Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

“Ягона дарча” марказларининг тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатишдаги роли

Дата: 25.05.2016    

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майда “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони давлатимизда тадбиркорлик, хусусий мулкка бўлган муносабатни янги босқичга кўтарди.

Фармон асосида қабул қиинган дастурда назарда тутилган тадбирлар билан батафсил танишиб чиқадиган бўлсак, уларда асосан тадбиркорлик билан боғлиқ икки муҳим йўналишдаги ўзгаришларга гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Биринчидан, тадбиркорлик ва хусусий мулкчиликка қўшимча имконият, эркинлик ва қулайлик бериш;

Иккинчидан, айни пайтда, давлат органларининг масъулиятини янада ошириш, мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кескин кучайтириш.

Хусусан, Президентимизнинг ушбу Фармонларида давлат хизматларидан фойдаланишда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, аризачиларнинг хизмат кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилувчи мансабдор шахслар билан бевосита алоқасини истисно қилиш мақсадида турли идоралар қошида фаолият юритаётган, алоҳида давлат хизматлари кўрсатаётган “Ягона дарча” хизматларининг ўрнига туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари негизида “Ягона дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш Ягона марказлари ташкил этилиши назарда тутилди.

Ривожланган давлатлар тажрибасидан кўриш мумкинки, айнан шундай марказларнинг ташкил этилиши барча фуқароларга, шу жумладан тадбиркорлик субъектларига қўшимча қулайлик ва имконият яратади.

Масалан, Ўзбекистон билан ўзаро кўп томонлама манфаатли алоқалар ўрнатган Германия давлатида бундай марказлар жамоатчилик қабулхоналари деб номланган бўлиб, аҳоли ва тадбиркорларга 200 га яқин турли хизматларни кўрсатиб келмоқда.

Президентимизнинг юқорида қайд этиб ўтилган Фармонларига биноан 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб “Ягона дарча” марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар учун бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органларига тадбиркорлик субъектларидан бевосита ҳужжатлар қабул қилиш тақиқланди.

Фармон 2015 йил 15 майда қабул қилинган бўлсада, “ягона дарча” марказлари фаолияти 2016 йилнинг 1 январидан иш бошлаши назарда тутилган эди. Сабаби ушбу муддат ичида 3 та йўналишда муҳим бўлган вазифаларни бажариш лозим эди. Жумладан:

1. “Ягона дарча” марказлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлаб берувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш.

2. Ташкилий ва моддий-техник жиҳатидан таъминлаш.

3. “Ягона дарча” марказларига тегишли малакага эга бўлган ходимларни жалб этиш.

Бинобарин, марказларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш мақсадида бер неча муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 сентябрда “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, ушбу қарор билан “Ягона дарча” марказларининг асосий вазифалари, намунавий тузилмаси, “Ягона дарча” марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар турлари ва рўйхати, Ягона дарча марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар бўйича давлат органлари хўжалик бошқаруви идораларининг вазифалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг функциялари аниқ белгилаб берилди.

Шунингдек қарорга кўра, 2016 йил 1 январдан бошлаб 16 та турдаги давлат хизматлари фақат “Ягона дарча” марказлари орқали амалга оширилиши ҳамда ушбу хизматлар рўйхатига босқичма-босқич қўшимчалар киритиб борилиши назарда тутилди.

Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатишда, қонунчиликда белгиланган тартибни қийинлаштиришнинг ҳар хил усулларидан, жумладан рўйхатдан ўтиш ва лицензия олиш тартиб-таомилларини, шунингдек хусусий тадбиркорлик фаолиятига қаршилик қиладиган бошқа бюрократик тўсиқлардан фойдаланишга қатъиян йўл қўйилмаслиги белгиланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 14 декабрда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2015 йил 28 сентбярдаги қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Энг муҳими мазкур қарорда “Ягона дарча” марказлари тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишда қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган тўловларни белгилашга ҳақли эмаслиги белгиланди.

Қабул қилинган ҳужжатларга эътибор қаратадиган бўлсак, марказлар юридик шахс ҳисобланмаслигини, ўз номидан бошқа шахслар билан фуқаровий-ҳуқуқий мунсабатларга кириша олмаслигини кўриш мумкин. Бу эса, марказларга фақат тадбиркорларга хизмат кўрсатиш йўналишида фаолият юритишига тўлиқ имконият беради.

Бундан ташқари, Бухоро вилояти адлия бошқармаси томонидан хамкор ташкилотларни жалб этган ҳолда “Ягона дарча” марказлари фаолиятини қонун ҳуджжатлари талабларига мувофиқ ҳолда йўлга қўйиш учун кенг кўламли ишлар бажарилди. Хусусан, туман ва шаҳар ҳокимликлари кўмагида марказларнинг аксарияти алоҳида бинога жойлаштирилди, шу жумладан айрим марказларга янгидан бино қурилиб фойдаланишга топширилди. Барча марказлар зарур иш юритиш ҳужжатлари билан таъминланди. Бухоро вилоятида 16 та давлат хизматларини кўрсатувчи 25 та ташкилотлар ва марказлар идоралараро электрон ҳамкорлик тизимига уланди, масъул ходимлар электрон рақамли имзоларга эга бўлишди.

Мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилган тадбирларнинг самараси ўлароқ бугун Бухоро вилоятининг барча туман ва шаҳарларида “Ягона дарча” марказлари ўз ишини бошлади. Жорий йилнинг 1 майига қадар давлат хизматлари кўрсатиш бўйича тадбиркорларнинг 2000 га яқин мурожаатлари марказларда қабул қилиниб, амалда бўлган янги қонун ҳужжатлари талабларига кўра кўриб чиқиш ишлари амалга оширилмоқда.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлашни истардимки, бугун ҳар бир давлат органи, айниқса, давлат хизматлари кўрсатувчи ташкилотларнинг мансабдор шахслари ўз масъулиятларини янада оширишлари даркор.

С.Ҳамроев, Шофиркон туман 1-сон ДНИ нотариуси