Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Бола ҳуқуқлари кафолатларининг қонунчилик асослари

Дата: 20.07.2016    

Мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланиб, бугунги кунда унинг тўлақонли қонунчилик асослари яратилган.

Жумладан, бола ҳуқуқлари кафолатларининг қонунчилик асослари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Оила кодекси, ”Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Васийлик ва ҳомийлик органлари тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида ўз аксини топган бўлиб, уларда боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш; боланинг ҳаёти ва соғлиғини, қадр-қимматини муҳофаза қилиш; унинг камситилишига йўл қўймаслик; ёш авлоднинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш каби бу борадаги сиёсатнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган.

Болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий қонунчилигимизнинг асослари қуйидаги ўзига хос хусусиятларга эгалиги билан ажралиб туради:

биринчидан, ушбу қонунчилик асослари болаларни ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва принципларига тўла мос келади. Бунда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияда белгилаб берилган қоидаларнинг миллий қонунчилигимизда тўла ўз аксини топганлигини эътироф этиш ўринлидир;

иккинчидан, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида белгилаб берилган инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари (сиёсий ҳуқуқ ва эркинликлардан ташқари) тўлалигича болаларга ҳам тегишли бўлади;

учинчидан, ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш жараёнида давлат ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган, шунингдек етим болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг кафолати сифатида намоён бўлади;

тўртинчидан, давлат болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритадиган нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини доимий равишда рағбатлантириб боради, уларнинг фаолиятига кўмаклашади ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

Болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларида бола ҳуқуқларининг қонуний кафолатлари алоҳида белгилаб қўйилганлиги эътиборга молик. Унга кўра, ҳар бир болага инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тегишли бўлади ҳамда давлат томонидан кафолатланади. Хусусан, бундай ҳуқуқ ва эркинликлар сифатида қуйидагилар назарда тутилади:

ҳар бир болага яшаш ҳуқуқи кафолатланади. Бунда яшаш ҳуқуқи ҳар бир боланинг узвий ҳуқуқи ҳисобланиб, бола ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир;

ҳар бир бола соғлиғини сақлаш ҳуқуқига эга. Давлат соғлом бола туғилишини таъминлаш учун онага унинг соғлиғини сақлаш шароитларини яратади ҳамда болаларга қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳажмда бепул тиббий ёрдамни кафолатлайди. Боланинг соғлиғини сақлаш ҳуқуқи давлат томонидан малакали тиббий хизмат кўрсатилишини ташкил қилиш, боланинг, унинг ота-онасининг саломатлигини назорат қилиш ва болалар касалликлари профилактикасини олиб бориш, болалар ва ўсмирларни даволаш-профилактика муассасаларида диспансер кузатувини олиб бориш ҳамда даволаш каби йўллар билан таъминланади;

Ҳар бир бола билим олиш ҳуқуқига эга. Давлат боланинг бепул мажбурий умумий ўрта таълим, шунингдек ўрта махсус касб-ҳунар таълими олишини кафолатлайди.

Бундан ташқари, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ бола ҳуқуқларининг қуйидаги кафолатлари мустаҳкамлаб қўйилган:

боланинг индивидуалликка ва уни сақлаб қолишга бўлган ҳуқуқи кафолатлари. Унга кўра, ҳар бир бола туғилган пайтдан эътиборан фамилия, исм, ота исми олиш, миллати ва фуқаролигига эга бўлиш ҳуқуқига, шунингдек уларни сақлаб қолиш ҳуқуқига эга;

боланинг эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи кафолатлари. Унга кўра, ҳар бир бола эркинлик, шахсий дахлсизлик, турар жойи дахлсизлиги ва хат-хабарларини сир тутиш ҳуқуқига эга. Ҳар бир бола ўз шаъни ва қадр-қимматига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига ғайриқонуний аралашувлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Бола қонунга асосланмаган ҳолда ушлаб турилиши, ҳибсга олиниши, қамоққа олиниши мумкин эмас. Давлат боланинг шахси, турар жойи дахлсизлигини, хат-хабарлари сир тутилишини таъминлайди ҳамда болани эксплуатациянинг барча шаклларидан, шу жумладан жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонликдан, қийноққа солишлардан ёки шафқатсиз, қўпол ёхуд инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа шаклдаги муомаладан, жиноий фаолиятга, фоҳишалик билан шуғулланишга жалб этилишдан ҳимоя қилишни амалга оширади;

боланинг ҳимояга бўлган ҳуқуқи кафолатлари. Унга кўра, ҳар бир болага унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг қонунга хилоф қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади;

боланинг оилавий муҳитга бўлган ҳуқуқи кафолатлари. Ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, улар билан бирга яшаш ва уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш ҳуқуқига эга, унинг манфаатларига зид бўлган ҳоллар бундан мустасно. Боланинг ота-онаси бўлмаганда, улар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда ҳамда бола ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бошқа ҳолларда унинг оилада яшаш ҳамда тарбияланиш ҳуқуқи васийлик ва ҳомийлик органи томонидан таъминланади;

боланинг ғайриқонуний кўчирилишдан ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатлари. Ҳар бир бола ғайриқонуний кўчирилишдан ва чет элдан қайтарилмасликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга;

боланинг ўз фикрини ифода этиш ҳуқуқи кафолатлари. Оилада ҳар бир бола ўз фикрини ифода этишга, шунингдек ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида ўз манфаатларига тааллуқли масалалар юзасидан сўзлашга ҳақлидир;

боланинг ахборот олиш ҳуқуқи кафолатлари. Ҳар бир бола ўзининг соғлиғи, ахлоқий ва маънавий камол топишига зиён етказмайдиган ахборотни олиш ҳуқуқига эга. Ҳар бир бола ҳар қандай ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга, қонунда назарда тутилган чеклашлар бундан мустасно. Порнография, шафқатсизлик ва зўравонликни намойиш этувчи, инсон қадр-қимматини таҳқирловчи, болаларга зарарли таъсир кўрсатувчи ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлувчи оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш, адабиётларни тарқатиш ҳамда фильмларни намойиш этиш тақиқланади;

боланинг фикрлаш, сўз, виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқи кафолатлари. Бола фикрлаш, сўз, виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.

Боланинг фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги қонунда белгиланган тартибда чекланиши мумкин;

боланинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқи кафолатлари. Бола қонунда белгиланган тартибда хусусий мулк ҳуқуқига эга бўлиши мумкин. Боланинг шахсий фойдаланишида бўлган, бола томонидан ҳадя, мерос тариқасида олинган, шахсий меҳнати эвазига ёки бошқа қонуний усулда олинган буюмлар, мол-мулк унинг хусусий мулкидир;

боланинг турар жойга бўлган ҳуқуқлари кафолатлари. Ҳар бир бола турар жойли бўлиш ҳуқуқига эга. Мазкур ҳуқуқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади;

боланинг меҳнат қилиш ҳуқуқи кафолатлари. Ҳар бир бола ўзининг ёши, соғлиғининг ҳолати ва касбий тайёргарлигига мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат қилиш, фаолият турини ва касбни эркин танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқига эга.

Бундан ташқари, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари ҳам назарда тутилган. Унга кўра, бундай тоифа болалар ҳуқуқларининг қуйидаги кафолатлари белгиланган:

ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг оила муҳитига бўлган ҳуқуқи кафолатлари;

ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг жамиятга уйғунлашиш ҳуқуқи кафолатлари;

ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг турар жойга бўлган ҳуқуқлари кафолатлари;

ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ижтимоий ёрдам олишга бўлган ҳуқуқи кафолатлари;

ногирон болалар, жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болаларнинг тиббий-ижтимоий ёрдам олишга бўлган ҳуқуқи кафолатлари;

ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг таълим олиш ҳуқуқи кафолатлари.

Мамлакатимизда бола ҳуқуқларини амалга ошириш нафақат давлат томонидан қўллаб-қувватланади, балки бу соҳада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўрни беқиёсдир.

Ушбу масала миллий қонунчилигимизда ҳам ўз аксини топган. Мисол учун, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари болага унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришда ва ҳимоя қилишда кўмаклашади, болага ёки унинг қонуний вакилига ҳуқуқий, услубий, ахборотга оид ва бошқа ёрдам кўрсатади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари:

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича давлат дастурлари ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишда ҳамда рўёбга чиқаришда иштирок этиши;

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга доир ваколатларни амалга оширишда давлатдан ва халқаро ташкилотлардан услубий, ташкилий ҳамда молиявий ёрдам олиши мумкин.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 2004 йилда мамлакатимизда Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ташкил этилди. Ушбу марказнинг вазифаси уч тоифадаги болаларни, яъни:

жисмоний имкониятлари чекланган (ногиронлар, жисмоний нуқсони бўлган ҳамда асаб ва руҳияти бузилган болалар, сурункали оғир касалликлардан азоб чекувчи болалар);

ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан хатарли гуруҳларга кирадиган болаларни (етимлар, ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар қаровисиз қолган болалар, нотинч оилалар болалари);

ижтимоий мослашувда қийинчиликка эга бўлган, бироқ хатарли гуруҳларга кирмайдиган алоҳида иқтидорли болаларни (умумий махсус қобилиятли болаларни, хусусан: спортга, бадиий, илмий ва бошқа қобилиятларга эга бўлган болаларни) ижтимоий мослаштириш муаммоларини ўрганишдан иборат бўлиб, марказ ўзининг вазифаларини самарали ҳамда бошқа нодавлат ташкилотларига ўрнак бўладиган даражада амалга ошириб келмоқда. Шуни инобатга олиб, марказ фаолиятини ривожлантириш ва уни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Республика болалар ижтимоий мослашуви марказининг минтақавий филиаллари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 68-сон қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан Қарши ва Самарқанд вилоятларида марказ филиаллари ташкил қилиниши қўллаб-қувватланди.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз томонидан навқирон авлоднинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етиши учун барча ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилган. Жумладан, бугунги кунда болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган норматив-ҳуқуқий базанинг мавжудлиги мамлакатимиизда болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ишончли кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Ш.Дониёров, Адлия вазирлиги масъул ходими