Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Нотариуслар фаолиятининг асосий мезонлари

Дата: 22.09.2016    

Маълумки, фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳар бир демократик давлатда бош мезон ҳисобланади. Мамлакатимизда фуқароларнинг мулкий ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг асосий йўналиши сифатида эътироф этилади. Ушбу вазифани амалга оширишда нотариал идораларнинг ҳам ўз ўрни бор.

Бозор иқтисодиёти шароитида фуқароларнинг мулкий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кўп жиҳатдан улар ўртасида тузиладиган мулкий характердаги шартномаларнинг тўғри расмийлаштирилиши ҳамда томонларнинг зиммасига олган мажбуриятларини ўз вақтида тўлиқ бажаришларига боғлиқдир. Шу боис, мазкур шартномаларнинг тўғри ва белгиланган қоидаларга мувофиқ расмийлаштирилиши ҳамда уларнинг ўз вақтида ижро этилишини таъминлашда нотариал идораларининг ўрни беқиёсдир.

Мамлакатимиз истиқлолга эришгач, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 1996 йил 26 декабрда Ўзбекистон Республикасининг "Нотариат тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонун мамлакатимизда давлат нотариуслари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлади.

Хусусан, "Нотариат тўғрисида"ги Қонуннинг 1-моддасида Ўзбекистонда нотариатнинг вазифаси жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини нотариуслар томонидан қонунларда назарда тутилган нотариал ҳаракатларни амалга ошириш йўли билан ҳимоя қилишни таъминлашдан иборат эканлиги белгиланди.

Нотариал ҳаракатлар давлат божи тўланиб, зарур бўлган барча ҳужжатлар тақдим этилган куни амалга оширилади (нотариат тўғрисидаги қонуннинг 31-моддаси).

Айрим ҳолларда нотариал ҳаракатларни бажаришни кечиктиришга қонун йўл қўяди, бунинг учун агар талаб қилиб олиш ёки ҳужжатни экспертизага юбориш зарурияти бўлган ҳолатларда кечиктирилади.

Шунингдек, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш башарти қонунга биноан манфаатдор шахслардан ушбу ҳаракатларни амалга оширишга эътироз бор-йўқлиги сўраш зарур бўлганда, кечиктирилиши мумкин. Лекин нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктириш муддати бир ойдан ошмаслиги лозим. Нотариал ҳаракатни амалга ошириш кечиктирилганида, бу ҳақда сўраб мурожаат қилган шахснинг талабига кўра кечиктириш ҳақидаги қарор берилади.

Бундан ташқари, нотариал идорага мурожаат этган манфаатдор шахснинг талаби иккинчи томоннинг судга мурожаат этганлиги ҳақидаги аризаси судда мавжудлиги ҳақида маълумотнома олиб келган вақтда кўпи билан ўн кунга нотариал ҳаракатни бажариш тўхтатиб турилиши мумкин. Нотариусга нотариал ҳаракатни бажаришни тўхтатиб туришликка тегишли орган томонидан берилган қарор асос бўлиб ҳисобланади.

Судлар нотариал ҳаракатларни бажаришликни тўхтатиб туриш ҳақидаги ишни кўраётган вақтда албатта нотариал идорага мазкур нотариал ҳаракатни қайси сабабларга кўра тўхтатиб туриш лозимлиги баён этилган асослантирилган ажримнинг нусхасини юборишлари лозим бўлади.

Шундагина нотариус бажарилиши керак бўлган нотариал ҳаракатни иш судда кўриб мазмунан ҳал бўлгунга қадар тўхтатиб туришга ҳақлидир.

Нотариус қуйидаги ҳолларда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиши мумкин. (Нотариат тўғрисидаги қонуннинг 38-моддаси), агар:

бундай ҳаракатни амалга ошириш қонунга зид бўлса;

бу ҳаракат бошқа нотариус томонидан амалга оширилиши керак бўлса;

муомалага лаёқатсиз фуқаро ёхуд зарур ваколатлари бўлмаган вакил нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган бўлса;

юридик шахс номидан амалга ошириладиган битим унинг уставида ёки низомида кўрсатилган мақсадларга зид бўлса;

битим қонун талабларига мувофиқ бўлмаса;

нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаса.

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш рад этилган тақдирда нотариал ҳаракатни амалга оширишда рад этиш ҳақида нотариус мурожаат қилинган кундан бошлаб уч кундан кечирктирмасдан қарор чиқаради.

Нотариус нотариал ҳаракатни амалга ошириш тўғрисидаги мурожаати рад этилган шахснинг илтимосига биноан рад этиш сабабини ёзма равишда баён этиши ва рад этиш устидан шикоят қилиш тартибини тушунтириб бериши лозим.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, нотариат тўғрисидаги қонунчиликда кўрсатилган талабларни ҳаётга тўғри татбиқ этиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг изчиллигини таъминлашга хизмат қилади.

Г.Аслонова, Бухоро шаҳар 5-сон ДНИ нотариуси