Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги тақдимномаларининг идоравий норма ижодкорлиги соҳасидаги аҳамияти ва турлари

Дата: 21.09.2016    

Идоравий норма ижодкорлиги ўзининг кенг қўлланилиши ҳамда бошқа юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни батафсил ёритиши туфайли қонун ижодкорлиги фаолиятида алоҳида ўрин эгаллаб келмоқда. Шу сабабли, мазкур соҳа доимий равишда такомиллаштирилиб борилиб, мавжуд бўлган эскирган нормаларни бартараф этиш бўйича барча зарур чоралар кўриб келинади.

Идоравий норма ижодкорлиги соҳасидаги вазифаларни ижро этиш бўйича асосий усуллардан бири вазирлик ва идоралар учун мажбурий кучга эга бўлган тақдимномаларни Адлия вазирлиги томонидан киритилиши ҳисобланади.

Мазкур тақдимномалар мақсадлари бўйича қуйидаги турларга бўлинади.

1) Қонун ҳужжатлари ўзгарган тақдирда вазирликлар ва идоралар давлат рўйхатидан ўтказилган ўз норматив ҳужжатларини қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириши ҳамда ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этишлари керак. Конунчилик такомиллашиб борилиши сабабли доимий равишда янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишини инобатга олиб, Адлия вазирлиги томонидан мазкур қабул қилинган ҳужжатларга мувофиқлиги юзасидан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг хатлови ўтказилади. Бунда, агар номувофиқ бўлган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар аниқланган тақдирда Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги низомга асосан Адлия вазирлиги вазирликлар ва идоралардан уларнинг давлат рўйхатидан ўтказилган норматив ҳужжатларини қонунчиликка мувофиқ ҳолга келтиришни талаб қилишга ҳақлидир.

Вазирликлар ва идоралар ушбу ҳолда ўн кун муддатда ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўзлари қабул қилган меъёрий ҳужжатлардаги ўзгартириш ва қўшимчаларни Адлия вазирлигига тақдим этишга мажбурдир. Ушбу қоида бажарилмаган тақдирда Адлия вазирлиги меъёрий ҳужжатни давлат реестридан чиқаришга ҳақлидир, бу меъёрий ҳужжатни юридик кучга эга эмас деб ҳисоблаш учун асос бўлади.

2) Қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилмаган меъёрий ҳужжатлар кучга кирмаган ҳужжат сифатида ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди ҳамда тегишли ижтимоий муносабатларни тартибга солиш, ундаги кўрсатмалар бажарилмаганлиги учун фуқаролар, мансабдор шахслар, ташкилотларга бирор-бир жазо қўллаш учун асос бўлиб хизмат қилмайди.

Бу каби ҳолатлар мавжуд бўлишига йўл қўймаслик, уларга нисбатан янада қатъий чоралар кўриш зарурати пайдо бўлганлиги сабабли, Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 9 октябрдаги қарори билан мазкур турдаги ҳуқуқбузарликлар бўйича Адлия вазирлигига вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларга ўн кун муддатда бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиш ёки давлат рўйхатидан ўтмаган ҳужжатларни бекор қилиш тўғрисидаги даъволар билан суд органларига мурожаат қилиш, шунингдек, айбдор мансабдор шахсларни тегишли жавобгарликка тортиш масаласини Ҳукумат олдига қўйиш ҳуқуқи берилган.

Бироқ, амалиётда хозирги кунга қадар умуммажбурий бўлган ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказмасдан туриб қабул қилиш ва амалиётга жорий этиш ҳолатлари учрамоқда.

Шу сабабли, 2012 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 27-моддасида вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг мансабдор шахслари давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга киритганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилиши ҳақидаги норма белгилаб қўйилди. Мазкур норма талабини амалга ошириш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини амалга киритиш” деб номланган янги 1983-модда киритилди.

3) Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки вазирликлар ва идоралар ҳуқуқий тартибга солишни талаб қиладиган масалалар пайдо бўлган тақдирда, агар ушбу масалаларни меъёрий тартибга солиш ўз ваколатларига кирса, тегишли меъёрий ҳужжатларни ўз вақтида қабул қилишлари керак.

Шу сабабли, Адлия вазирлиги вазирликлар ва идораларга тегишли меъёрий ҳужжатни қабул қилиш зарурлиги ва уни ишлаб чиқиш муддати ҳақида тақдимнома киритишга ҳақлидир.

Қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини бажариш юзасидан меъёрий ҳужжат қабул қилиш муддати, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, бир ойдан ошмаслиги керак.

4) Бундан ташқари Адлия вазирлиги тегишли органларга улар қабул қилган меъёрий ҳужжатларнинг расмий шарҳлаш зарурлиги тўғрисида тақдимномалар киритишга ҳам ҳақлидир. Бунда мазкур талаб идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ноаниқликлар топилган, у амалиётда нотўғри ёки мантиққа зид тарзда қўлланилган ҳолларда белгиланади. Расмий шарҳлар беришда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга йўл қўйилмайди.

Хулосада таъкидлаб ўтиш керак-ки, Адлия вазирлигининг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонунийлигини таъминлаш бўйича фаолияти вазирликнинг норма ижодкорлик соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган бўлиб, мамлакатимизда ҳуқуқий давлатни шакллантириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга хизмат қилади.

 А.Арзиев, Адлия вазирлиги масъул ходими