Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Адвокатура соҳасидаги ислоҳотлар

Дата: 20.06.2016    

“Биз адвокатура тизимини кучайтириш ва унинг чинакам мустқиллигини таъминлаш, уларнинг ваколатлари ва мақомини прокуратура мақомига тенглаштириш учун қонунчилик соҳасида ҳам кўпгина чора-тадбирлар кўрмоқдамиз. Ҳар қандай суд жараёнида, жиноий иш кўрилаётган бўлса ҳам, бир томонда айбловчи, иккинчи томонда тенг ҳуқуқ билан ҳимоячи сўзга чиқади. Фақат қонунга бўйсунувчи суд, судьялар эса қонуний ҳуқуқларга, ўз виждонига амал қилиб, айбловчи ва ҳимоя қилувчи томонларнинг фикрларини холисона ҳисобга олиш асосида мустақил равишда адолатли, қонуний ҳукм чиқаради.”

И.Каримов

Мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг бош мақсади – инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини яратишга қаратилган.

Жаҳон ҳамжамияти олдида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бугунги кунда ҳар қачонгидан кўра долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Ҳар бир давлатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўзига хос механизмлар яратилган. Булар ичида адвокатура институтининг ҳам ўзига хос алоҳида ўрни мавжуд.

Истиқлол йилларида адвокатура институти тубдан ислоҳ қилинди. Пировардида, адвокатларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузи сезиларли даражада ошди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда ўтказилган қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” номли маърузада ҳозирги вақтда мамлакатимизда прокурор ва адвокатнинг тенглигини, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича суд фаолиятининг барча босқичларида ўзаро тортишув бўлишини таъминлашга, одил судловнинг сифати ва тезкорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Адвокатура институти шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда муҳим ўрин эгаллаганлиги сабабли, фуқаролар ва ташкилотларнинг адвокатура томонидан кўрсатиладиган малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (116-модда) билан кафолатланди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, биринчи марта 1996 йил 27 декабрда “Адвокатура тўғрисида”ги ва 1998 йил 25 декабрда “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг қабул қилиниши адвокатура тизимини такомиллаштиришда ҳуқуқий асос бўлди. Бунга қадар адвокатура фаолияти 1961 йил 30 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг адвокатураси тўғрисидаги Низом билан тартибга солинар эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 1 майдаги “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилинганлиги юқорида кўрсатилган муаммоларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар кўришнинг асосий йўналишларини белгилаб берди.

Фармон фуқароларнинг тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамлайдиган конституциявий нормани амалга ошириш, адвокатуранинг ташкилий мустақиллигини таъминлаш, уни юқори малакали кадрлар билан тўлдириш, адвокатларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, адвокатлик касбининг обрўси ва нуфузини оширишда, адвокатура институтини ислоҳ қилишда моҳият жиҳатдан янги босқични бошлаб бериб, таъбир жоиз бўлса тарихий аҳамият касб этди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, адвокатура соҳасини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилган ўзгаришлар ҳамда фуқароларни малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқини таъминлашнинг самараси, кўп жиҳатдан, ҳозирги кунда фаолият кўрсатиб турган адвокатларнинг касб-маҳоратига, билим савиясига ва уларнинг ислоҳотлар мақсад ва вазифаларини қанчалик англаб олишларига бевосита боғлиқдир.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимизда халқаро ҳуқуқ нормаларига монанд адвокатуранинг ўзига хос миллий тизимини яратиш борасида қонунчиликнинг такомиллаштирилиши – пировард натижада демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш учун мустаҳкам замин вазифасини ўтайди.

Ф.Жумаев, Бухоро вилоят Адлия бошқармаси масъул ходими