Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Норма ижодкорлиги жараёнида ҳуқуқий экспертизанинг ўрни

Дата: 02.06.2016    

Конституциямизнинг 16-моддасида бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва тамойилларига зид келиши мумкин эмаслиги ҳақидаги тамойил мустаҳкамлаб қўйилган. Ушбу меъёр қонунийликни, қонун лойиҳалари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мослигини таъминлашга хизмат қилади. Мазкур конституциявий тамойилни амалга ошириш мақсадида мамлакатимизда қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси институти шакллантирилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомга мувофиқ мамлакатимизда норма ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш йўналишида Адлия вазирлиги зиммасига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмаларининг норма ижодкорлиги фаолиятини тизимли таҳлил қилишни ташкиллаштириш, улар томонидан киритиладиган ёки қабул қилинадиган қонун ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонун ҳужжатларига, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини аниқлаш юзасидан ҳар томонлама экспертизани амалга ошириш вазифалари юклатилган.

Янги таҳрирдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунда ҳуқуқий экспертизанинг иккита янги тури жорий этилди.

Улардан биринчиси, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда уларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган қоидалар ва нормалар мавжудлигини аниқлаш.

Иккинчиси эса, тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар келтириб чиқарувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар ва нормалар мавжудлигини аниқлашдир.

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонун билан норма ижодкорлигининг асослари белгиланди. Унда норматив-ҳуқуқий ҳужжат ушбу Қонунга мувофиқ қабул қилинган, умум мажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжат эканлиги белгиланди.

Қонун лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишнинг шартлиги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунга асосланади. Қонуннинг 21-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши зарурлиги белгилаб қўйилган бўлиб, у экспертиза қилишнинг энг анъанавий ва синалган турларидан бири саналади ва норма ижодкорлиги фаолиятининг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланади.

Ҳуқуқий экспертиза жараёнида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш самарадорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, бу борада Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш услубиётининг қабул қилинганлиги, экспертизанинг бу борадаги ҳуқуқий асосини яратиб берди.

Мазкур услубиёт билан ҳуқуқни қўллаш жараёнида коррупцион кўринишларга олиб келиши мумкин бўлган коррупциявий омилларни аниқлаш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари лойиҳаларининг, шунингдек вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тартиби белгиланди.

Қонун лойиҳаларини юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг Қўшма қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиладиган қонун лойиҳаларини ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этилган қонунларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Бундан ташқари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги услубий кўрсатмалар асосида тайёрланади. Ушбу ҳужжат давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини (кейинги ўринларда лойиҳалар деб юритилади) тайёрлаш, юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартибини белгилайди.

Шунингдек, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш, расмийлаштириш, қабул қилиш, шунингдек уларни ҳуқуқий экспертизадан, давлат рўйхатидан ўтказиш ва кучга кириш тартиби Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидалари асосида белгиланилади.

Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 9 октябрдаги “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар меъёрий ҳужжатларининг қонунийлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2000 йил 19 майдаги “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг меъёрий ҳужжатларини қабул қилиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш, расмийлаштириш, қабул қилиш, шунингдек уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартибини белгилайди.

Норматив ҳуқуқий-ҳужжатлар лойиҳасини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишнинг аҳамияти шу билан белгиланадики, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий, илмий ва бошқа соҳалардаги кўплаб масалалар фақат экспертиза ёрдамида ҳал қилиниши мумкин ва ўтказилган экспертиза хулосаси мақбул қарор қабул қилиш учун асос вазифасини ўтайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг меъёрий ҳужжатларини қабул қилиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди ва ушбу қарорда идоравий норма ижодкорлиги жараёнини янада такомиллаштириш ва бу борадаги ишларга янги талаблар белгилаб берилди.

Бугунги кунда норма ижодкорлиги фақатгина давлат органлари томонидан амалга ошириладиган фаолият бўлибгина қолмасдан, фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг асосий талабларидан бири ҳисобланади. Бунда норма ижодкорлиги жараёнига фақат қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларигина эмас, балки бутун жамоатчилик ҳам манфаатдор эканлиги инобатга олинади. Юртбошимиз таъкидлаганидек тайёрланаётган қонунлардан ҳам аҳоли хабардор бўлиши, яъни уларнинг амалда қандай қўлланилаётгани жамият назоратида туриши зарур. Энг муҳими, давлат бошқарувида, қонунларни ишлаб чиқишда фуқароларнинг кенг иштирок этишига эришиш даркор. Шунда қонунларимиз инсон ҳуқуқини таъминлашга, бошқача айтганда, халқимиз манфаатларига янада кўпроқ хизмат қилади.

Дарҳақиқат, ҳар қандай қонун ҳужжати халқ манфаатларини ифодалаб, унинг хоҳиш-иродасини намоён этиши лозим экан, ушбу ҳужжатни ишлаб чиқишда жамият аъзоларининг бевосита иштирок этиши зарурдир.

Хусусан, бу йўналишда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга таъсир этадиган ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тегишли лойиҳа ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқувчилар – давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталида муҳокама қилиш ва тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш учун жойлаштириш тартибининг йўлга қўйилганлиги норма ижодкорлиги жараёнида фуқаролар иштирокини кучайтириш борасидаги муҳим қадам бўлди.

Натижада муҳокама иштирокчилари томонидан берилган таклифлар тегишли лойиҳа ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқувчилар – давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан кўриб чиқилади.

Мазкур тартибнинг жорий этилиши фуқароларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда бевосита қатнашиши, уларни янада такомиллаштиришга ҳисса қўшиши ҳамда энг муҳими, мазкур лойиҳаларни қабул қилиш ва амалиётга татбиқ этишнинг ижобий ва салбий оқибатлари юзасидан бевосита муносабат билдириши учун кенг имконият яратади.

Ушбу ислоҳот натижасида жамият аъзолари бевосита ҳам лойиҳа ҳам амалдаги қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш имкониятига эга бўлдилар. Шу орқали, амалиётда фуқароларнинг тадбиркорлар ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан тегишли давлат органларига хабар беришлари учун қулай шароит яратилди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш, шу билан бирга, уларни қабул қилиш, эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказишнинг белгиланган тартибига риоя қилиниши устидан доимий назорат амалга ошириш Адлия вазирлигининг норма ижодкорлиги жараёнидаги яна бир муҳим фаолият йўналишларидан ҳисобланади.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қонунийлигини таъминлашда Адлия вазирлиги, аввало умумий назорат инстанцияси сифатида иш олиб боради. Яъни, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминловчи давлат органи ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, айрим вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан белгиланган тартибга риоя этилмаслик оқибатида давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилмоқда.

Унутмаслик керакки, эскирган ва ноқонуний нормаларни ўз ичига олган идоравий ҳужжатларнинг амалда бўлмаслигини таъминлаш мақсадида, тегишли идоравий ҳужжатлар Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестридан чиқарилади. Бу эса ушбу идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни юридик кучга эга эмас, деб ҳисоблаш учун асос бўлади.

Давлат рўйхатидан ўтказилмаган, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи, мазкур бошқарув органи тизимига кирмайдиган ташкилотлар учун мажбурий кучга эга бўлган ёки идоралараро тусдаги (умумий мажбурий тусдаги) ҳуқуқий ҳужжатларининг амалиётда қўлланиши фуқаролар ва ташкилотларнинг, хусусан, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига путур етказиши мумкин.

Ўз навбатида, булар бюрократик тўсиқлар, ноқонуний мажбуриятлар ҳамда ўзаро муносабатларда тушунмовчиликлар пайдо бўлишига олиб келади.

Умумий мажбурий тусдаги нормалар мавжуд бўлган ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказмаган ҳолда амалга киритилишининг олдини олиш мақсадида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 27-моддасида вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг мансабдор шахслари давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга киритганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланди.

Ўз навбатида, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини амалга киритиш” деб номланган янги 1983-модда билан тўлдирилди.

Ушбу норма Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг мансабдор шахслари томонидан амалга киритилиши мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликга тортиш учун асос бўлади.

Қонунчилигимизга киритилган бундай ўзгартиш ва қўшимчалар умуммажбурий тусдаги ҳужжатларни қабул қилишда вазирликлар ва давлат қўмиталарининг масъулиятини бир қадар оширди.

Эътироф этиш керакки, кейинги йилларда идоравий норма ижодкорлиги жараёнига қўйилган талаблар, ўз навбатида, ушбу жараён иштирокчиларининг тажриба ва кўникмаларини ошириш борасида олиб борилган ишлар самара бермоқда. Натижада Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган ҳолатлар тобора камайиб бормоқда. Бундан ташқари, рад этилган ҳужжатларда йўл қўйилган камчиликларнинг такрорланиш даражаси ҳам пасаймоқда. Шунга қарамай, баъзида ҳужжатларда уларни расмийлаштириш ва тақдим этиш тартибига ҳамда қонунчилик техникаси талабларига риоя этилмаётгани, айрим хатоликлар бир неча бор кўрсатиб ўтилсада, улар тузатилмаётгани каби ҳолатлар учрамоқда. Буларнинг барчаси мазкур йўналишдаги фаолиятни таҳлил қилиш ва тегишли хулосаларни чиқаришни талаб этмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, норма ижодкорлигини тартибга солишни янада такомиллаштириш, жамият ва давлат манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва шу орқали миллий қонунчилигимизни янада такомиллаштириш ҳамда юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, адолатли фуқаролик жамияти барпо этишга хизмат қилади.

Б. Джалилов, Адлия вазирлиги масъул ходими