Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида адлия органлари томонидан олиб борилаётган ишлар: таҳлил ва талқин

Дата: 25.04.2016    

Демократик, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлини танлаган Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари жамиятни ривожлантириш ва давлат қурилишининг ҳамда бутун ички ва ташқи сиёсатининг энг устувор йўналиши этиб белгилади.

Зеро, ҳар бир мустақил демократик давлатнинг асосий вазифаларидан бири бу, ўз фуқароларининг ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатдир.

Ушбу вазифа доирасида, мамлакатимизда бир қатор эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини қонуний мустаҳкамлаб берувчи ва уларга қатъий риоя этилишини таъминловчи мукаммал норматив-ҳуқуқий база яратилди, республикамиз томонидан 70 га яқин инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатлар имзоланди, инсон ҳуқуқлари соҳасида узлуксиз таълим ва маърифий ишлар тизими шакллантирилди. Барча мактаб, коллеж ва лицейларда, олий таълим муассасаларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари ўргатиш амалиёти йўлга қўйилиб, бугунги кунда давом эттирилмоқда.

Шу билан бирга, бу йўлда бозор ислоҳотларини изчил амалга ошириш, йирик давлат ижтимоий дастурлари, жумладан, “Соғлом авлод”, “Она ва бола”, “Сиҳат-саломатлик йили”, “Оила йили”, “Ижтимоий ҳимоя йили”, “Ёшлар йили”, “Соғлом бола йили”, “Кексаларни эъзозлаш йили”, “Соғлом она ва бола йили” ва бошқа дастурларни ҳаётга изчил татбиқ этиш орқали мамлакатда инсоннинг, аввало, болалар, аёллар ва ёшларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқларини бутун чоралар билан ҳимоя қилиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди.

Шу ўринда, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини қўриқловчи ва ҳимоя қилувчи давлат ва нодавлат органлари тизими шакллантирилиб, уларнинг самарали ҳамкорликдаги фаолияти йўлга қўйилди.

Ушбу давлат органлари тизимида адлия органлари ҳам муҳим аҳамият касб этиб, ушбу орган томонидан бугунги кунда инсоннинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлаш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Хусусан, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги тўғрисидаги конституциявий қоида Адлия вазирлиги фаолият йўналишларининг барча жабҳаларида устувор вазифа этиб белгиланган.

Жумладан, 2003 йилда Ҳукумат қарори билан Адлия вазирлиги тузилмасида жойларда ўзининг ҳудудий бўлинмаларига эга бўлган Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармасининг ташкил этилганлиги бу фикрларнинг яққол исботидир.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ–1602-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомда ҳам, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва халқаро шартномаларида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш адлия органларининг асосий устувор вазифаларидан бири сифатида мустаҳкам ўрин эгаллади.

Бу йўналишдаги вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида, адлия органларига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларини таҳлил қилган ҳолда, уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, давлат органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва халқаро шартномаларида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши устидан тизимли назорат тадбирлари ўтказиш, халқаро-ҳуқуқий нормаларнинг миллий қонунчилигимизга имплементация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасини ошириш, аҳолида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат руҳини, қонунга итоаткорликни шакллантириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, давлат органларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши ҳолатини таҳлил қилиш ва умумлаштириш, уларни яхшилаш юзасидан тегишли давлат органларига таклифлар киритиш ҳамда фуқароларнинг ўз конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатларини холисона ва ҳар томонлама кўриб чиқишини таъминлаш ишларини амалга оширишга йўналтирилган бир қатор функциялар юклатилди.

Шунингдек, адлия органларига инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазифалари юклатилиши билан бирга, Юртбошимизнинг қайд этиб ўтилган қарори билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятини самарали мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг ушбу соҳада фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини янада такомиллаштиришни таъминлаш юзасидан чора-тадбирларни назарда тутган ҳолда Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиниши аҳволини ўрганиш бўйича Идоралараро ишчи гуруҳи тузилди ва ишчи гуруҳига Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг раҳбарлик қилиши белгиланди.

Ушбу Идоралараро ишчи гуруҳининг асосий вазифаларидан бири этиб, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаш тўғрисида таклифлар киритиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш, БМТнинг асосий Конвенцияларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш белгиланди.

Мазкур йўналишда Идоралараро ишчи гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикасининг тегишли даврий маърузаларини кўриб чиқиш натижаси бўйича БМТ конвенцион органларининг якуний тавсиялари ва эътирозларини кўриб чиқиш, шунингдек ушбу якуний тавсия ва эътирозларнинг ижроси бўйича Миллий ҳаракат режаларини тасдиқлаш ва мониторинг қилиш

Шу ўринда, адлия органлари томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида юклатилган вазифалар ва белгиланган чора-тадбирларнинг ижросини таъминлаш юзасидан ҳам бир қатор эътиборга молик тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.

Хусусан, биргина 2016 йилнинг 1-чорагида адлия органлари томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида 142 та ташкилот, идораларда 95 та назорат тадбирлари ўтказилиб, натижаси бўйича 186 та таъсир чоралари қўлланилди. Таъсир чораларининг ижроси натижасида давлат органларининг 35 та қарорлари бекор қилинди, 234 нафар айбдор шахслар интизомий жавобгарликка тортилиши ва шундан 7 нафар шахслар билан меҳнат шартномаларининг бекор қилиниши таъминланди.

Қонунчиликни бузиш ҳолатлари юзасидан 90 та огоҳнома киритилиб, киритилган 74 та таклифларга кўра 27 та шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ҳуқуқий баҳо бериш учун киритилган 5 та таклифлар асосида 1 та шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Ушбу давр давомида фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб, судларга киритилган 549 млн. 897 минг сўмдан ортиқ 199 та даъво аризалари судлар томонидан қаноатлантирилди. Суд қарорига асосан мансабдор шахслардан 26 та даъво аризаси бўйича 12 млн. 995 минг сўмдан ортиқ маблағлар фуқаролар фойдасига ундирилди.

Шунингдек, вазирлик томонидан бу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш борасидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, фуқароларнинг соғлом турмуш тарзини шакллантириш, келажак авлодни соғлом тарбиялаш ва юқумли касалликлар тарқалишини олдини олиш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонунига васийлик ва хомийликка ҳамда болаларни оила тарбиясига олишни (патронат) рад этувчи юқумли касалликлар рўйхатини белгиловчи нормани киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, Ҳукуматга киритилди.

Шунингдек, Адлия вазирлиги билан Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқларини бўйича вакили (Омбудсман) ўртасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, ҳимоя қилиш ва унга риоя этиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида Меморандум қабул қилинган бўлиб, унинг доирасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда адлия органларининг ролини кучайтирилиши ва самарали ташкил этилиши фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини ўз вақтида ҳимоя қилинишига ва тикланишида муҳим аҳамият касб этади.

Шерзад Рабиев, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари