Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишда давлат бошқаруви органларининг устувор вазифалари

Дата: 12.05.2016    

Ўзбекистон Республикаси инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўлидан дадил одимламоқда. Ушбу мураккаб вазифани амалга ошириш республикамизда яшовчи ҳар бир фуқародан ижтимоий фаол бўлишни, эркин ва фаровон ҳаёт, озод ва обод Ватан барпо этиш учун фидойилик кўрсатиб яшаш ва меҳнат қилишни талаб этади.

Мустақиллик қўлга киритилган дастлабки йилларданоқ, давлатимиз томонидан ҳаётий фаолиятнинг барча соҳаларига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Аслида, муҳокама этмоқчи бўлган масаламизнинг туб негизи ҳам фуқаролик жамиятига асосланган ҳуқуқий давлат барпо этишнинг асосий воситаларидан бири аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда жамият аъзоларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳисобланади. Ватанимизнинг ривожланиши ва ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан халқнинг ҳуқуқий онги ҳамда ҳуқуқий маданияти даражасига боғликдир.

Бу борада энг муҳим қадамлардан бири муҳтарам Президентимиз томонидан 1997 йил 25 июнда “Ҳуқуқий тарбияни яхшилаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш, ҳуқуқшунос қадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ишини яхшилаш ҳақида”ги Фармони қабул қилиниши бўлди десак, муболаға бўлмайди.

Мазкур Фармонга асосан аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва ҳуқуқий тарбиясини яхшилаш юзасидан олиб борилаётган ишлар-давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланганлиги, шунингдек, республикада ҳуқуқий давлат қурилиши йўлида олиб борилаётган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотлар ва бу борада қабул қилинган қонунлар моҳиятини аҳоли томонидан чуқур англаб етишига ҳар томонлама кўмаклашиш - давлат бошқарув, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, ўқув юртлари ҳамда ҳуқуқшунос олимларнинг энг долзарб вазифалари эканлиги кўрсатилиб ўтилди.

Бундан ташқари, мазкур соҳадаги сайи-ҳаракатларнинг узвий давоми сифатида 1997 йилнинг 29 августида Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси томонидан “Жамиятда хуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури” қабул қилинганлигини таъкидлаш жоиздир.

Миллий дастурнинг мақсади аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий саводхонликка эришишлари, юксак даражадаги ҳуқуқий онгга эга бўлишлари ҳамда ҳуқуқий билимларини кундалик ҳаётда қўллай олишлари учун ҳуқуқий маданиятни шакллантиришнинг кенг қамровли мунтазам тизимини яратиш ҳисобланади.

Миллий дастурда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш ҳамда унинг самарали механизмини яратиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори билан “Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгаш тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.

Мазкур Низом билан давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро кенгаш олдига қуйидаги асосий вазифалар қўйилди:

давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онгини, ҳуқуқий маданиятни оширишга ва қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги ишларини мувофиқлаштириш;

ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш сифатини яхшилаш, шунингдек таълим муассасалари ўқувчи ва талабаларининг ҳуқуқий билим даражасини ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва киритиш;

аҳоли билан ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича ишларни амалга оширишда оммавий ахборот воситалари, шу жумладан босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, ушбу ишга фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш ҳисобланади.

Мазкур низом ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига кўра адлия органларига жамиятда ахолининг хукукий онгини, ҳуқуқий маданиятини оширишга ва қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг хуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги фаолиятини самарали мувофиқлаштиришни амалга ошириш, ҳуқуқий билимларнинг аҳоли ўртасида тарғиб қилинишини ташкил этиш, бу борада амалга оширилган ишларни умумлаштириш ҳамда таҳлил қилиш юклатилди.

Вилоятда конунийликни мустахкамлашга йўналтирилган давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг хуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги фаолиятини самарали мувофиқлаштириш амалга оширилиб, ҳуқуқий билимларнинг аҳоли ўртасида тарғиб қилинишини ташкил этиш борасидаги ишлар умумлаштирилиб, таҳлил қилиб борилмоқда.

Жумладан, Бухоро вилоят адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги идоралар томонидан ахолининг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича жорий йилнинг 1-чораги давомида жами 1144 та тарғибот тадбирлари, шундан 177 таси ОАВ орқали чиқиш қилинган.

Хусусан, 2016 йил 1-чораги давомида ҳуқуқий тарғибот соҳасида амалга оширилган ишлар умумлаштирилганда, вилоятдаги барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари томонидан жами 5318 маротаба тарғибот тадбирлари ўтказилган.

Шундан 1027 маротаба оммавий ахборот воситалари оркали, 3655 маротаба оғзаки ҳуқуқий тарғибот тадбирлари, 234 маротаба ёзма ҳуқуқий тарғибот тадбирлари, 403 маротаба кўргазмали ҳуқуқий тарғибот тадбирларидир.

Ўтказилган ҳуқуқий тарғибот тадбирларида жами 157.609 нафар тингловчилар иштирок этган.

Таҳлилларга кўра, давлат органлари, жамоат бирлашмалари томонидан ўтказилган ҳуқуқий тарғибот ва ОАВлари орқали чиқишларда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Қонунлари, Олий Мажлис қарорлари, Президенти фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси Қарорлари, шунингдек, бугунги кунда энг долзарб бўлган хусусий мулк ва мулкдорларни, кичик бизнес ва тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишга, Инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоясини таъминлашга, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат Дастурига, Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги, Ижтимоий шерикчилик ва бошқа муҳим қонун ва қонун ости ҳужжатларига қаратилган.

Юқорида қайд этиб ўтилган фармон ва қарорларнинг ижросини таъминлаш мақсадида ўтган даврда вилоят адлия бошқармаси томонидан бир қатор муҳим қонун ва қонуности ҳужжатлари мазмун-моҳияти юзасидан тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда айрим камчиликларга йўл қўйилган.

Таъкидлаш жоизки, давлат органлари ва муассасалари томонидан ҳуқуқий тарғибот ишлари бўйича вилоят адлия бошқармасига ўз вақтида ва белгиланган шаклда ҳисоботларнинг тақдим этилмаслиги оқибатида вилоятда ҳуқуқий тарғибот ишларининг ҳақиқий ҳолатини аниқлашда ҳамда бу борадаги маълумотларни умумлаштирган ҳолда юқори турувчи идораларга тақдим этишда жиддий қийинчиликларни келтириб чиқарганлиги сабабли 2015 йилнинг июнь ва декабрь ойларида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларига, Давлат органлари, идоралар, муассасалар ва ташкилотларга кўрсатма хатлар киритилди.

Хусусан, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини, Оилада тиббий маданиятни шакллантириш, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, уларни эрта турмушга беришни олдини олиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишни таъминлашга доир қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан тарғибот тадбирлари янада кучайтириш лозимлиги эътироф этилди.

Ҳ.Ҳотамов, Бухоро вилоят адлия бошқармаси масъул ходими