Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмини таъминлаш масалалари: адвокатура институти

Дата: 19.07.2016    

Жаҳон ҳамжамияти олдида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бугунги кунда ҳар қачонгидан кўра долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Ушбу масала билан жаҳон миқёсида бир нечта халқаро ташкилотлар шуғулланишади. Бундан ташқари, ҳар бир давлатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўзига хос механизмлар яратилган бўлиб, Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат органлари ва нодавлат ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги тизимида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича алоҳида бошқармалар ташкил этилган бўлиб, мазкур тузилмалар томонидан тегишли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Шунингдек, республикамизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолияти билан нодавлат ташкилотлари ҳам шуғулланиб келаётган бўлиб, улар ичида адвокатуранинг ўрнини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим бўлади.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг юртимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш, фуқароларни малакали юридик ёрдам олиш имконияти билан таъминлаш, адвокатура соҳасини юқори малакали кадрлар билан тўлдириш ва адвокатларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш асосида шу соҳани ривожлантиришга қаратилган чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Дарҳақиқат, адвокатура институти шахсларнинг кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда муҳим ўрин эгаллаганлиги сабабли, фуқаролар ва ташкилотларнинг адвокатура томонидан кўрсатиладиган малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (116-модда) билан кафолатланди.

Унга кўра, 1996 йил 27 декабрда “Адвокатура тўғрисида”ги ҳамда 1998 йил 25 декабрда Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари қабул қилинди.

Давлатимиз Раҳбари И.Каримов томонидан кейинги йилларда адвокатура институтига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Айблов билан химоянинг тенглигини, тортишувчанлик тамойилини амалда таъминлаш, тергов ва суд ишининг барча босқичида фуқароларга малакали юридик ёрдам кўрсатишнинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш суд-хуқуқ ислохотларининг долзарб вазифалари қаторига киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 1 майдаги“Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилинганлиги юқорида кўрсатилган вазифаларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирларнинг асосий йўналишларини белгилаб берди.

Фармон фуқароларнинг тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамлайдиган конституциявий нормани амалга ошириш, адвокатуранинг ташкилий мустақиллигини таъминлаш, уни юқори малакали кадрлар билан тўлдириш, адвокатларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, адвокатлик касбининг обрўси ва нуфузини оширишда, адвокатура институтини ислоҳ қилишда моҳият жиҳатдан янги босқични бошлаб берди. Таъбир жоиз бўлса тарихий аҳамият касб этди.

Фармонда мажбурий аъзоликка асосланган ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Адвокатлар ассоциациясининг ҳуқуқий вориси сифатида, унинг негизида, адвокатуранинг марказлашган ўзини-ўзи бошқариш тизими бўлган Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасини ташкил этиш назарда тутилди. Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди ва Палата 2008 йил 23 октябрда Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилди. Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Палатанинг ҳудудий бошқармалари фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳузурида ва унинг ҳудудий бошқармаларида Олий малака комиссияси ҳамда малака комиссиялари ташкил этилиб, уларнинг аъзолари таркиби белгиланган тартибда тасдиқланди.

Бундан ташқари, адвокатура институтини ислоҳ қилиш, адвокатларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, ушбу касбнинг обрўси ва нуфузини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, 5 та Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва 9 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Жумладан, 2008 йил 31 декабрда “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни тасдиқланиб, амалга киритилди.

Ушбу қонуннинг асосий мақсади фуқароларнинг тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамлайдиган конституциявий нормани амалга ошириш, адвокатуранинг ташкилий мустақиллигини таъминлаш, уни юқори малакали кадрлар билан тўлдириш, адвокатларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, адвокатлик касбининг обрўси ва нуфузини ошириш ҳисобланади.

Мазкур Қонун асосида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия кодексларига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, “Адвокатура тўғрисида”ги ва “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 46 ва 48-моддаларига киритилган ўзгартишларда айбланувчининг ва гумон қилинувчининг ҳуқуқларини кенгайтириш назарда тутилди. Хусусан, мазкур шахсларга қамоққа олинганлиги ва турган жойи тўғрисида адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёки хабар бериш, учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда адвокат билан учрашиш ҳуқуқи, кўрсатувлар беришдан бош тортиш ҳамда берган кўрсатувларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор этилиш ҳуқуқи, шунингдек материаллар ва ҳужжатлардан техника воситалари ёрдамида ўз ҳисобидан нусхалар олиш ёки уларда кўрсатилган маълумотларни ўзга шаклда қайд этиш ҳуқуқи берилди.

Жиноят процессининг исталган босқичида юридик ёрдам олиш ҳуқуқини кафолатлайдиган конституциявий нормани амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг “Ҳимоячи” деб номланган 49-моддаси жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлигига бўлган ҳуқуқи ҳақиқий чекланган пайтдан эътиборан ишда ҳимоячи иштирок этишига рухсат этилишини таъминлайдиган норма билан тўлдирилди.

Бундан ташқари ҳимоячи, агар гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи қамоқда бўлса, у билан жиноят ишини юритишга масъул давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг рухсатисиз, учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда холи учрашишга ҳақли.

Шунингдек, “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига киритилган ўзгартишларга тўхталадиган бўлсак, мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар ўн иккита моддага тааллуқли бўлиб, ушбу Қонун ўн битта янги модда билан тўлдирилди.

“Адвокат” тушунчаси таърифига бағишланган 3-модда адвокатнинг асосий адвокатлик фаолиятидан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишини тақиқловчи норма билан тўлдирилди (илмий ва педагогик фаолият, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасидаги ва унинг ҳудудий бошқармаларидаги фаолият бундан мустасно). Ушбу Қонунга киритилган, адвокат мақомига эга бўлиш тартибини белгилайдиган 31-моддага кўра, жумладан, адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия адлия органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузурида тузиладиган малака комиссияларининг (13-модда) қарорлари асосида берилади. Айни вақтда лицензия олиш учун риоя этилиши шарт бўлган янги талаб ҳам киритилди. Бу юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиш, шу жумладан адвокатлик тузилмасида камида олти ой стажировка ўтаган бўлиш талабидир.

Шунингдек, малака имтиҳонини топширган шахс уч ой ичида лицензия олиш учун адлия органларига мурожаат қилиши кераклиги, бу муддат ўтказиб юборилган тақдирда мазкур шахс малака имтиҳонини такроран топшириши шартлиги назарда тутилди. Адвокатликка талабгор лицензия олганидан кейин уч ой ичида адвокатлик қасамёдини қабул қилиши ва адвокатлик тузилмасини тузиши ёҳуд фаолият кўрсатаётган адвокатлик тузилмаларидан бирига аъзо бўлиб кириши шарт. Адвокатлик тузилмаси рўйхатдан ўтказилган ёки талабгор фаолият кўрсатаётган адвокатлик тузилмасига кирганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар адлия органлари томонидан қабул қилиб олинган пайтдан эътиборан уч иш куни ичида талабгорга адвокатлик мақоми олганлигини ҳам тасдиқлайдиган гувоҳнома берилади. Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси гувоҳнома берилганлиги ҳақидаги хабарномани олган пайтдан эътиборан адвокат Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг аъзоси бўлади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 июндаги 137-сон “Адвокатлар томонидан кўрсатилган юридик ёрдам учун давлат ҳисобидан ҳақ тўлаш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кам таъминланган шахсларнинг адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик ёрдамдан фойдаланишини таъминлаш чора-тадбирлари назарда тутилди. Мазкур қарор ҳам давлатимиз томонидан илгари сурилган кучли ижтимоий ҳимоя принципининг амалдаги яна бир яққол исботи бўлиб хизмат қилди.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Олий малака комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” “Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида” “Адвокат стажёри фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида”, “Адвокат ёрдамчиси фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида”, “Адвокатлик гувоҳномаси ва адвокатларнинг давлат реестрларини юритиш тартиби тўғрисида”, “Адвокат томонидан ишни олиб боришга ордер шаклини тасдиқлаш тўғрисида”, “Адвокатларнинг касбий малакасини оширишни ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ва “Адвокатлик тузилмаларининг статистик маълумотлар шаклларини тасдиқлаш ҳақида”ги Адлия вазирининг буйруқлари қабул қилиниб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилди.

Ҳозирда 1557 та адвокатлик тузилмалари, шундан, 1060 та адвокатлик бюроси, 430 та адвокатлик фирмаси ва 67 та адвокатлар ҳайъати фаолият кўрсатаётган бўлиб, ушбу адвокатлик тузилмаларида жами 3977 нафар адвокатлар фуқароларга юридик ёрдам кўрсатишмоқда.

Бугунги кунда адвокатлар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари самарали равишда ҳимоя қилиб келинмоқда. Жумладан, 2015 йил давомида республика адвокатлари томонидан жиноят процессида иштирок этиш учун ишонч билдирувчи ва ҳимоя остидаги шахслар билан 112 658 та, фуқаролик процессида иштирок этиш учун 47 765 та, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларда иштирок этиш учун 3 981 та, хўжалик процессида иштирок этиш учун эса 3 303 та юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида битимлар тузилган.

Бундан ташқари, адвокатура нафақат фуқароларнинг балки фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг ҳам ҳуқуқларини ҳимоя қилиши кераклигини инобатга олган ҳолда, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, мазкур қонуннинг 39-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, унга кўра қўзғатилган жиноят ишлари бўйича текширувлар уларни ўтказишнинг барча босқичларида тадбиркорлик субъектлари томонидан жалб этилган адвокатлар албатта иштирок этган ҳолда (тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу ҳуқуқнинг рад этилиши ҳоллари бундан мустасно) амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитасининг 2016 йил 13 январдаги қарорига кўра, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ қўзғатилган жиноят ишлари бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширишларда адвокатларнинг мажбурий иштирокини таъминлаш тартибини белгиловчи низом тасдиқланди.

Хулоса қилиб айтганда, ҳозирда адвокатура соҳаси бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар адвокатура тизимини тубдан ислоҳ қилиш, унинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги аҳамиятини кучайтириш ва унинг чинакам мустақиллигини кафолатлаш, энг муҳими, инсон, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг мақсади ва фаолиятининг асоси эканлигини яна бир бор тасдиқламоқда.

И.Кудратов, Адлия вазирлги бўлим бошлиғи