилаш учун бир қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шулардан бири сифатида, мамлакатимизда ўтказилаётган демократик ва ҳуқуқий ислоҳотлар, фуқаролик жамиятини шакллантириш ва замонавий халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган юқори малакали юридик кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 28 июндаги № ПП–1990 “Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори қабул қилиниши ҳам ўз мазмунига эга. Бундай чора-тадбирлардан кўзланган асосий мақсад нафақат миллий даражада, балки халқаро талабларга жавоб берувчи малакали рақобатбардош юридик кадрларни тайёрлашдир.

Бугунги кунда ТДЮУ таълим жараёнига модул тизимини самарали жорий қилинаётганлигида ҳам ўзига хос мақсадлар кўзда тутилган. Модул тизими ўзида анъанавий таълим жараёнидан воз кечиш, талаба ва ўқитувчи тенглигини таъминлаш орқали уларни илмий мулоқатга тенг киришишига эриш, талабларнинг мустақил изланишларини, ўз билимларини замонавий фан ютуқлари билан уйғун ҳолда эгаллашларида кенг шарт-шароитлар яратишга қаратилганлиги билан тавсифланади.

анъанавий таълим бериш жараёни нафақат талабанинг таълимга бўлган қизиқишларини сусайтиради, балки унда ўқитувчи ягона бошқарувчи сифатида намоён бўлган ҳолда, талабалар устидан ўзининг “мутлоқ ҳукмронлигини” ўрнатиш орқали ўз устида мустақил изланишлар олиб боришига ҳамда таълим жараёнида замонавий фан ютуқларига асосланишига салбий таъсир кўрсатади. Талабаларнинг таълим жараёнида мустақил изланишлар олиб бориши ва профессор-ўқитувчи томонидан уни йўналтириб, манбаларни кўрсатиб туриш жараёни келгусида талабаларда илм-фан билан мустақил тадқиқотлар олиб боришига ижобий таъсирини кўрсатиши табиий.

Шу билан бирга, юридик таълим жараёнинг бугунги ўзгаришлари аввало жамият ва давлатнинг бугунги кунги тараққиёти билан ўзаро чамбарс боғлиқдир. Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш шароитида талабаларнинг нафақат мавжуд қонун ҳужжатларини қай даражада билиш лаёқати, балки динамик равишда тез ўзгараётган қонунчилик жараёнини фан нуқтаи назаридан таҳлил қилиш қобилиятлари ҳам муҳим роль ўйнайди.

Динамик равишда ўзгариб бораётган жамиятимиз шароитида ҳар йили турли йўналишларда кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, амалдагиларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда. Бу эса ўтган йили амалдаги қонун ҳужжатлари асосида яратилган ва тайёрланган ўқув адабиётларини зудлик билан ўзгартиш ёки бошқатдан чоп этиш имконини бермайди. Бу жараён узоқ муддатли ва сермеҳнат саналиши билан бирга, серхаражатлилиги ҳам барчамизга сир эмас. Охир оқибат эса, ўқув жараёнида қўлланилаётган дарслик ёки ўқув қўлланмаларни ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий базадан ортда қолишига олиб келади.

Шундай экан, аввалги анъанавий юридик таълим бериш шаклидан аста-секинлик билан воз кечган ҳолда, талабаларнинг фан ютуқларини ўзлаштиришга, уларни мустақил изланишлар олиб боришига йўналтирилиши муҳим аҳамият касб этади, деб ҳисоблаймиз. Шундай ҳолатда талабалар ўзгарувчан қонун ҳужжатларини тез илғашлари, уларнинг мазмунини қийинчиликларсиз таҳлил қилишга, энг муҳими ҳуқуқни қўллаш амалиётини тўғри йўналиш олишига хизмат қилади.

Таълим ва фаннинг доимий равишда ўзаро боғлиқ ҳолда ҳаракатланиши борасидаги хорижий мамлакатлар тажрибаси диққатга сазовордир. Хусусан, АҚШ олий ўқув юртларида мамлакат миқёсида олиб бориладиган барча фундаментал тадқиқотларни 2/3 қисми олиб борилади. Олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари дарс машғулотларини олиб бориш билан бир қаторда, улар томонидан тадқиқот лабораторияларида илғор ғоялар ва янгиликларни ишлаб чиқиш бўйича амалий ишлар ҳам олиб борилади.

Хорижий мамлакатлар тажрибасининг таҳлили шуни кўрсатадики, кўпчилик ҳолатларда ривожланган ва ривожланаётган давлатларда тадқиқот марказлари ва фан ютуқларининг асослари олий ўқув юртларида фаолият олиб бораётган марказлар ёки профессор-ўқитувчилар томонидан амалга оширилади. Хусусан, Хитойда фаолият олиб бораётган барча олий ўқув юртларининг 100 тасида тадқиқот марказлари фаолият олиб борса, АҚШда ушбу кўрсаткич 104 та тадқиқот марказларини ташкил қилади.

Ушбу ёндашувнинг тўғри эканлигини сўнги вақтларда Ғарбий Европа давлатларининг қонун ҳужжатларида таълимнинг илмийлигини норматив тарзда бевосита белгилаб берилаётганлигидан ҳам кўриш мукин. Хусусан, Германия Федератив Республикасининг “Судьялар тўғрисида”ги қонунинг 5-параграфида судья лавозимига тавсия қилинган номзодларга қўйилган талаблар доирасига уларнинг университетда илмий-ҳуқуқий таълим жараёнида таҳсил олганлиги ҳамда ушбу йўналишда давлат имтиҳонларини топширганлиги белгилаб қўйилган.

Ушбу норматив талабларни ўз вақтида бажариш ҳамда ҳуқуқшунос кадрларни тайёрловчи университетлар ўз рейтингларини ошириш мақсадида кафедраларда яхши шарт-шароитлар яратиш орқали профессор- ўқитувчиларни ўқув жараёнига кенгроқ жалб қилишга ҳамда ўз ўқув модулларида талабаларни фан билан чамбарс боғлиқликда таълим олишга йўналтиришади.

Шу билан бирга, ГФРда ҳам илм-фан ва таълимни қай даражада бир-бирига яқин ҳолда фаолият юритиши борасида турли фикрлар мавжуд. Кўпчилик немис олимларининг фикрича, университетда таҳсил олаётган талабалар уларнинг амалий машғулотларга қатнашгунга қадар қадар юридик таълим жараёнида ўргатиладиган ҳуқуқий фан ҳақидаги билимларга эга бўлиши лозим. Шундагина, талабларнинг амалий фаолияти самарали бўлиши мумкин. Университетларда эса профессор-ўқитувчиларнинг профессионал фаолияти ва уларнинг самарадорлигининг ўлчовчи энг муҳим мезон бу – профессор-ўқитувчиларнинг илмий ютуқларидир.

Фан ва таълим жараёнинг институтционал интеграциялашуви ўз навбатида олий ўқув юртлари қошида фан ютуқлари билан бевосита шуғулланувчи тадқиқот марказларини ташкил қилиш шаклида амалга оширилади. Алоҳида қайд этиш жоизки, мамлакатимизда ҳуқуқ соҳасидаги илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш ва ривожлантириш йўналишида Президентимиз қарорга асосан Тошкент давлат юридик университети тизимида Ҳуқуқий тадқиқотлар маркази ташкил этилди. Мазкур марказ томонидан бугунги кунда давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва ривожлантириш, фуқаролик жамиятини шакллантириш, суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, шунингдек мамлакатда қонун ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар устида иш олиб борилмоқда.

ТДЮУ кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси томонидан молиялаштириладиган 15 та илмий-тадқиқот лойиҳалари, булардан 7 та фундаментал, 5 та амалий ва 3 та ёш олим грантлари устида тадқиқотлар олиб борилмоқда. Буларнинг барчаси университет профессор-ўқитувчиларинг ўз педагогик фаолиятини бевосита фан борасида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар билан бир вақтда олиб бориш имконини бермоқда.

Таъкидлаш лозимки, фан ва амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш, уларнинг ўзаро боғлиқликда ва ҳамкорликда ривожланишига эришиш ҳар бир мамлакат истиқболидаги устувор вазифалардан бири саналади. Зеро, натижасиз, амалий ифодасиз, маҳсулсиз фан давлатга ҳам, жамиятга ҳам керак бўлмайди.

Н.Акбаева, Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи