Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Қонун ҳужжатлари маълумотлар миллий базасининг ёшлар ҳуқукий онгини оширишда тутган ўрни

Дата: 27.05.2016    

Ўзбекистон Республикаси мустақиллик йилларида ижтимоий – иқтисодий, маънавий ва маданий соҳалар билан бир қаторда давлат ва жамият қурилиши, ҳуқуқ тизимини такомиллаштиришда илғор ютуқларни қўлга киритди ва ушбу йўлдан оғишмай бормоқда.

Айниқса, ёшларимизнинг қонунларга аниқ ва бир хилда риоя қилиши – қонунга итоаткорлик ҳиссини шакллантиришга алоҳида эътибор берилди. Бу борада қонунга итоаткорликнинг асосини ташкил этувчи “Конституция ва қонунлар устуворлиги” принципи миллий тараққиёт моделининг асосларидан бири сифатида белгилаб олинганлиги муҳим аҳамият касб этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг 2010 йил 12 ноябрдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси фуқаролик жамиятини ривожлантиришда аҳолининг, айниқса ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий саводхонлигини ошириш муҳим вазифа сифатида кўрсатиб ўтилган.

Таъкидлаш жоизки, республикада мавжуд қонунчилик тўғрисидаги барча, шу жумладан ёшларимиз фойдаланиши мумкин бўлган ахборот тизими мавжуд бўлгандагина жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонун устуворлиги ҳақида бемалол сўз юритиш мумкин.

Норматив-ҳуқуқий база тўғрисида тўлиқ ва тезкор ахборот олиш – ёшларнинг бевосита давлат ва жамият ишларида, қонунчиликни ривожлантириш ва такомиллаштиришда, амалдаги қонун ҳужжатларига риоя қилишлари ва жамоатчилик назоратида иштирок этишларида муҳим мезон ҳисобланади.

Қолаверса, ёшларнинг ҳуқукий онгини ва саводхонлигини оширишда ҳуқуқий ахборотлар ресурслари ва ахборот технологияларидан самарали, тўла-тўкис ва тўсиқларсиз фойдаланиш фуқаролик жамиятини ривожлантиришниг бир кўриниши сифатида намоён бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлар миллий базасини яратиш ва сақлашни ташкил қилиш, фойдаланувчилар ундан белгиланган тартибда фойдаланишни таъминлаш вазирликнинг муҳим функцияларидан бири сифатида кўрсатиб ўтилган.

Эътироф этиш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 5 августдаги 304-сонли “Қонун ҳужжатларини туркумлашни такомиллаштириш ва ҳуқуқий ахборотларни тарқатишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ташкил этилган эди.

Шунингдек, аҳолининг айниқса ёшларимизнинг ҳуқуқий онгини ривожлантириш ва ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 31 декабрдаги қарори қабул қилиниб, унга асосан 2010 йил 1 январдан бошлаб барча фойдаланувчиларнинг қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси “Lex.Uz” дан текин фойдаланиши учун имконият яратилди.

Ўтган давр мобайнида қонунчилик миллий базасига ўзбек ва рус тилларида республикамизда қабул килинган қонунлар, кодекслар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Президент фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳукуқий ҳужжатлари, Олий суд ва Олий хўжалик суди пленуми қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари ва бошқа жами 38000 дан ортиқ ҳужжат киритилган бўлиб, уларнинг катта қисмини ёшлар, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига оид бўлган ҳужжатлар ташкил этади.

Яна бир эътиборли жиҳат, 2012 йил 1 январдан бошлаб аҳолининг, шунингдек ёшларимизнинг фойдаланишларига қулай бўлиши учун фақатгина “Internet Explorer” эмас, балки “Opera”, “Safari”, “Mozilla firefox” “Chrome” каби оммабоп Интернет браузерлар орқали миллий базадан фойдаланиш имконияти яратилди.

Шу билан бирга уяли алоқа воситалари орқали Интернет хизматидан фойдаланишнинг оммалашиб бораётганлиги ҳисобга олинган ҳолда, “Lex.uz”нинг Интернет мобиль версияси яратилди ва исталган вақтда, исталган жойда уяли алоқа воситалари ёрдамида Интернет тармоғи орқали “Lex.uz” қулайликларидан баҳраманд бўлишга йўл очилди.

Ҳозирги кунда Адлия вазирлиги томонидан “Lex.uz”ни янада такомиллаштириш жумладан, миллий базадаги барча ҳужжатларни лотин графикасида ўгириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, қонунчиликка Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига расмий нашр мақомини беришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилган.

Юқорида айтиб ўтилган кенг кўламдаги ишлар ҳамда чора-тадбирлар ёшларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини янада оширишга, “Lex.Uz” ҳуқуқий ахборот қидирув тизимининг жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшадиган тизим сифатида ривожланиб, такомиллашиб боришига хизмат қилади.

У.Саидова, Адлия вазирлиги масъул ходими