Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларнинг консуллари томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби

Дата: 13.09.2016    

Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 28-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Консуллик уставининг 60-моддасига мувофиқ консуллар қуйидаги нотариал ҳаракатларни амалга оширади:

1) битимларни (шартномалар, васиятномалар, ишончномалар ва ҳоказоларни) тасдиқлайди, Ўзбекистон Республикасидаги уй-жойни (жойнинг бир қисмини), квартира, дала ҳовли, боғ ҳовли, гаражни, шунингдек бошқа бино, иншоотни ёки иморатни бошқа шахсга ўтказиш ва гаровга қўйиш тўғрисидаги шартномалар бундан мустасно;

2) фуқаронинг тирик эканлиги фактини тасдиқлайди;

3) фуқаронинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлайди;

4) фуқаронинг фотосуратда акс эттирилган шахс эканлигини тасдиқлайди;

5) ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлайди;

6) мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўради;

7) меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномалар беради;

8) эр-хотиннинг умумий мол-мулкдаги улушга мулк ҳуқуқи ҳақида гувоҳномалар беради;

9) ҳужжатларнинг нусхалари ва ҳужжатлардан олинган кўчирмалар тўғрилигини шаҳодатлайди;

10) ҳужжатлардаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлайди;

11) ҳужжатларнинг нусхалари ва ҳужжатлардан олинган кўчирмалар тўғрилигини шаҳодатлайди;

12) пул суммалари қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиб олади;

13) сақлаш учун ҳужжатларни қабул қилиб олади;

14) ижро хатларини ёзади;

15) денгиз протестларини амалга оширади.

2. Консуллар қонунларда назарда тутилган бошқа нотариал ҳаракатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

3. Консуллар нотариал ҳаракатларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси қонунларига амал қилади.

4. Агар консул бирон сабабга кўра нотариал ҳаракатни амалга ошира олмайдиган бўлса ёки унинг лавозими вақтинча бўш бўлса, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ушбу консуллик муассасасининг ёки консуллик муассасаси жойлашган давлатдаги бошқа консуллик муассасасининг бошқа мансабдор шахси зиммасига ёхуд шу давлатдаги Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхонасининг дипломатик ходимларидан бири зиммасига юклатилади.

5. Консулларнинг амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлар ҳақида ўзларига маълум бўлган ахборотларни ошкор қилиши, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ҳам ошкор қилиши тақиқланади.

Фуқаро жисмоний нуқсони, касаллиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаганда, битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни унинг топшириғига кўра имзолаган фуқаро, ҳужжатни таржима қилиб берган таржимон (сурдо таржимон) ва бошқа шахслар ҳам ўзларига маълум бўлган ахборотларни ошкор қилиши тақиқланади.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар (ҳужжатлар) бу ҳаракатлар кимнинг номидан ёки кимнинг топшириғи билан амалга оширилган бўлса, ўша шахсларнинг ўзигагина берилиши мумкин.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар) суд, прокуратура, тергов органларининг талабига биноан улар юритаётган ишлар муносабати билан берилади. Васиятнома тўғрисидаги маълумотномалар васият қилувчининг вафотидан кейингина берилади. Ҳужжатларни бериш тўғрисидаги талаблар қарор ёки ажрим шаклида ёхуд процессуал қонунларда белгиланган бошқа тартибда расмийлаштирилган бўлиши шарт.

Консуллик муассасасидан талаб қилиб олинган ҳужжатлар албатта қайтарилиши шарт.

Васиятнома тўғрисидаги маълумотлар васият қилувчининг вафотидан кейин васият ва қонун бўйича меросхўрларига ёки уларнинг қонуний вакилларига ўлим ҳақидаги гувоҳнома ёки ўлим ҳақида далолатнома ёзувидан кўчирма тақдим этилганда берилади.

Консуллик муассасаси жойлашган давлатдаги ташкилотлардан амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар (ҳужжатлар) бўйича талабномалар келиб тушса, ушбу масала мазкур консуллик муассасаси раҳбари томонидан ҳал қилинади.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатларнинг махфийлигини бузишда айбдор бўлган шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

6. Консуллик муассасасида нотариал иш юритишлар Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида амалга оширилади. Агар нотариал ҳаракатни бажариш илтимоси билан мурожаат қилган шахс иш юритилаётган тилни билмаса, нотариал ҳаракатни бажараётган консул ёки консул танийдиган таржимон расмийлаштирилаётган ҳужжатларнинг матнларини унга таржима қилиб бериши лозим. Бу ҳақда ҳужжат матнига ва тасдиқловчи ёзувга ким томонидан таржима қилинганлиги ва матн мазмуни тушунтирилганлиги ҳақида консул томонидан ёзиб қўйилиши, имзоланиши ва муҳр қўйилиши керак. Бундай ҳолда мурожаат қилган шахс ўзи биладиган тилда исми, фамилияси, отасининг исмини тўлиқ ёзиб, имзо қўяди.

7. Консуллар фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатига кўра битимлар, аризалар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тузади, ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари ва дубликатларини, улардан кўчирмаларни тайёрлайди, шунингдек нотариал ҳаракатларни амалга ошириш масалалари юзасидан тушунтиришлар беради.

8. Агар нотариал ҳаракатни бажариш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига зид бўлса, консул бундай ҳаракатни бажаришни рад этади.

Агар ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари талабларига мос келмаса ёки ўз мазмунига кўра, Ўзбекистон Республикасининг давлат манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлса ёхуд фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи маълумотларга эга бўлса, консул бундай ҳужжатларни нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун қабул қилмайди.

Нотариал ҳаракатни бажариш тўғрисидаги мурожаати рад этилган шахснинг илтимосига биноан унга рад этишнинг сабаблари баён қилиниши ва рад этиш устидан шикоят қилиш тартиби тушунтириб берилиши лозим.

С.Шарипов, Вобкент туман 1-сон ДНИ нотариуси