Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари

Дата: 18.04.2016    

Бугун кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан халқимизнинг ижтимоий ҳимоясига қаратилган Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги, “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар кабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Конунчилик палатасида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни янги тахрирда қабул қилинган.

Ушбу қонунлар биринчи галда ижтимоий муҳофазага мухтож бўлган аҳоли тоифалари – кўп болали ва кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар, етим-есир ва ногиронлар, талаба ва пенсионерларнинг манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қиладиган қонунлардир.

Умуман олганда мустақиллик йилларида мамлакатимизда демократик, иқтисодий ислоҳотларни ўтказиш, шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамияти қуришнинг умумий ишончли қонунчилик негизи шаклланди.Уларнинг муҳим ҳусусияти инсон манфаатлари, хуқуқ ва эркинликларини ҳимоялашга йўналтирилганлигидир.

1992 йил 8 декабрида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси республика аҳолисининг иродаси, руҳияти, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради, мустақилликни мустаҳкамлаш, демократик ҳуқуқий жамиятни шакллантириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, мамлакатда маънавий қадриятларни тиклашнинг хуқуқий пойдеворини яратди.

Жамият ва давлат ҳаётини демократлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Конституциянинг устувор тамойилларидан биридир.

Бош Қомусимиз инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳукуқ ва эркинликларини мустаҳкамлайди. Конституцияда кафолатланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш республикада ва унинг ташқарисида давлат томонидан таъминланади. (43-модда)

Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган. (44-модда)

Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясига олинган. (45-модда)

Ўзбекистон Конституцияси инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқлари олий қадрият эканлигини эътироф этади.

Давлат барча фуқароларнинг иш билан таъминлашни , шу жумладан турли меҳнат режимидаги ишни танлаш эркинлигини, ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишдан ва меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилишдан ҳимояланишни, мақбул келадиган иш танлаш ва ишга жойлашишга бепул ёрдам беришни, ҳар кимга касбга ва ишга эга бўлишда, меҳнат қилиш ва иш билан таъминланиш шарт-шароитларида, меҳнатга ҳақ тўлашда, хизмат поғонасидан юқорилаб боришда тенг имкониятлар яратишни, янги касбга (мутахассисликка) бепул ўқитишни, маҳаллий меҳнат органларида ёки уларнинг йўлланмаси билан бошқа ўқув юртларида стипендия тўлаб малакасини оширишни, бошқа жойдаги ишга қабул қилинганда сарф қилинган моддий харажатлар учун қонун ҳужжатларига мувофиқ компенсация тўлашни, ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашиш учун муддатли меҳнат шартномалари тузиш имкониятини кафолатлайди. (Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуни)

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида кўрсатилганидек барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгадир. Жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик қобилиятларига ва улар меҳнатининг натижаларига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнатга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай чеклашларга ёки имтиёзлар белгилашга йўл қўйилмайди ва булар камситиш деб ҳисобланади.

Меҳнат соҳасида меҳнатнинг муайян турига хос бўлган талаблар ёки давлатнинг юқорироқ ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар (аёллар, вояга етмаганлар, ногиронлар ва бошқалар) тўғрисидаги алоҳида ғамхўрлиги билан боғлиқ фарқлашлар камситиш деб ҳисобланмайди.

Меҳнат соҳасида ўзини камситилган деб ҳисоблаган шахс камситишни бартараф этиш ҳамда ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин. (ЎзР МК 6-модда)

Жумладан, аёлни ҳомиладорлиги ёки ёш болани парвариш қилаётганлигини била туриб, уни ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортиш ёки ишдан бўшатиш ноқонуний деб топилади. Бунинг устига бундай ишга қабул қилишдан бўйин товлаш айбдорни маъмурий ва ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши учун асос бўлиши мумкин. (ЎзР ЖК 148-модда)

Аёлларга ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча кафолатлар Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг XIV бобида белгиланган. (224-238-моддалар)

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси ҳам оилавий муносабатларда аёл ва эркакнинг тенг ҳуқуқлилиги, никоҳ тузиш чоғида жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи ҳамда бошқа ҳолатларга қараб, ҳуқуқларни муайян тарзда бевосита ёки билвосита чеклашга, бевосита ёки билвосита афзалликлар белгилашга ҳамда оилавий муносабатларга аралашишга йўл қўйилмайди. Оилавий муносабатларда фуқароларнинг ҳуқуқлари фақат қонунга асосан ва фақат оиладаги бошқа аъзоларнинг ҳамда ўзга фуқароларнинг ахлоқи, шаъни, қадр-қиммати, соғлиғи, ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида зарур меъёрдагина чекланиши мумкин. (ЎзР ОК 3-модда).

Жиноят-ижроия кодексида ҳам хотин-қизларга, ҳомиладор ва боласи бор аёлларга жазони ижро этиш муассасаларида қатор имтиёзлар назарда тутилган.

Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг асоси бўлмиш норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, Ўзбекистон Республикаси МДҲ давлатлари ичида биринчилар қаторида ногиронлик муаммоларига эътибор қаратган. 1991 йилнинг 18 ноябрида “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун (2008 йил 11 июль ЎРҚ-162-сон билан мазкур Қонун янги таҳрирда қабул қилинди) кабул қилинди. МДҲ давлатларига ушбу қонун ҳужжати намуна бўлиб, улар ҳам шунга ўхшаш қонунни қабул қилдилар.

Ушбу Қонун ногиронларга ҳуқуқ ва эркинликларни руёбга чиқаришда Ўзбекистон Республикасининг бошқа барча фуқаролари билан тенг имкониятларни таъминлаш, уларнинг турмуш фаолиятидаги чеклашларни бартараф этиш, ногиронларни тўлақонли ҳаёт кечиришларига, жамиятнинг иқтисодий ва сиёсий турмушида фаол қатнашишларига, шунингдек ўзларининг фуқаролик бурчларини бажаришларига имкон берадиган қулай шарт-шароит яратиш мақсадида давлатнинг ногиронларга оид сиёсатини белгилайди.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, ногиронликнинг олдини олиш ва ногиронларнинг жамият билан уйғунлашиб кетиши учун шарт-шароит яратишга қаратилган изчил тадбирлар амалга оширилмоқда.

Юртимизда бола ҳуқуқлари, айниқса ногирон болалар ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунида ўз аксини топган, Ушбу қонуннинг мақсади бола ҳуқуқларининг кафолатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, ушбу қонун билан давлат болаларни тарбиялаётган оилаларни қўллаб-кувватлашни кафолатлайди, шунингдек конун ҳужжатларида белгилангантартибда уларга ижтимоий ёрдам кўрсатилишини таъминлайди.

Қонуннинг III бобида ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар хуқуқларининг қўшимча кафолатлари белгиланган. Унда ижгимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг оила муҳитига бўлган ҳукуқи кафолатлари (24 модда), жамиятга уйгунлашиш ҳуқуқи кафолатлари (25-модда), болаларнинг турар жойга бўлган ҳуқуқлари кафолатлари (26-модда), ижтимоий ёрдам олишга бўлган ҳукуқи кафолатлари (27-модда), ногирон болалар, жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болаларнинг тиббий-ижтимоий ёрдам олишга бўлган ҳуқуқи кафолатлари (28-модда), таълим олиш ҳуқуқлари мустахкамланган .

Ушбу Қонуннинг 28-моддасида ногирон болалар тиббий-ижтимоий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу профилактика, даволаш-ташхис қўйиш, реабилитация, санаторий-курорт, протез-ортопедия ёрдамини, ҳаракатланиш воситалари билан имтиёзли шартларда таъминланишни ва бошқа ёрдам турларини ўз ичига олади.

Ногирон болалар давлат соғлиқни сақлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизими муассасаларида бепул тиббий-ижтимоий ёрдам олиш, ўз уйларида парвариш қилиниш ҳуқуқига эга.

Жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тартиби, уларга бериладиган имтиёзлар рўйхати қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар ота-онаси ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахсларнинг аризасига кўра Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, ҳомийлик ва бошқа жамғармаларнинг маблағлари ҳисобидан, шунингдек ота-онаси ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахсларнинг маблағлари ҳисобидан ижтимоий муҳофаза тизими муассасаларида сақланишлари мумкин.

Шундай қилиб, мамлакатимизда аҳолини, шу жумладан имконияти чекланган ёшларни, хотин-қизларни ижтимоий муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асоси яратилган бўлиб, унинг амалиётини таъминлашда барча жамият институтлари ва ҳар бир шахс маъсулдир.

Х.Хусанова, Адлия вазирлиги масъул ходими