Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Ёш оилаларга берилган ижтимоий имтиёзлар

Дата: 19.05.2016    

Давлатимиз равнақи - унда камол топаётган ёш авлоднинг етуклик даражаси, оиланинг мустаҳкамлигига боғлиқ.

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, жамиятнинг энг кичик бўғинини оила ташкил этади. Демакки, оила халқимиз учун миллатнинг кўп асрлик анъаналари ва руҳиятига мос қадриятларни сақловчи ҳамда авлоддан авлодга етказувчи муҳим ижтимоий институтдир.

Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йиллардан бошлаб ёшларга бўлган эътибор ва ғамхўрлик давлат сиёсати даражасига кўтарили.

1991 йилнинг 20 ноябр куни “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.

Қонунда ёшларга оид сиёсат давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб, унинг мақсади ёшларнинг ижтимоий шаклланиши ва камол топиши, иқтидори, жамият манфаатлари йўлида хизмат қилиши учун ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ташкилий жиҳатдан шарт-шароит яратиш ҳамда уларни кафолатлаш белгилаб берилган.

Юртимизда ёш оилалар ҳимояси, уларни қўллаб-қувватлаш учун ҳам жуда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган йиллар давомида оила ҳақида 50 га яқин қонун, 70 га яқин қарор ва фармойишлар эълон қилинди. Уларнинг аксарият қисми ёш оилаларни ижтимоий, моддий ва маънавий ҳимоя қилиш ва фаровонлигини таъминлашдан иборат. Шуниси эътиборга моликки, ёш оилаларни моддий ва маънавий қўўллаб-қувватлаш масъуллигини биринчи навбатда давлатимиз ўз зиммасига олган. Бу вазифаларни муваффақиятли адо этишда давлат идоралари, фуқаролик институтлари ва маҳаллий ҳокимиятлар ташаббускор бўлмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2007 йил 18 майдаги Фармони мамлакатимизда ёш оилалар борасидаги истиқболли тадқиқотларга йўл очди. Мамлакатимизда бугун жами оилаларнинг салкам 40 фоизини ёш оилалар ташкил этмоқда. Юртбошимиз имзолаган ушбу тарихий ҳужжатда оила ва никоҳ муносабатлари қонуний, ҳуқуқий асосларга таяниши алоҳида таъкидланган. Зеро, Ўзбекистонда амалга оширилаётган оила сиёсатининг мақсади, оила институтини мустаҳкамлаш ва фикримизнинг бошида таъкидлаганимиздек, оқил ва доно фарзандларимизни яхши тарбиялашдир.

Ушбу фармонга мувофиқ ёш оилаларга имтиёзли шартлар асосида микрокредитлар, ипотека ва молиявий истеъмол кредитлари бериш тартиби белгиланди, яъни бугунги кунда ёш оилаларга имтиёзли асосларда:

оилавий тадбиркорликни ташкил этиш учун;

микрофирмалар, кичик корхоналар, оилавий корхоналар, фермер хўжаликлари, шунингдек юридик шахс мақомига эга бўлган деҳқон хўжаликлари дастлабки (бошланғич) сармоясини шакллантириш учун;

якка тартибдаги тадбиркорлик, микрофирмалар, кичик корхоналар, оилавий корхоналар, фермер ва деҳқон хўжаликларини кенгайтириш ва ривожлантириш учун микрокредитлар берилмоқда;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда келишилган якка тартибдаги ва намунавий лойиҳа асосида, қурилишнинг белгиланган нормалари ва қоидаларига риоя қилган ҳолда якка тартибда уй-жой қуришга ва реконструкция қилиш;

якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйдаги квартирани сотиб олиш мақсадида ипотека кредитлари берилмоқда;

банклар томонидан ёш оилаларга маиший-техника воситалари, мебеллар сотиб олиш учун молиявий истеъмол кредитлари берилмоқда.

Зеро, оила мустаҳкамлигини таъминлашда иқтисодий барқарорлик муҳим мезондир. Халқимиз азалдан тадбиркорлик, ҳунармандчилик билан шуғулланиб келган, касб-кори орқали оиласини, турмушини фаровон қилган. Халқимизнинг бундай тадбиркорлик фазилатлари бугун юртимиз маҳаллалари гузарлари тимсолида қишлоғу шаҳарларимиз кўркига кўрк қўшиб турибди. Кейинги йилларда мамлакатимизда томорқачилик, паррандачилик, чорвачилик, боғдорчилик, ҳунармандчилик каби оилавий бизнес тармоқларини ривожлантиришга доир кенг имконият ва имтиёзлар яратилди. Оилавий бизнеси орқали фаровон ҳаёт кечираётган юртдошларимиз сафи кун сайин ортиб бормокда. Эндиликда, касб-ҳунар коллежини битирган ёш йигит-қизлар фуқаролар йиғини кўмагида банкдан имтиёзли кредит ва керакли ускуналар олиб тадбиркорликни йўлга қўймоқдалар. Турли маиший хизмат ва ишлаб чиқариш корхоналари очиб, юрт тараққиётига ҳисса қўшишга интилмоқдалар. Шу маънода, маҳаллаларни оилавий бизнес ва хусусий тадбиркорлик марказларига айлантиришда ёш оилалар иштирокини кенгайтириш айни муддаодир.

Оилани муқаддас билиш ва унинг мустаҳкамлиги учун курашиш бизнинг қон-қонимизга сингган юксак маънавий туйғу, ҳаётий амалдир. Зотан, Президентимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида таъкидлаганидек, ҳаёт абадийлиги, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган маънавият қўрғони бўлмиш оилани мустаҳкамлаш бугунги кунда барчамизнинг наинки асосий вазифамиз, балки инсоний бурчимиздир.

М.Қўшаева, Ғиждувон туман ФҲДЁ бўлими мудираси