Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Адвокатура институти истиқболи

Дата: 02.08.2016    

Истиқлол йилларида адвокатура институти тубдан ислоҳ қилинди. Пировардида, адвокатларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузи сезиларли даражада ошди.

Масалан, 1996 йил 27 декабрдаги “Адвокатура тўғрисида”ги ва 1998 йил 25 декабрдаги “Адвокатлик фаолия­тининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилиниши адвокатура тизимини такомиллаштиришда ҳуқуқий асос бўлди.

Бундан ташқари, Президентимизнинг 2008 йил 1 майдаги “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони адвокатура соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг узвий давоми бўлди.

Мазкур Фармонда барча адвокатларнинг мажбурий аъзолигига асосланган Ўзбекистон Республикаси адвокатлар палатасини тузиш белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси адвокатлар палатаси ташкил қилингач, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган барча адвокатлар малакаси ва мавқеини юқори даражага кўтаришга қаратилган ҳуқуқий асослар ишлаб чиқилди.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 9 мартдаги “Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш ва адвокатлик тузилмаларини ташкил этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ана шундай ҳуқуқий асосларга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатдир.

Мазкур қарорга биноан адвокатлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга малакали ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсадида, адвокат илмий ва педагогик, шунинг­дек, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасидаги ва унинг ҳудудий бошқармаларидаги фаолиятидан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмаслиги кўрсатилган. Шунингдек, адвокат мақомини олиш талабгор шахс юридик мутахассислиги бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиши, шу жумладан, адвокатлик тузилмасида олти ой муддат стажировка ўтаган ва малака имтиҳонини топширган, малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгор эса лицензия олиш учун тегишли адлия органига уч ой ичида мурожаат қилиши кераклиги белгиланган.

Белгиланган тартибга асосан лицензия олган талабгор уч ой ичида адвокат қасамёдини қабул қилиши ва якка тартибда ёки лицензияга эга бўлган бошқа шахслар билан биргаликда адвокатлик тузилмасини тузиши ёхуд фаолият кўрсатаётган адвокатлик тузилмаларидан бирига кириши лозимлиги қайд этилди.

Шу ўринда таъкидлаш мумкинки, бугунги кунда Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан 115 та адвокатлик тузилмаси рўйхатдан ўтказилган бўлиб, шундан 89 таси адвокатлик бюроси, 24 таси адвокатлик фирмаси, 1 та адвокатлар ҳайъати ва 1 та юридик маслаҳатхонани ташкил этади. Ушбу тузилмаларда адвокатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига, таъсис ҳужжатлари ва устав талабларига ҳамда касб этикаси қоидаларига риоя қилиш аҳволи ўрганилиб, адвокатлик тузилмаларининг иш тажрибаси оммалаштириб келинмоқда.

Бундан ташқари, вилоят адлия бошқармаси ва Адвокатлар палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси билан биргаликда адвокатлик тузилмаларида иш юритиш самарадорлигини ошириш бўйича услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида янги қабул қилинаётган ва амалдаги қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар юзасидан доимий равишда семинар машғулотлари ўтказилмоқда.

Шуни алоҳида айтиш жоизки, адвокатура соҳасини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилган ўзгаришлар ҳамда фуқароларнинг малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқини таъминлашнинг самараси кўп жиҳатдан ҳозирги кунда фаолият кўрсатиб турган адвокатларнинг касб-маҳоратига, билим савиясига ва улар томонидан ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларини қанчалик англаб олишларига бевосита боғлиқдир. Бундай фикр юритишга сабаб Ўзбeкистoндa кичик бизнeс вa xусусий тaдбиркoрликни жaдaл ривoжлaнтиришгa қaрaтилгaн улкaн эътибор адвокатура институтини ҳам четлаб ўтмади.

Шу боис, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 39-моддасига мувофиқ, қўзғатилган жиноят ишлари бўйича текширувлар, уларни ўтказишнинг барча босқичларида тадбиркорлик субъектлари томонидан жалб этилган адвокатлар албатта иштирок этган ҳолда амалга оширилади.

Хулоса қилиб айтганда, адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан амалга оширилган барча ишлар инсон, унинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга қаратилгандир.

Ш.Абдухалимов, Бухоро вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари