Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Умрингиз заволга юз тутмасин

Дата: 22.06.2016    

Инсон умри жуда қизиқ ва мураккаб. Олам рангларини ўзида мужассам этган тонг отади, кун ботади. Ҳаётини рангин саҳифаларга буркамоқлик эса инсоннинг ўз қўлида. Зеро, вақт ортга қайтариб бўлмас тушунча. Уни эзгуликка ҳам сарфлаши ёки аксинча, бесамарликда ҳавога учириб юбориши ҳам мумкин. Баъзан одамзот била туриб ҳаётига қора чизиқлар тортади. Афсуски, кейин ёрқинлик сари интилгани билан кеч бўлади.

Ҳаётда салбий оқибатларни келтириб чиқарадиган жиноятлар кўпайиб кетгани сир эмас. Терроризм, экстремизм, одам савдоси, коррупция, наркобизнес каби сарҳад билмас жиноятлар инсоният келажагига жиддий хавф солмоқда.

Ҳозирги кунда ер юзидаги наркобизнесдан, айланаётган пул маблағи дунё аҳолисининг озиқ-овқат, ки­йим-кечак, тураржой, таълим тизими ва тиббий хизматга сарфлаётган харажатларидан анча кўплиги ҳеч кимга сир эмас. Энг ачинарлиси, гиёҳвандлик оғир ва ўта оғир жиноятларнинг содир этилишига, оилалар ва миллат генофондининг бузилишига сабаб бўлмоқда.­

Шу боис гиёҳвандликка­ қарши курашишни кучайтириш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) томонидан “Наркотик моддалар тўғрисида”, “Психотроп моддалар тўғрисида” ҳамда “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қар­ши кураш тўғрисида”ги конвенциялар қабул қилиниб, 1987 йил 7 декабр­даги 47/112-сонли резолюциясига кўра, 26 июнь — Халқаро наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қар­ши кураш куни деб эълон қилинган.

Гиёҳвандликка қарши ку­рашишда ҳуқуқий тарғибот ва ташвиқотнинг ўзига хос ўр­ни бор.

Адлия органлари ва муассасалари томонидан ҳам бу борада аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жум­ладан, Адлия вазири ўринбосарининг шахсий иш режасига мувофиқ 2016 йил 1-чораги давомида адлия органлари ва муассасалари томонидан “Гиёҳвандлик воситалари истеъмолининг одам саломатлиги ва жамиятга салбий таъсири, асоратлари” мавзуида 276 маротаба ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди.

Шунингдек, “Гиёҳвандлик аср вабоси”, “Гиёҳвандлик ва ичкиликбозлик оила заволи”, “Гиёҳвандликка қарши кураш ва унинг ёшларга салбий таъсири”, “Гиёҳвандликнинг келажак авлодга таъсири”, “Ёшлар гиёҳвандликка қарши” каби мавзуларда 23 та семинар, 102 та давра суҳбати ташкил этилиб, 106 та маъруза ўқилди.

Хусусан, Фарғона вилоят адлия бошқармаси бошлиғи вилоят наркотик моддаларни назорат қилиш минтақавий комиссияси йиғилишларида мунтазам иштирок этиб келмоқда. Адлия бошқармаси томонидан туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги наркотик моддаларни назорат қилиш комиссияларининг иш фао­лия­тини янада яхшилаш мақсадида иш режалари ижроси таҳлил қилиниб, амалий ёр­дамлар кўрсатилмоқда.

Жойларда янги турмуш қуриш остонасидаги ёшлар ва ёш келин-куёвлар ўртасида “Гиёҳванд моддаларнинг зурриётга таъсири” мавзуида учрашувлар ташкил қилинди. Уларга жойлардаги ФҲДЁ бў­лими мудиралари, хотин-қизлар қўмитаси масъул ходимлари, Наркология диспансери, “Она ва бола” скрининг маркази шифокорлари томонидан кенг тушунчалар ва керакли маслаҳатлар берилди, “Гиёҳвандликка қарши кураш барчанинг бурчи”, “Огоҳлик — давр талаби” мавзуларида буклетлар тарқатилди.

Бундан ташқари, Юристлар малакасини ошириш марказида жиноят ишлари бўйича судларга судьялик лавозимига қайта тайёрлаш курсларида ўқитилаётган гуруҳларнинг ўқув дастурига “Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноятларни судда кўриб чиқиш амалиёти” мавзуи киритилиб, 8 соат ўқув-машғулот ўтказилди.

Шунингдек, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази экспертлари Ички ишлар вазирлигининг Эксперт криминалистик Маркази экспертлари билан ҳамкорликда “Янги турдаги синтетик каннабиноид гиёҳванд воситалари экспертизасининг долзарб масалалари ва услублари” мавзуи бўйича семинар-тренинг ўтказилди.

Албатта, бу борадаги ишлар кўлами ортиб бормоқда. Зеро, гиёҳвандликка қарши курашиш, унинг салбий оқибатларини ёшлар онгига сингдириш, бу бедаво дарддан уларни ўз вақтида огоҳлантириш кечиктириб бўлмас масъулиятли вазифадир.

Ҳ.Мардиев, Адлия вазирлиги масъул ходими