Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Дата: 13.04.2016    

Республика иқтисодиётида хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий мулк, жумладан, чет эл капитали иштирокидаги улушини изчил ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон ижроси юзасидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-391-сон Қонунига асосан 33 та қонун ҳамда 10 та кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига қарши қаратилган ҳуқуқбузарликларни тизимлаштириш ва ягона ёндашувни таъминлаш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси “Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик, қонунга хилоф равишда аралашганлик ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик”ни назарда тутувчи XVII боби билан тўлдирилди.

Жумладан, МЖтКнинг 2415-моддаси лицензиялаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш учун жавобгарлик белгиланди.

Унга кўра лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни беришнинг белгиланган тартиби ҳамда муддатларини бузиш, шу жумладан лицензияларнинг ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг янги турларини қонунга хилоф равишда жорий этиш — мансабдор шахслар ва хизматчиларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шу каби, ягона амалиётни шакллантириш мақсадида Жиноят кодекси ҳам Лицензиялаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш учун жавобгарликни назарда тутувчи 1925-модда билан тўлдирилди.

Яъни, лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни беришнинг белгиланган тартиби ҳамда муддатларини бузиш, шу жумладан лицензияларнинг ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг янги турларини қонунга хилоф равишда жорий этиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса — муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар, жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ёки уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса — энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ҳозирги кунда лицензиялаш соҳаси Ўзбекистон Республикасининг “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Қонуни, Олий Мажлисининг 2001 йил 12 майдаги “Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида”ги Қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 июндаги “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 20 декабрдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида лицензиялар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида”ги Низом ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 июндаги қарорига кўра Фаолиятнинг айрим турларини лицензияловчи органлар Рўйхати тасдиқланган бўлиб, унга асосан Вазирлар Маҳкамаси, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Молия ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари, Давлат рақобат, Давлат божхона, Давлат архитектура ва қурилиш қўмиталари, Марказий банки, Интеллектуал мулк, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентликлари, Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш маркази, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Давлат ветеринария бош бошқармаси, Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Йўловчилар ташиш транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаменти, Тошкент вилояти ҳокимлигининг Йўловчилар ташиш транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаменти, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари лицензияловчи органлар ҳисобланади.

Мазкур Қарорнинг 1-бандига асосан фаолиятнинг мазкур Рўйхатга киритилмаган бошқа турлари лицензияланмайди.

Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллар билан боғлиқ муносабатларга доир Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 августдаги “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарори ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.

Ж.Иргашев, 

Тадбиркорлик ссубъектлари ва хорижий  инвестицияларни 

ҳуқуқий ҳимоя қилиш  бошқармаси бўлим бошлиғи