Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Нотариат институти:ислоҳот ва истиқболлар

Дата: 07.07.2016    

Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида бозор муносабатлари жадал ривожланиб бормоқда. Бу эса ижтимоий-иқтисодий муносабатларни босқичма-босқич ҳамда изчил равишда ҳуқуқий тартибга солишни тақозо этади.

Маълумки, Конституциямизнинг 53-моддасига асосан: “Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди”.

Конституциядаги ушбу кафолатлар мулкий муносабатларнинг ривожланишига хизмат қилиб, нотариал тасдиқланиши лозим бўлган битимлар тузиш заруратини вужудга келтиради. Ўз навбатида, шартномаларнинг тўғри ва белгиланган қоидаларга мувофиқ расмийлаштирилиши ҳамда уларнинг вақтида ижро этилишини таъминлашда нотариат институти муҳим ўрин тутади.

Қайд этиш лозимки, нотариат институти жисмоний ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқлари бўйича малакали юридик ёрдам олиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий низоларнинг олдини олиш, шунингдек, ҳуқуқий муносабатларни ишончли ва тинч йўл билан ҳал этилишини таъминлайди.

Шундай экан, нотариуслар нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш йўли билан фақат низосиз бўлган фактларни тасдиқлашларини эътироф этиш жоиз. Чунки нотариал ҳаракатни расмийлаштиришда тарафлар нотариусга ўз хоҳиш-иродаларига кўра ҳамда битимларни тасдиқлаш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва белгиланган тўловларни тўлаган ҳолда мурожаат этадилар.

Нотариусларга бўлган мурожаатлар таҳлилига кўра, 2013 йилда 4,5 миллион, 2014-2015 йилларда эса 5 миллиондан зиёд нотариал ҳаракатлар амалга оширилган. Нотариал ҳаракатлар сонининг йилдан-йилга кўпа­йиб бораётганлиги давлат нотариал идораларига мурожаат қилувчиларнинг сони ва иш ҳажмининг ортиб бораётганлигидан далолат беради.

Бу эса, ўз навбатида, қў­шимча равишда нотариус штат бирликларини жорий этишни тақозо этади.

Таъкидлаш жоизки, ҳар бир ҳудудда нотариусга бўлган эҳтиёж Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 2 июндаги қарори билан тасдиқланган “Нотариал округда нотариуслар лавозимлари сонини белгилаш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан аниқланади. Ушбу низомда тегишли ҳудуддаги нотариусларга бўлган эҳтиёжни аниқлашнинг 2 та мезони мавжуд бўлиб, яъни аҳоли сони ва нотариал ҳаракатлар сонига кўра белгиланади.

Бунда, ҳар бир нотариус лавозими Тошкент ва Нукус шаҳри ҳамда вилоят марказларидаги нотариал округларда 15 мингдан кўп бўлмаган аҳолига, вилоят бўйсунишидаги шаҳарларда 25 мингдан кўп бўлмаган аҳолига, қиш­лоқ жойларда эса 30 минг­дан кўп бўлмаган аҳолига нисбатан жорий қилинади.

Нотариал ҳаракатлар сони эса бир нотариусга бир ойда ўртача 350-500 тани ташкил этиши лозим.

Ҳудудлардаги аҳоли сони ва нотариал ҳаракатлар ҳажми ушбу мезонлардан ошган тақдирда қўшимча нотариус лавозимлари жорий қилинади.

Ўз навбатида, айтиб ўтиш лозимки, “Нотариат тўғрисида”ги Қонунга кўра, нотариус оддийдан мураккабгача бўлган, жумладан, ҳужжатлар нусхалари, васиятномалар, ҳужжатлардаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлаш, мулкни тасарруф этиш битимлари, гаров (ипотека) шартномалари, мерос ишларини расмийлаштириш каби нотариал ҳаракатларни ҳам амалга оширади.

Ҳужжатлар нусхалари, ҳужжатлардаги имзонинг ҳа­қиқийлигини шаҳодатлаш енгил турдаги нотариал ҳаракатлар ҳисобланса-да, ушбу нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёни нотариусдан лозим даражада синчковлик ва вақт талаб этади.

Чунки “Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 35-моддасига асосан нотариуслар нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун қириб ўчирилган ёки қўшимчалар киритилган, сўзлари устидан чизилган ва изоҳ берилмаган бошқа тузатишлари бўлган ҳужжатларни, шунингдек, қаламда ёзилган ҳужжатларни қабул қилмайди.

Авваламбор шуни таъкидлаш жоизки, нотариус ҳар бир нотариал ҳаракатларни расмийлаштиришда фуқароларнинг муомала лаёқатини ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ лаёқатини текширади. Фуқароларнинг муомала лаёқатини улар билан суҳбат давомида аниқлайди. Бунда нотариус томонидан фуқарога тегишли саволлар берилади ва бу ҳам маълум вақтни талаб қилади.

Чунки муомалага лаёқатсиз фуқаро томонидан тузилган ҳар қандай битимлар Фуқаролик кодексининг 119-моддасига асосан ўз-ўзидан ҳақиқий эмас, деб ҳисобланилади.

Шу билан бирга мураккаб нотариал ҳаракатлар жумласига кирувчи гаров шартномаларини тасдиқлаш учун нотариус гаровга қўйилаётган мулкнинг мулкдорга тегишли эканлигини, унга нисбатан тақиқ ҳамда келгусида даъво қилувчи турмуш ўртоғи ёки бошқа шахслар бор-йўқлиги ва уларнинг розилиги олинганлиги, гаровга олувчи бўл­ган юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқати каби ҳолатларни текшириши лозим. Бу ҳужжатларни тўлиқ ўрганиш учун эса нотариусдан бир неча кун вақт талаб этилади.

Шунингдек, мерос ишларини расмийлаштириш ҳам, ўз навбатида, жуда мураккаб бўлган нотариал ҳаракатлардан бири ҳисобланиб, бунда нотариус мерос қолдирувчининг мол-мулкини, меросхўр­лар сони, мажбурий улуш олувчиларнинг мавжудлигини ва уларнинг меросга бўлган улушини алоҳида эътибор ва синчковлик билан ўрганиши лозим. Бундан ташқари, ҳужжатларни кўриб чиқиш чоғида нотариусда ҳужжатларга нисбатан шубҳа уйғонган тақдирда “Нотариат тўғрисида”ги Қонунга биноан қўшимча маълумотларни талаб қилиш ёки ҳужжатларни экспертизага юбориши мумкин. Бу жараён эса баъзида ойлаб вақт талаб этади.

Айтиб ўтиш лозимки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1972-моддасига кўра, нотариусга нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни тақдим этмаганлик учун энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима жазоси белгиланган.

Афсуски, айрим ҳолатларда фуқаролар томонидан оқибатини ўйламаган ҳолда нотариусга меросхўрлар дои­раси тўлиқ кўрсатилмаган ҳолда ҳужжатларни тақдим этиши ёки айрим меросхўрлар ҳақидаги маълумотларни яшириб кўрсатиш, ёлғон маълумотлар тақдим этиш ва нотариал ҳаракатларни зудлик билан амалга оширишни талаб этиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Маълумки, Фуқаролик кодексининг 123-моддасига кўра алдаш, зўрлик, қўрқитиш, бир тараф вакилининг иккинчи тараф билан ёмон ниятда келишиши таъсирида тузилган битим суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин.

Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ҳақиқий эмас, деб топилаётган нотариал ҳаракатлар ичида меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома сони 2014 йилда 25 фоизни, 2015 йилда эса 37 фоизни ташкил этди. Бу турдаги нотариал ҳаракатларнинг ҳақиқий эмас, деб топилиш сабаблари ўрганилганда эса меросхўрлар доираси тўлиқ аниқланмаганлиги ёки фуқаролар томонидан бошқа меросхўрларни яшириш ҳолатлари мавжудлиги кузатилди.

Шундай экан, нотариус ўз вазифасини бажариш чоғида шошмашошарликка йўл қўй­маслиги, ҳар бир тузиладиган битимнинг ҳуқуқий оқибатини англаб етиши ва битим иштирокчиларига тушунтириши лозим бўлади. Бу эса, ўз навбатида, нотариус томонидан амалга оширилиши лозим бўлган нотариал ҳаракатни тайёрлаш жараёнида қўшимча вақт талаб этади.

Чунки нотариус ўз касбий мажбуриятларини етарлича бажармаганлиги оқибатида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига етказилган зарар учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жавобгар бўлади.

Шунга кўра, нотариусларнинг ўз касбий мажбуриятларини лозим даражада бажаришига имкон яратиш, фуқароларнинг ортиқча оворагарчилиги ва давлат нотариал идораларида навбат кутиши каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида “Давлат нотариал идораларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини навбатма-нав­бат қайд этиш тартиби тўғрисида”ги низом қабул қилинди. Унга асосан, жисмо­ний ва юридик шахслар нотариал идораларга бевосита келиб ёки телефон орқали ўзлари учун қулай ва аниқ вақтда нотариус қабулига ёзилиши мумкин.

Айтиб ўтиш лозимки, аксарият ҳолатларда давлат нотариал идораларига фуқаролар нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ҳолда мурожаат этишади. Бу ҳам нотариал идорага мурожаат қилувчилар сони ошишига ва нотариусга боғлиқ бўлмаган ҳолда навбат кутиб ўтириш каби ҳолатларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Шунга кўра, нотариат соҳасининг долзарб масалалари ва мураккаб бўлган нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш тартиблари ҳақида нотариуслар томонидан маълумотлар бериб бориладиган “Нотариус маслаҳати” теле­дас­турининг эфирга узатилиши кўплаб телетомошабинларнинг қизиқишига сабаб бўлди. Мазкур теледастурнинг эфирга узатилишидан кўзланган асосий мақсад аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган бўлиб, ҳозирда ушбу кўрсатув негизида қамрови юридик хизматнинг адвокатура, ФҲДЁ йўналишлари, шунинг­дек, қонунчиликнинг бошқа соҳаларини ҳам қамраб оладиган “Менинг ҳуқуқим” кўрсатуви йўлга қўйилди. Унда соҳа мутахассисларининг аҳоли учун муҳим бўлган мавзуларда чиқишлари юқори савияда таъминланиб келинмоқда.

Бундан ташқари, Адлия вазирлиги ва ҳудудий адлия органларининг расмий веб-сайтларида нотариал ҳаракатлар учун давлат божи, пуллик хизмат ва герб йиғимлари қийматининг автоматлаштирилган ҳисоб-китобини амалга оширишни назарда тутувчи электрон калькулятор дастури яратилган бўлиб, унга кўра, жисмоний ва юридик шахслар аниқ нотариал ҳаракатлар бўйича тўловлар миқдори ҳақида олдиндан билиш имконига эга бўлишди.

Бунинг натижасида, фуқароларимиз нотариусга мурожаат этгунига қадар нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун зарур ҳужжатлар ва ундириладиган тўловлар ҳақида олдиндан биладилар.

Шу билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва уларда нотариал ҳаракатлар, уларнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида тушунчаларни мунтазам равишда шакллантириб бориш мақсадида Адлия вазирининг “Аҳолига нотариал ҳаракатларга оид бепул маслаҳат бериш кунларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинди. Бугунги кунда жойларда аҳолига нотариал ҳаракатларга оид бепул маслаҳат бериш кунлари ташкил этилган бўлиб, тегишли режалар асосида нотариуслар томонидан аҳолига ҳуқуқий маслаҳатлар бериб борилмоқда.

Шунингдек, ҳар бир давлат нотариал идораларида нотариал ҳаракатни расмийлаштириш учун талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати, намунаси ва тўловлар (давлат божи, герб йиғими ва пуллик хизмат) миқдори, шу­нинг­дек, давлат божи тўлашдан озод этиладиган шахслар ҳақидаги маълумотлар, апостиль (легализация) қилиш тартиблари, ушбу масалалар билан шуғулланадиган ташкилотлар ва ходимлар ҳақида маълумотлар, шунингдек, “Ишонч телефони” рақамлари фуқароларга кўринарли жойларда ташкил этилди.

Бундан ташқари, нотариусларнинг ўз вазифаларига виждонан, холисона ёндашиши, фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатишдаги масъулиятини ошириш борасида ҳам бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, “Нотариат тўғ­рисида”ги Қонуннинг 38-моддасида нотариуснинг нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш асослари белгиланган. Ушбу Қонунда кўрсатилмаган ҳолатларда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиши нотариус томонидан қонунга хилоф хатти-ҳаракат содир этилган деб топиш учун асос ҳисобланади. Шунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги Қонунига асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси янги 1933-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, нотариал ҳаракатни амалга оширишни қонунга хилоф равишда рад этганлик учун энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима жазоси белгиланди.

Бугунги кунда нотариат соҳасидаги ислоҳотлар нотариал ҳаракатларни амалга оширишдан манфаатдор бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун билан ўрнатилган ҳуқуқларини янада мус­таҳ­камлашга, нотариусларнинг эса уларга мурожаат этган шахс­лар олдидаги мажбуриятларини виждонан ва ҳалол бажаришига йўналтирилмоқда. Бу эса, давлатимиз раҳбари бош ислоҳотчи бўлган мамлакатимизда амалга оширилаётган барча соҳалардаги ислоҳотлар демократик жамият барпо этишнинг бош омили эканлигини англатади.

Дилбаҳор Якубова, Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи