Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Меҳнат қонунчилиги ва меҳнат муҳофазаси жамият тараққиётини таъминловчи муҳим йўналишдир

Дата: 19.04.2016    

Мамлакатимизда иш ўринлари яратиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ушбу йўналишда инсон омили, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ҳар йили махсус дастур ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Меҳнат муҳофазасининг тизимли йўлга қўйилиши корхона, ташкилот ва муассасаларда ходимлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратишнинг муҳим омилларидан биридир.

Хусусан, Конституциямизда ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳи­моя­ланиш ҳуқуқига эгалиги белгиланганлиги, меҳнат соҳасидаги халқаро умумэътироф этилган нормаларнинг Меҳнат кодекси, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги (янги таҳрири), “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунларида ўз ифодасини топганлиги диққатга сазовордир.

Ҳозирги вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, касаба уюшмалари фаоллари, Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари иштирокида кенг муҳокама қилинаётган “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамиятни демократлаштириш ва модернизация қилиш жараёнининг ажралмас қисмидир, десак хато қилмаймиз.

Меҳнат қонунчилиги ва меҳнат муҳофазаси жамият тараққиётини таъминловчи муҳим йўналишдир. Бугунги кунга келиб ишлаб чиқариш соҳаларида рўй бераётган ўзгаришлар, меҳнат бозоридаги янгиланишлар соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Шундан келиб чиқиб, меҳнат қонунчилиги ва меҳнат муҳофазаси соҳаларига оид ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш долзарб аҳамият касб этади.

Мазкур қонун лойиҳасининг мақсади ушбу соҳадаги нормаларни халқаро стандартларга мослаштириш, ташкилотларда иш берувчининг ҳамда ходимнинг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бажариш бўйича масъулиятини ошириш, махсус ваколатли ва бошқа давлат бош­қарув органларининг меҳнат шароитлари ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш юзасидан тегишли назоратни таъминлаш борасидаги вазифаларини белгилашдан иборатдир.

Амалдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинганидан буён 22 йилдан зиёд вақт ўтди. Мазкур қонун бугунги кундаги бозор иқтисодиётининг замонавий талабларига ва иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларга тўлиқ мос келмайди. Ҳозирда амалда бўлган қонун 
29 моддадан ташкил топган бўлса, янги таҳрирдаги лойиҳаси эса 45 моддадан иборат шакл­да ишлаб чиқилмоқда.

Қонун лойиҳасида меҳнат муҳофазасини кучайтиришга доир қатор меъёрлар, хусусан, ташкилотларда иш берувчи ва ходимнинг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бажариш бўйича масъу­лия­тини ошириш, ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ҳодиса ҳолатларини яшириш ёки ўз вақтида текшириш ўтказмаслик бўйича сансалорликларнинг олдини олиш чоралари кўзда тутилмоқда. Аҳамиятлиси, қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни ишлаб чиқишда 20 дан ортиқ ривожланган давлатлар тажрибаси, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қонунчилиги ва меъёрий ҳужжатлари ўрганилган.

Бизнингча, мазкур қо­нун лойиҳасида меҳнат муҳофазасини таъминлаш бўйича мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш, меҳнат муҳофазаси ҳолатини экспертизадан ўтказиш тартиблари, иш берувчи ва ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи нормалар, шунингдек, меҳнат муҳофазаси талабларининг бажарилиши бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш механизмларининг назарда тутилиши мақсадга мувофиқдир.

Бир сўз билан айтганда, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ходимлар учун хавфсиз ва муносиб меҳнат шароити яратиш, уларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш юзасидан тизимли ишларнинг давоми сифатида баҳолаш мумкин.

Т.Исмоилов, Адлия вазирлиги масъул ходими