Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Демократик ислоҳотлар йўлидаги янги қадам

Дата: 14.04.2016    

Яқинда матбуотда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган, Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида маъқулланган ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 11 апрель куни имзоланган “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни эълон қилинган эди.

Хеч муболағасиз айтиш мумкинки, мазкур қонунни қабул қилиниши мамлакатимизда босқичма-босқич олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг янги қадами бўлиб, давлат бошқарувини янада демократлаштиришга, давлат ва жамият ишларида парламент таъсир кучи ва масъулиятини оширишда, ҳокимият тармоқлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати яънада самарали таъминланишида муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда мустақиллик даврида ҳокимият тармоқларини, шу жумладан қонун чиқарувчи ҳокимиятни ривожлантиришда улкан ишлар амалга оширилди. Шу давр ичида бир палатали парламентдан икки палатали парламент тизимига ўтилди, Ўзбекистон Республикаси Президентнинг айрим ваколатлари Сенатга ўтказилди, парламентнинг қонунчилик ва назорат-таҳлил фаолияти такомиллаштирилди.

Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан 2010 йилда парламент томонидан қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига асосан ўтган йиллар давомида Конституциямизга ва амалдаги қонунларга парламентнинг роли ва таъсирини ошириш, ижро ҳокимиятининг қонунлар ижросини сўзсиз таъминлашдаги маъсулияти ва жавобгарлигини кучайтириш бўйича бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, 2015 йил 30 декабрда матбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан Олий Мажлиснинг бу соҳадаги ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайтирилди. Улар парламентнинг қонун ижодкорлиги ва қонунчилик фаолиятининг сифатини ошириш, парламент назоратидаги вазифалари тартиботларини аниқлаштириш, парламент сўровидан депутат сўровини ажратиш ҳамда уларнинг аниқ вазифаларини белгилашга қаратилган эди. Масалан, амалдаги қонунларда Қонунчилик палатаси томонидан назорат соҳасидаги ваколатлар атиги учта моддада ёритилган бўлса, киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар натижасида уларнинг сони саккизтани ташкил этди ва уларни, жумладан “депутат сўрови”, “парламент сўрови” ва парламент назоратининг бошқа турларини амалга ошириш тартиблари тўлиқ очиб берилди.

Мамлакатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш зарурлигини алоҳида таъқидладилар. Шуни айтиб ўтиш жоизки, яқинда қабул қилинган мазкур қонунини ишлаб чиқишда ушбу соҳадаги мавжуд бўлган миллий қонунчилик ҳамда хорижий тажриба, ҳуқуқни қўллаш амалиёти кенг ва пухта ўрганилган. Натижада мазкур қонун мамлакатимизда Конституция ва қонунлар талабларининг ижро этилиши устидан парламент назоратини амалга оширишнинг ягона ва бир тизимга солинган қонунчилик базасини яратди десак муболаға бўлмайди.

Бевосита қонун хақида гапирганда унда муқаддам Конституцияга киритилган “парламент назорати” тушунчасининг кенг ва ҳар томонлама очилганини, парламент назорати субъектлари, объектлари, уни амалга ошириш шакллари ва ҳуқуқий механизмлари батафсил ва аниқ белгилаб берилганини кўришимиз мумкин. Мазкур қонунда парламент назорати субъектлари аниқ кўрсатилган, жумладан улар қаторига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати, ҳар икки палатанинг қўмиталари ва комиссиялари, Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, депутат гуруҳлари, Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) киритилган.

Ундан ташқари, ушбу қонунда парламент назорати объектлари ҳам аниқ ва батафсил белгиланганлиги уни бажарилишини тўғри таъминланишига имконият беради. Мазкур қонуннинг 4-моддасида белгиланганидек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ва улар органларининг қарорларини, давлат дастурларини ижро этиш, шунингдек ўз зиммаларига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларни амалга ошириш бўйича фаолияти парламент назорати объекти деб белгиланган. Шу модданинг иккинчи қисмида мустаҳкамлаб қўйилгандек, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг, суриштурув ва тергов органларининг, судларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларни, шунингдек ижро иши юритиш ҳамда нотариал иш юритишнинг муайян материалларини кўриб чиқиш билан боғлик фаолият парламент назоратининг объекти бўлиши мумкин эмас. Яъни бу қоида яна бир бор мамлакатимизда давлат ҳоқимияти субъектлари, жумладан қонун чиқарувчи ва суд ҳокимияти органлари ўртасидаги манфаатлар мувозанатини сақлашга қаратилганлини алоҳида айтиб ўтишимиз жоиз.

Мазкур қонуннинг яна бир ижобий томони унда парламент назорати шакллари аниқ ва батафсил белгиланганлигидир. Улар қаторига Давлат бюджети ижросининг бажарилишини кўриб чиқиш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан ҳар йилги маърузасини кўриб чиқиш, Бош вазирнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг айрим долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини, ҳукумат аъзоларининг ахборотларини, Ҳисоб палатасининг, Бош прокурорнинг, Табиатни муҳофаза қилиш давлат кўмитаси, Марказий банк ҳисоботини эшитиш назарда тутилган. Шунингдек, унда парламент сўрови, депутат ва сенатор сўрови, Олий Мажлис палаталари қўмиталари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарларининг аҳборотини эшитиш ва бошқа шу турдаги вазифалар мустаҳкамланган. Шу ерда қонун ҳужжатлари ижросининг ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини қўмиталар томонидан ўрганиш ва қонун ости ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан улар томонидан мониторингни амалга ошириш ва парламент текширувини ўтказиш парламент назоратининг янги шакллари сифатида киритилаётганини алоҳида қайд этиш лозим. Қонуннинг кейинги моддаларида ушбу вазифаларни бажариш юзасидан парламент томонидан бажарилаётган ишлар ва механизмлар алоҳида-алоҳида кенг ва ҳар томонлама очиб берилган. Қонуннинг 19-моддасида прокуратура органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш масаласи алоҳида мустаҳкамланган. Бу эса қонун ижросини бир хилда таъминлаш, парламентнинг назорат фаолияти самарадорлигини янада ошишига хеч шубҳа йўқ.

Ундан ташқари қонунда парламент назорати натижалари, улар бўйича қилинган қарорларни кўриб чиқиш ва ижро этиш, парламент назорати субъектларининг ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахсларининг мажбуриятлари белгиланган. Шуни ҳам мамнуният билан эътироф этиш лозимки, қабул қилинган қонунда парламент назорати натижаларини кўриб чиқишнинг очиқлиги ва ошкоралиги алоҳида моддада мустаҳкамланган.

Бир сўз билан айтганда, мазкур қонун ўз олдига парламентнинг назорат-таҳлил ишларини янада фаоллаштириш, марказда ва жойларда ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш, Олий Мажлиснинг иккала палаталарининг бу соҳадаги маъсулиятини янада кучайтиришини тақозо этади.

Якунда яна бир такрорлаш лозимки, мазкур қонун парламент аъзолари зиммасига катта масъулият юклайди, мамлакатимизда парламент роли ва таъсирини кучайтиришда, қонун устуворлиги ҳамда қонунлар ва муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий давлат дастурларнинг ижросини сўзсиз таъминлашда, шу билан биргаликда давлат ва бошқаруви органлари масъулиятини оширишида муҳим омил бўлади. Бу эса мамлакатимизда “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” принципи босқичма-босқич амалга оширилаёганлигининг ёрқин далолатидир.

С.Жабборов, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бош маслаҳатчиси