Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Ер кадастрига доир ахборотларни манфаатдор юридик ва жисмоний шахсларга бериш

Дата: 26.09.2016    

Кейинги йилларда мамлакатимизда бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, рақобатни ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш борасида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда.

Чунончи, Ўзбекистон иқтисодиётида ислоҳотлар миқёсини кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар Дастурини амалга ошириш доирасида фақатгина сўнгги йилларда тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш, хусусий мулк устуворлигини таъминлаш ва унинг ҳуқуқий муҳофазасини кучайтириш, корхоналарнинг молия-хўжалик фаолиятига давлат ва назорат қилувчи идоралар аралашувини камайтиришга оид аниқ чора-тадбирлар рўёбга чиқарилди.

Тадбиркорлик субъектларининг давлат, ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва назорат қилувчи органлар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги тамойили қонун даражасида жорий этилди.

 Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш, уларни муҳандислик- коммуникация тармоқларига улаш, экспорт товарларини божхонада расмийлаштириш тартиб-таомиллари сезиларли даражада соддалаштирилди ва арзонлаштирилди. Кичик бизнес субъектларида улар рўйхатга олинган пайтдан бошлаб уч йил мобайнида солиққа оид режали текширишлар ўтказилишини тақиқловчи тартиб жорий этилди. Давлат томонидан харид қилишнинг янги, янада такомиллаштирилган, очиқ ва ошкора механизми ўрнатилганки, бунда кичик бизнес субъектларига афзаллик берилади.

Республика ва минтақалар бўйича иқтисодиётни либераллаштириш ва модернизация қилиш кўламларини, мамлакатда ишбилармонлик муҳитини шакллантириш даражасини ҳар чоракда баҳолаш кўрсаткичлари тизими жорий этилган.

Шу билан бирга, ҳозирги халқаро амалиётда қабул қилинганидек, регламентга солувчи тартибтаомилларни янада соддалаштириш, арзонлаштириш ва қисқартириш, давлат ва назорат қилувчи органлар билан тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг бевосита мулоқотсиз электрон шаклларини ҳамма жойда кенг татбиқ этиш талаб қилинади.

Мазкур ислоҳотларнинг изчил давоми сифатида қурилишда муҳандислик қидирувлари, геоахборот ва шаҳарсозлик кадастри соҳасида ягона техника сиёсатини таъминлаш, тармоқ геофондини юритиш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари объектларини лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланиш маълумотлари давлат базасини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2016 йил 27 апрелдаги 34-сон қарори билан “Ер кадастрига доир ахборотларни манфаатдор юридик ва жисмоний шахсларга бериш тартиби тўғрисида Низом” тасдиқланди.

Ушбу Низомга асосан ер кадастрига доир ахборот ер участкасига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишга, ер участкаларини ҳисобга олишга ва қишлоқ хўжалиги ерларининг сифати ва норматив қийматига оид ахборот мажмуини ташкил этиб, фойдаланувчиларга уларни тегишли ташкилотлар тақдим этади.

Хусусан, «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси томонидан республика бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри кесимида - ер турлари бўйича ерларнинг тоифалари кесимида ер фонди, қишлоқ хўжалиги ерларининг бонитет баллари, қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қиймати.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари томонидан тегишли ҳудудлари бўйича туманлар (шаҳарлар) кесимида - ер турлари бўйича ерларнинг тоифалари кесимида ер фонди, қишлоқ хўжалиги ерларининг бонитет баллари, қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қиймати.

Бундан ташқари, туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналари томонидан ер участкаларининг эгалари, фойдаланувчилари, ижарачилари ва мулкдорлари бўйича - ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом”га мувофиқ кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ва у ҳақда тузилган битимларнинг давлат реестридаги ахборот, ер участкасининг ер турлари бўйича майдони, қишлоқ хўжалиги ерларининг сифати ва норматив қиймати тўғрисида “Туман (шаҳар) ер кадастри дафтарини юритиш тартиби тўғрисида Низом”га мувофиқ туман (шаҳар) ер кадастри дафтаридаги ахборот, кадастр йиғмажилдидаги ер участкасининг тавсифи ва бошқа хусусиятлари тўғрисидаги маълумотлар.

Ер кадастрига доир ахборот манфаатдор юридик ва жисмоний шахсларга уларнинг мурожаатномаларига асосан берилиши белгиланган бўлиб, мурожаатнома оғзаки ёки ёзма равишда, шу жумладан бевосита, почта орқали ёхуд электрон ҳужжат шаклида тақдим этилиши мумкин.

Манфаатдор юридик ва жисмоний шахслар ер кадастрига доир ахборот бериш ҳақидаги мурожаатнома билан, қоида тариқасида, тегишли ер участкасининг ўрнашган жойи бўйича туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасига, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасига ёки «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасига мурожаат қилишга ҳақли.

Шунингдек, ер кадастрига доир очиқ ахборот барча манфаатдор юридик ва жисмоний шахсларга ҳеч қандай чекловларсиз берилади. Ер кадастрига доир фойдаланилиши чекланган ахборот фақат ер участкасининг эгасига, фойдаланувчисига, ижарачисига ва мулкдорига ёки уларнинг ишончли вакилига ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ ер участкасига бўлган ҳуқуқ ўтган бошқа шахсларга берилади.

Юридик ва жисмоний шахслар бошқа шахсларга тегишли бўлган ер участкалари тўғрисида ер кадастрига доир фойдаланилиши чекланган ахборотни ер участкасига бўлган ҳуқуқ эгаси орқали олишлари мумкин.

Х.Назаров, Адлия вазирлиги Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестциялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси етакчи маслаҳатчиси