Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимларни тасдиқлаш тартиби

Дата: 26.08.2016    

Мамлакатимизда ҳуқуқий, демократик давлат қуришнинг асосий тамойилларидан бири бу – қонун устуворлигини таъминлашдир.

Тузиладиган битимларнинг қонунийлигини таъминлашга ва низоли ҳолатларни келиб чиқишидан тарафларни ҳимоя қилишга қаратилган нотариат институти фуқаролар ва юридик шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида алоҳида ўрин эгаллайди. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда нотариат фаолиятининг зарур норматив-ҳуқуқий базаси ва тегишли ҳуқуқни қўллаш амалиёти шакллантирилди.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг ҳаётимизга изчил жорий қилиниши муносабати билан сўнгги йилларда нотариат институтининг сoҳa ривoжи учун янада барқарор, мустaҳкaм қoнунчилик вa ҳуқуқий бaзa шaкллaнтирилишига ҳамда тaкoмиллaштирилишига эришилди.

Маълумки, нотариуслар томонидан жисмоний шахслар ўртасида, жисмоний шахслар ва юридик шахслар ўртасида тузиладиган автомототранспорт воситаларини ва бошқа ўзиюрар машина, ҳамда механизмларни, уларнинг номерли агрегат ва тиркама, ярим тиркамаларини бошқа шахсга ўтказиш (олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя қилиш, рента) ва бошқа турдаги битимлар тасдиқланади. Бундай битимларни тасдиқлашда ҳар бир жисмоний ёки юридик шахс Ўзбекистон Республикасининг исталган ҳудудидаги давлат нотариал идораси нотариусига мурожаат қилишга ҳақлидир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 мартдаги 38-сонли қарори билан тасдиқланган “Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ олди-сотди, ҳадя қилиш, айирбошлаш, рента, ижарага бериш, текин фойдаланиш, гаровга қўйиш, лизинг шартномаларини нотариуслар томонидан нотариал тартибда тасдиқлаш фақат қатъий ҳисобда турадиган, ҳимоя даражасига, серияга, тартиб рақамига ва ҳудудий кодга эга бўлган, «Давлат белгиси» давлат ишлаб чиқариш бирлашмасида тайёрланадиган гербли (махсус) бланкаларда амалга оширилади. Гербли (махсус) бланкадаги автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни нотариал тартибда тасдиқланганлиги учун минимал иш ҳақининг 10 (ўн) фоизи миқдорида герб йиғими ундирилади.

18 ёшга тўлмаган шахсларга автотранспорт воситалари, 16 ёшга тўлмаган шахсларга мототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштиришга йўл қўйилмайди, лотерея ва бошка оммавий ўйинларнинг ютуқлари бўлган, қонунда белгиланган тартибда мерос қилиб олинган автомототранспорт воситалари эса бундан мустасно.

Нотариуслар томонидан автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни тасдиқлаш автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ва хатланмаганлиги текширилгандан кейин амалга оширилади, тасарруф этиш ҳуқуқисиз ишончномалар бундан мустасно. Тақиқ ва хатловнинг йўқлиги ҳақидаги маълумот беш кун муддатда амал қилади.

Нотариуслар томонидан автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимлар тасдиқлангунга қадар автомототранспорт воситалари автомототранспорт воситаси рўйхатга олинган ёки битим тасдиқланаётган жойдаги ДЙҲХХ органларида агрегатлар рақамлари рўйхатдан ўтказиш рақамларига мувофиқлиги кўздан кечирган мансабдор шахснинг фамилияси хамда исми ва отаси исмининг бош ҳарфлари, кўздан кечирилган сана, кўрсатилган ва мансабдор шахс имзоси қўйилган ҳолда рўйхатдан ўтказиш ҳужжатидаги штамп билан тасдиқланади. Штамп ўн кун мобайнида амал қилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига бошқа давлатлардан олиб келинган автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш улар божхона органларида расмийлаштирилгандан, ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказилгандан кейин амалга оширилади.

Фуқаролар ўртасида автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимларни тасдиқлашда қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:

Мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (транспорт воситаларини қайд этиш гувоҳномаси, автомототранспорт воситасининг рақамли агрегатлари учун ДЙҲХХ органлари ёки тракторлар, ўзиюрар шассилар, трактор тиркамалари ва ўзиюрар йўл қурилиш машиналари учун «Уздавтехназорат» томонидан берилган белгиланган шаклдаги маълумотнома);

Агар автомототранспорт воситаси эрнинг ёки хотиннинг умумий биргаликдаги мулки бўлган холларда, эрнинг ёки хотиннинг автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказишга розилиги тўғрисида нотариус томонидан шаходатлантирилган ёзма аризаси;

Битимлар давлат божининг имтиёзли тўланишига ҳуқуқ берувчи қариндош бўлган шахслар ўртасида тузилаётган бўлса, уларнинг қариндошлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

Давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат (тўлов топшириқномаси, квитанция).

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага асосан транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси берилган бўлса, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома.

Агар мерос икки ёки ундан ортиқ меросхўрларга берилган бўлса, автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимни тасдиқлашда барча меросхўрлар иштирок этиб, шартномани имзолайдилар.

Никох қайд этилгунга қадар сотиб олинган, мерос тариқасида ёки ҳадя шартномаси бўйича олинган, шунингдек никоҳ давомида сотиб олинган автомототранспорт воситаси никоҳ шартномасига асосан тақсимлаб олинган бўлса ёки эр-хотин ўртасидаги мулкни бўлиш тўғрисидаги суд ҳужжати ёхуд нотариал тартибда расмийлаштирилган келишув мавжуд бўлса, автомототранспорт воситасини бошка шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимни тасдиқлаш учун эр ёки хотиннинг розилиги талаб қилинмайди.

Агар автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимларни тасдиқлашда тарафлар ёки тарафлардан бири юридик шахс бўлган ҳолларда қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:

а) юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари;

б) юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;

в) мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар (транспорт воситаларини қайд этиш гувоҳномаси, автомототранспорт воситасининг рақамли агрегатлари учун ДЙҲХХ органлари ёки тракторлар, ўзиюрар шассилар, трактор тиркамалари ва ўзиюрар йўл қурилиш машиналари учун «Уздавтехназорат» томонидан берилган белгиланган шаклдаги маълумотнома);

г) юридик шахс ваколатли органининг автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги ҳужжати (қарор, умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруқ ва ҳоказо;);

д) вакилнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат (ишончнома);

е) қолдиқ баланс қиймати тўғрисида маълумотнома;

ж) юридик шахснинг соф активлари ҳақида маълумотнома;

з) автомототранспорт воситасини тарафлар ўртасидаги баҳолаш далолатномаси;

и) топшириш ва қабул қилиш далолатномаси (агар шартномани имзолашдан аввал автомототранспорт воситаси топширилган бўлса);

к) мулкдорнинг розилиги (агар юридик шахсга автомототранспорт воситаси оператив бошқариш ҳуқуқи асосида тегишли бўлса);

л) давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат (тўлов топшириқномаси, квитанция);

м) тарафлар ўртасида ҳисоб-китоб қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Давлат ташкилотларига тегишли бўлган автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимларни тасдиқлашда юқорида кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча равишда баҳоловчи ташкилотнинг ҳисоботи ва юқори турувчи ташкилотининг рухсати (агар юқори турувчи ташкилоти мавжуд бўлса) ҳам талаб қилинади.

Хулоса қилиб айтганда, нотариат соҳасидаги бундай ислоҳотлар республикада амалга оширилаётган барча ислоҳотлар қатори инсон ҳуқуқ ва манфаатлари муҳофазасини янада кучайтиришга, фуқароларимизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идораларига ва энг аввало давлатга бўлган ишончининг янада ошишига, пировардида эса халқимиз турмуш тарзини яхшилашга, юртимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

Б.Мўминов, Шофиркон туман 2-сон ДНИ нотариуси