Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Уй-жой ҳадя шартномаси

Дата: 23.09.2016    

Шартномавий муносабатлар тобора кенгайиб, ривожланиб бораётган ҳозирги даврда нотариуслардан кучли ҳуқуқий билим ва малака, ҳар бир нотариал ҳаракатни амалга ошириш даврида унинг номигагина, юзаки тузилмаётганлигига, тарафларнинг мақсадлари беғараз ва ҳаққонийлигига эътибор қаратиш лозимлиги талаб этилмоқда. Уй-жой ҳадя шартномаларини расмийлаштириш масаласи оддийроқ бўлиб кўринсада, унинг юридик оқибати мулк эгасининг ўзгариши билан боғлиқлиги сабабли келгусида турли тушунмовчилик ва низоларни келтириб чиқаришини эътибордан четда қолдирмаслик лозим.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 502-моддасига кўра, ҳадя шартномаси – бу бир тарафнинг (ҳадя қилувчининг) бошқа тарафга (ҳадя олувчи)га ашёни текинга мулк қилиб бериши ёки бериш мажбуриятини олишдан иборат. Демак, уй-жой ҳадя шартномасига кўра, мулк эгаси, яъни жисмоний ёки юридик шахс ўзига тегишли бўлган кўчмас мулкни ёки унинг бир қисмини хоҳлаган шахсга ҳадя қилиш ҳуқуқига эга. Ҳадя шартномаси ўзаро келишувга асосланган икки ёқлама битим ҳисобланади. Бундай келишув ҳадя олувчининг унга таклиф қилинган мулкий ҳуқуқини қабул қилинишини назарда тутади.

Ҳадяни ҳадя олувчига ҳадя қилувчининг вафотидан кейин топширишни назарда тутувчи шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. Уй-жойларни ҳадя қилиш шартномаси кўчмас мулк жойлашган ҳудуддаги нотариал идора томонидан тасдиқланади ва давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб қонуний кучга киради. (Фуқаролик кодексининг 111, 112, 418-моддалари).

Айрим фуқароларнинг республикадан ташқарида ишлаб, юборган пул маблағлари ҳисобига унинг яқин қариндошлари ўз номига кўчмас мулк сотиб олади. Кейинчалик фуқаро чет элдан қайтиб келгач, қариндошидан кўчмас мулкни ҳадя сифатида қабул қилиб олади. Ваҳоланки, бундай ҳолатда ушбу фуқаронинг қонуний никоҳдаги эри ёки хотинининг мулкий улуш ҳуқуқи поймол бўлади ва кейинчалик ушбу ҳолатлар ҳам мулкий низоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Айрим фуқаролар эса атайлаб эрининг ёки хотинининг кўчмас мулкка нисбатан улуши бўлмаслигини кўзлаб, нотариусдан ҳақиқий холатни яшириб, “акам ёки қариндошим менга ҳадя қилаяпти”, деб мулкни ўз номларига ҳадя асосида қабул қилиб олишга ҳаракат қилишади.

Хулоса қилиб айтганда, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги идоралар ходимлари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ҳақ ҳуқуқлари поймол бўлишининг олдини олиш учун мунтазам равишда учрашувлар, давра суҳбатлари, оммавий ахборот оситалари орқали тушунтириш ишлари олиб борилмоқдаки, бу саьй-ҳаракатлар инсон манфаатларига, уларнинг мулкий ҳуқуқлари дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

М.Қурбонова, Ромитан тумани 1-сон ДНИ нотариуси