Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

ВОЯГА ЕТМАГАН ШАХСЛАРНИ ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

Дата: 24.06.2016    

Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ республикамизда барча соҳаларда, шу жумладан, ҳуқуқий соҳада кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бундай ислоҳотлар орасида жазо тизимини либераллаштириш, жумладан, жиноят содир этган вояга етмаган шахсларга нисбатан қўлланиладиган жазоларни қайта кўриб чиқиш масаласига ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Президентимиз И.Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг иккинчи чақириқ олтинчи сессиясида сўзлаган нутқида шундай таъкидлаган эди: “Биз вояга етмаганлар, аёллар ҳамда кексаларга нисбатан қўлланадиган жазо тизимини қайта кўриб чиқмоғимиз зарур. Бизнинг жиноят қонунчилигимиз инсонпарварлик қоидаларига асосланган ҳолда, жиноят содир қилган аёллар ва вояга етмаганларга нисбатан жазо тайинлашда бир қатор енгилликларни назарда тутади.”

Вояга етмаган шахсларни жиноий жавобгарликка тортишнинг хусусиятлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг Умумий қисми VI бўлимида ўз аксини топган. Маълумки, Жиноят кодексининг 16-моддасига асосан, жиноят учун жавобгарлик – жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан суд томонидан ҳукм қилиш, жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилишида ифодаланадиган жиноят содир этишнинг ҳуқуқий оқибатидир.

Жиноят кодексида назарда тутилган жиноят таркибининг барча аломатлари мавжуд бўлган қилмишни содир этиш жавобгарликка тортиш учун асос бўлади. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 3-моддасида ўн саккиз ёшга тўлгунга (вояга етгунга) қадар бўлган шахс (шахслар) бола ҳисобланиши белгиланган. Шу сабабли, жиноят қонунчилигида вояга етмаган шахсга жиноят содир этганлик учун жавобгарлик белгилашда қонун чиқарувчи томонидан вояга етмаган шахснинг ёши, ўзига хос физиологик ва интеллектуал ривожланиши, боланинг ўз хатти-ҳаракатларининг моҳиятини англаш қобилияти, унинг жамиятда тутган ўрни, шуғулланиши мумкин бўлган касби ҳамда бошқа омиллар ҳисобга олинган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 17-моддасига мувофиқ, жиноят содир этгунга қадар ўн олти ёшга тўлган, ақли расо жисмоний шахслар жавобгарликка тортиладилар. Лекин, ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар жиноят содир этган шахслар умумий қоидаларга мувофиқ жавобгарликка тортилсалар-да, уларга жазо белгилашда вояга етмаганлар жавобгарлигининг хусусиятлари ҳисобга олинади. Шунингдек, вояга етмаганлар, уларнинг ҳаракатларида фақат Жиноят кодексининг 17-моддасида кўрсатиб ўтилган моддалардаги жиноят таркиби мавжуд бўлган ҳоллардагина жавобгарликка тортилиши мумкин.

Вояга етмаганларга нисбатан қўлланиладиган жазолар тизими вояга етган шахсларга қўлланиладиган жазолар тизимидан фарқ қилади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 81-моддасига асосан, ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсларга жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, қамоқ, озодликни чеклаш, озодликдан маҳрум қилиш каби асосий жазолар қўлланилади. Вояга етмаган шахсларга нисбатан, вояга етган шахсларга қўлланиладиган муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ҳамда умрбод озодликдан маҳрум қилиш каби жазолар қўлланилмайди. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг43-моддасига асосан хизмат бўйича чеклаш ёки интизомий қисмга жўнатиш тариқасидаги жазолар фақат ҳарбий хизматчиларга нисбатан қўлланилади.

Шунингдек, вояга етмаган шахсларга нисбатан қўшимча жазолар тайинланиши мумкин эмас.

Вояга етмаган шахсларга белгиланган жазоларнинг миқдори ҳам вояга етган шахсларга нисбатан қўлланиладиган жазо миқдорларидан фарқ қилади. Масалан, вояга етган шахсларга белгиланган жарима энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваридан олти юз бараваригача миқдорни ташкил этса, вояга етмаган шахсларга жарима энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан йигирма бараваригача миқдорда тайинланади. Шунингдек, вояга етган шахсларга нисбатан қамоқ жазоси бир ойдан олти ойга қадар қўлланилса, вояга етмаган шахсларга ушбу жазо бир ойдан уч ойга қадар қўлланилади.

Вояга етмаганларни жиноий жавобгарликка тортишда асосий жазо турлари ўрнига вояга етмаган шахснинг жисмоний ва маънавий ривожланишига салбий таъсир кўрсатмайдиган чораларнинг қўлланилиши, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган, ёхуд ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятни такроран содир этган вояга етмаган шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилмаслигининг Жиноят кодексида назарда тутилиши инсонпарварлик ва одиллик принципининг намоён бўлиши, десак хато бўлмайди. Зеро, Президентимиз И.Каримов таъкидлаганларидек, “Шуни барчамиз англаб олишимиз муҳимки, колониялардаги ишлар нечоғли яхши ташкил этилмасин, барибир, бу ер ёшларни тарбиялайдиган жой эмас.

Кўп ҳолларда арзимас қилмиши эвазига қаттиқ жазо олган навқирон йигит айнан шу ерда жиноят оламига киради, ашаддий жиноятчиларга қўшилиб, уларнинг турмуш тарзига хос кўникмаларни эгаллай бошлайди.”

Вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини янада кенгроқ ҳимоя қилиш, уларнинг ёши, ўзига хос физиологик ва интеллектуал ривожланиши,ўз хатти-ҳаракатларининг моҳиятини англаш қобилияти, унинг жамиятда тутган ўрнини инобатга олган ҳолда жиноят содир этган ёшларни қайта тарбиялаш, уларга нисбатан инсонпарварлик принципини кенгроқ қўллаш, қўлланиладиган жазоларнинг самарадорлигини ошириш, вояга етган шахсларга нисбатан қўлланиладиган жавобгарликка тортиш ва жазони ижро этиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарлик ва жазодан озод қилиш муддатларини қисқартириш масаласини кўриб чиқиш, мазкур йўналишда чет эл тажрибаси, жумладан, МДҲ давлатлари жиноят қонунчилигини ўрганиш мақсадга мувофиқдир.

Жиноят содир этган шахсларни жавобгарликка тортиш билан бир қаторда вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, жазони ўтаган вояга етмаганларни жамиятга қайтариш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу ўринда вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар фаолиятини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2011 йил 17 майдаги 13-сон қарори билан Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар тўғрисида Низом тасдиқланиб, ушбу Низомга асосан комиссиялар туманлар (шаҳарлар), вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида тузилиши белгилаб берилди.

Бундан ташқари, низомнинг 5-бандига мувофиқ, комиссиялар раис (туман (шаҳар), вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ёки уларнинг ўринбосари), раис ўринбосари, масъул котиб ва комиссиянинг 6–12 нафар аъзосидан иборат таркибда тузилади. Комиссия аъзолари сони комиссиянинг иш ҳажмига қараб белгиланади. Комиссиянинг масъул котиби жорий ишларни ва комиссия қарорларининг бажарилиши юзасидан назоратни амалга оширади. Туманлар (шаҳарлар), вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги комиссияларда масъул котиб лавозими, зарурият бўлганда эса вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича инспектор лавозими жорий этилади. Комиссия таркибига тегишли равишда халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, соғлиқни сақлаш, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, ички ишлар органлари, шунингдек хотин-қизлар қўмитаси, касаба уюшмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, мудофаага кўмаклашиш жамияти, меҳнат жамоалари, маданий-маърифий ва бошқа муассасаларнинг вакиллари кирадилар. Комиссиялар таркибида: вояга етмаганлар ўртасида маданий-тарбиявий ишлар бўйича, таълим муассасалари ўқувчилари билан ишлаш бўйича, вояга етмаганларни ишга жойлаштириш ва уларнинг маиший турмуш шароитларини яхшилаш масалалари бўйича, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган ва тарбиялаш колонияларидан озод қилинган вояга етмаганларни назорат қилиш бўйича секциялар ташкил этилиши мумкин.

Шу билан бирга, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизликва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси соҳасидаги муносабатларни тегишли қонун қабул қилиш йўли билан тартибга солиш мақсадида, 2010 йил 29 сентябрда “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Мазкур қонун билан вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасига доир фаолиятнинг асосий принциплари, ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларнинг иштироки, ушбу соҳани амалга оширувчи органлар белгилаб берилди.

Жумладан, мазкур қонуннинг 10-моддасига мувофиқ, ички ишлар органлари вояга етмаганлар ўртасида назоратсизликва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини ўз ваколатлари доирасида амалга оширади. Ички ишлар органларининг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи махсус бўлинмалари вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси бўлинмаларидан ҳамда вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларидан (бундан буён матнда ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази деб юритилади) иборатдир. Ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасида ўз ваколатлари доирасида иштирок этади ҳамда зарур ёрдам кўрсатади.

Хулоса ўрнида шуни таъкилаш лозимки, юқорида санаб ўтилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар вояга етмаган жиноят содир этган шахслар билан ишлаш, улар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, жазони ўтаган вояга етмаган шахсларнинг ижтимоий ҳаётга мослашишида кўмаклашиш, уларнинг турли оқимларга кириб қолишини олдини олиш ҳамда ушбу соҳага масъул бўлган органлар саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва ушбу органларнинг иш самарадорлигини тўлиқ таъминлашга ҳизмат қилади.

Анвар Кадиров,  Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги  

Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси бош маслаҳатчиси