Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Нотариат соҳасидаги ислоҳотлар

Дата: 20.06.2016    

Мамлакатимизда ҳуқуқий, демократик давлат қуришнинг асосий тамойилларидан бири бу – қонун устуворлигини таъминлашдир.

Тузиладиган битимларнинг қонунийлигини таъминлашга ва низоли ҳолатларни келиб чиқишидан тарафларни ҳимоя қилишга қаратилган нотариат институти фуқаролар ва юридик шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида алоҳида ўрин эгаллайди. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда нотариат фаолиятининг зарур норматив-ҳуқуқий базаси ва тегишли ҳуқуқни қўллаш амалиёти шакллантирилди.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг ҳаётимизга изчил жорий қилиниши муносабати билан сўнгги йилларда нотариат институтининг сoҳa ривoжи учун янада барқарор, мустaҳкaм қoнунчилик вa ҳуқуқий бaзa шaкллaнтирилишига ҳамда тaкoмиллaштирилишига эришилди.

Айниқса, 1996 йил 26 декабрдаги Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги Қонуни ва давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 5 майдаги ”Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги Фармони мазкур тизимни тубдан такомиллаштирди ва соҳага оид қонунчиликни янада мустаҳкамлади.

Бугунги кунда нотариат институтининг замон талаби даражасида фаолият юритиши таъминланди, яъни давлат нотариал идораларидаги шарт-шароитлар яхшиланди, нотариал идораларнинг моддий-техника базаси қайта кўриб чиқилди, замонавий мебель жиҳозлари ва техника воситалари билан жиҳозланди.

Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатлар махфийлигини таъминлаш ва фуқароларга малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида фуқароларга хизмат кўрсатиш учун қулай жойда жойлашган, белгиланган талабларга жавоб берадиган янги замонавий бинолар қурилди, мавжуд бинолар жорий ва капитал таъмирланди.

Шу билан бирга “Нотариат тўғрисида”ги қонунга 21, 22-моддалар киритилиб, нотариус ёрдамчиси ва нотариус стажёри ҳамда ҳар бир нотариус учун алоҳида котиб штати жорий қилинди.

Нотариал ҳаракатлар билан боғлиқ низоларнинг олдини олиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2013 йил 30 сентябрдаги 297-мҳ-сонли буйруғига асосан 351-модда киритилиб, нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга оширишда аудио, видео ва фотоқурилмалардан фойдаланишлари мумкинлиги, нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахслар бу ҳақда огоҳлантирилиши ҳақидаги норма белгиланди.

Шунингдек, фуқароларга қулай шароитлар яратиш мақсадида нотариал ҳаракатлар расмийлаштирилаётганда ундириладиган тўловларни қабул қилиш учун нотариал идоралар биносида кассалар очилди ва тўловларни банк пластик карточкаларидан қабул қилиш учун ҳисоб – китоб терминаллари ва назорат-касса машиналари билан жиҳозланди.

Нотариал иш юритиш материаллари сақланишини ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга маълумотномалар ва архив ҳужжатлари нусхалари берилишини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузурида нотариал архивлар ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур қонун, фармон ва қарорлар асосида нотариат институтининг такомиллаштирилиши бўйича охирги 5 йилда бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларга асосан Жиноий, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Фуқаролик, Солиқ кодекслари, шунингдек “Нотариат тўғрисида”ги қонунга ва бошқа қонун ҳужжатларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги қонунига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, нотариусликка номзод бўлган фуқарога бўлган ёш цензи 25 ёш этиб белгиланди. Шу билан бирга нотариусликка номзод юридик мутахассислик бўйича камида 3 йил муддатли иш стажига эга бўлиши лозимлиги белгиланди. Нотариус стажёри учун стажировка муддати бир йилдан икки йил муддатга узайтирилди.

Эътиборли тoмoни шундaки, юқоридаги қонунга биноан белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар, қасддан содир этган жинояти учун судланганлик холати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар, шунингдек, ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун нотариус, адвокат, терговчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза килувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколати белгиланган тартибда тугатилган шахслар нотариус бўла олмаслиги тўғрисидаги норма мустаҳкамланганлиги халқнинг нотариусга бўлган ишончини янада оширади.

Бу бoрaдa янa шуни ҳaм алоҳида қайд этиш лозимки, Нотариат соҳасида яна бир янгилик “Нотариус қасамёди” белгиланди.

Ўзбскистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2010 йил 28 декабрда қабул қилинган “Нотариус томонидан ўз касб мажбуриятлари бузилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 318-сон қарори билан “Нотариат тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига нотариус томонидан ўз касб мажбуриятлари бузилиши оқибатида юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарнинг давлат томонидан қопланиши тартиби белгиланди.

Ҳозирги кунда Ўзбeкистoндa кичик бизнeс вa xусусий тaдбиркoрликни жaдaл ривoжлaнтиришгa қaрaтилгaн улкaн эътибор нотариат институтини ҳам четлаб ўтмади.

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан эркин рақобатга асосланган бозор иқтисодиёти шароитида тадбиркорлик субъектлари олдидаги ҳар қандай бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти асоссиз чекланишига йўл қўймасликка оид қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва уларнинг амалдаги ижроси муҳим ўринга эгадир.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 31 декабрдаги “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2015 йил 11 мартдаги 72-мҳ-сонли “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида”ги буйруғига асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2010 йил 30 мартдаги билан тасдиқланган “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома”га 151-банд киритилди.

Унга кўра нотариал ҳаракатларни амалга оширишда нотариуслар томонидан тадбиркорлик субъектларидан давлат органларида ва бошқа ташкилотларда мавжуд бўлган ҳужжатларни ва ахборотларни, шу жумладан солиқ қарздорлиги ёки коммунал тўловлар бўйича қарзларнинг мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаларнинг, тадбиркорлик субъекти таъсис ҳужжатларининг, лицензиялар ва рухсат берувчи тусдаги ҳужжатларнинг нусхалари талаб қилинмасдан, тадбиркорлик субъектларининг нотариал ҳаракатларни амалга ошириш юзасидан мурожаатлари мавжуд бўлганда, нотариуслар давлат органларида ва бошқа ташкилотларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатларни ва ахборотларни ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда олишлари, шунингдек идоралараро сўров олинган вақтдан бошлаб бир иш куни мобайнида тақдим этишлари шартлиги белгилаб қўйилди.

Мамлакатимизда хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида, вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан вилоятдаги 15 та давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда қўшма кўрсатма ишлаб чиқилиб, барча давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларига ҳамда вилоят адлия бошқармаси тизимидаги барча давлат нотариал идораларига ижро этиш учун юборилди.

Бундан ташқари, “Нотариат тўғрисида”ги қонун, “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома” ва бошқа бир қатор соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича жойларда тарғибот тадбирлари доимий равишда ташкил қилиб борилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, нотариат соҳасидаги бундай ислоҳотлар Республикада амалга оширилаётган барча ислоҳотлар қатори инсон ҳуқуқ ва манфаатлари муҳофазасини янада кучайтиришга, фуқароларимизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идораларига ва энг аввало давлатга бўлган ишончининг янада ошишига, пировардида эса халқимиз турмуш тарзини яхшилашга, юртимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат килади.

А.Баротов, Бухоро вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи