Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Мерос гувоҳномасини расмийлаштириш тартиби

Дата: 27.09.2016    

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш нотариал ҳаракат турларидан бири бўлиб, ушбу нотариал ҳаракат мураккаблиги боис нотариусдан алоҳида эътибор, бой билим ва тажрибани талаб қилади.

Мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида очилади.

Мерос қолдирувчининг вафот этган куни (зарурат бўлганда вафот этган вақти ҳам), у вафот этган деб эълон қилинганда эса, агар суднинг қарорида бошқа муддат кўрсатилган бўлмаса, вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суднинг қарори кучга кирадиган кун мерос очилган вақт деб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1146-моддасига кўра мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрнинг илтимосига кўра унга меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома беради.

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилади. Қонун бўйича мерос олинганида ҳам, васиятнома бўйича мерос олинганида ҳам, агар нотариус тегишли мол-мулкка ёхуд бутун меросга нисбатан гувоҳнома беришни сўраб мурожаат этган шахслардан бошқа меросхўрлар йўқлиги тўғрисида маълумотларга эга бўлса, гувоҳнома юқорида кўрсатилган муддат тугамасидан олдин берилиши мумкин.

“Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 231-бандига кўра меросхўр шахсан ўзи мерос очилган жойдаги давлат нотариал идорага келиб, аризани тақдим этади. Унинг имзосининг ҳақиқийлигини шаҳодатлаш талаб қилинмайди. Бу ҳолда, нотариус меросхўрнинг шахсини аниқлайди ва имзоси ҳақиқийлигини текширади, бу ҳақда аризага белги қўяди ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг номини, унинг рақамини, қачон ва ким томондан берилганлигини ва туғилган йилини кўрсатади. Агарда ариза почта орқали келиб тушган бўлса, меросхўрнинг имзоси ҳақиқийлиги шаҳодатланмаган бўлса ҳам ариза нотариус томонидан қабул қилинади, меросхўрга эса аризани нотариус ёки Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари томонидан шаҳодатлантирилган ҳолда юбориш ёки давлат нотариал идорасига шахсан келиши ҳақида хабарнома юборилади.

Меросхўр мерос очилган кундан эътиборан исталган вақтда меросдан воз кечишга ҳақли. Меросдан воз кечиш меросхўр томонидан мерос очилган жойдаги нотариусга ариза бериш орқали амалга оширилади, агар ишончномада вакил орқали меросдан воз кечиш ваколати махсус назарда тутилган бўлса, меросдан шу тарзда воз кечилиши мумкин, меросдан воз кечиш кейинчалик бекор қилиниши ёки қайтариб олиниши мумкин эмас.

Агар меросхўр васиятнома бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам ворисликка чақирилса, у ана шу асосларнинг бири ёки ҳар иккаласи бўйича ўзига тегишли бўлган меросдан воз кечишга ҳақли.

Меросхўр улушнинг ортиши ҳуқуқи бўйича ўзига тегишли бўлган меросдан, мероснинг қолган қисмига ворисликдан қатъи назар, воз кечишга ҳақли.

Меросхўр меросдан воз кечганида васиятнома бўйича ёки қонун бўйича меросхўрлар жумласидан бўлмиш бошқа шахслар фойдасига воз кечаётганини кўрсатишга ҳақли.

Мероснинг муайян қисмидан воз кечилишига, меросдан изоҳотлар билан ёки шартлар қўйиб воз кечилишига йўл қўйилмайди.

Амалдаги қонунчилик бўйича нотариус меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома бериш пайтида мерос қолдирувчининг вафот этганлигини, мерос очилган жойи ва вақтини, мерос мол-мулки таркиби ва унинг жойлашган жойини, мерос қолдирувчи билан меросхўрларнинг қариндошлик муносабатини ҳамда қонун бўйича меросхўрлар доирасини аниқлайди.

Мерос қолдирувчининг вафот этганлиги ва мерос очилган вақт мерос қолдирувчининг ўлими ҳақидаги гувоҳнома ёки ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувларидан кўчирмалар билан тасдиқланади.

Мероснинг очилиш жойи деб мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи ҳисобланади.

Мероснинг очилиш жойи фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг маълумотномалари асосида тасдиқланади. Ҳозирги вақтда вилоятимизда меросхўрлар доирасини аниқлаш бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Жумладан, нотариуслар томонидан меросхўрлар доирасини аниқлаш мақсадида маҳалла, қишлоқ фуқаролар йиғинларига сўровномалар юбориш амалиёти кенг йўлга қўйилган. Ушбу сўровномалар асосида маҳалла раислари мерос қолдирувчининг қўшниларини, маҳалла оқсоқоллари ва бошқа фаоллари жалб қилган ҳолда марҳумнинг фарзандлари, эри, хотини, ота-онаси ва бошқа биринчи навбатдаги мерос олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тўғрисида маълумот тўплайдилар ва ушбу ҳужжатни нотариусга тақдим қиладилар. Вилоятимизда нотариуслар томонидан марҳумнинг ишлаган жойига сўровнома юбориш, шунингдек оммавий ахборот воситалари орқали мерос иши очилиши тўғрисида эълон бериш орқали ҳам меросхўрлар доираси аниқланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1117-моддасига асосан агар мерос қолдирувчининг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой деб ҳисобланади. Меросхўрларда ушбу ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, нотариус мероснинг очилиш жойини аниқлаш тўғрисида суд ҳужжати нусхасини талаб қилади.

Мерос қолдирувчининг охирги яшаган жойи МДҲга аъзо давлатлар ёки бошқа чет эл давлатларидан бирида бўлган тақдирда, фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига асосан нотариус мерос очилган жой бўйича давлат нотариал идорасига мурожаат этган меросхўрлар доирасини текшириб, мерос қилиб қолдирилган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми жойлашган жойи бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома беради.

Мерос қолдирувчининг охирги яшаган жойи МДҲга аъзо давлатлар ёки бошқа чет эл давлатларидан бирида бўлган тақдирда, фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига асосан мерос қилиб қолдирилган кўчар мол-мулкка нисбатан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос қолдирувчининг охирги яшаган жойи бўйича берилади.

Мерос таркиби мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятларини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида аниқланади. Масалан, уй-жой, квартирага нисбатан умрбод таъминлаш шарти билан уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга бериш, олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя тўғрисидаги нотариал тасдиқланган шартнома, уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмига мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат далолатномаси, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома, эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушига мулк ҳуқуқи тўғрисида берилган гувоҳнома, уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмига бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи суднинг ҳужжати,маҳаллий давлат ҳокимияти органининг уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмига бўлган мулк ҳуқуқини тан олганлиги тўғрисидаги қарори ва бошқа ҳужжатлар мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.

Агар мерос мулки эр-хотиннинг биргаликдаги никоҳи давомида орттирилган бўлса ва никоҳ шартномаси бўйича мулкка эгалик қилишнинг бошқача тартиби белгиланмаган бўлса, нотариус меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома беришни сўраб давлат нотариал идорасига ариза билан мурожаат этган марҳум эрдан (хотиндан) кейин бева қолган хотинига (эрига) Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 23-моддаси ва Қонуннинг 63-моддаси мазмунини тушунтиради ва мулкнинг ½ қисмига мерос қолдирувчининг бева қолган хотинига (эрига) эр-хотиннинг умумий мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи гувоҳномаси бериш масаласини ҳал қилади.

Агар мерос мулки хусусийлаштирилган уй-жой, квартира бўлса, нотариус тегишли ваколатли органдан хусусийлаштиришда кимлар иштирок этгани тўғрисидаги маълумотномани талаб қилиб олади ва ушбу шахсларни, агар улар вафот қилишган бўлса, уларнинг меросхўрларини мерос ишига жалб қилади ҳамда хусусийлаштиришда иштирок этган шахсларнинг хусусийлаштириш улуши масаласини фуқаролик қонунчилигида белгиланган тартибда ҳал қилади.

Мерос қолдирувчи билан меросхўрларнинг қариндошлик муносабатлари туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома, туғилганлиги ва никоҳ тузилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувларидан кўчирмалар, қариндошлик ёки бошқа муносабатларнинг ҳақиқийлигини белгиловчи суд ҳужжати ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланади.

Агар марҳум эрдан (хотиндан) кейин хотини (эри) бошқа қайд этилган никоҳдан ўтган бўлса ҳам у мерос олишга чақирилади.

Никоҳ ҳақиқий эмас деб топилган ҳолатда, бундай никоҳда бўлган шахслар бир-бирининг вафотидан кейин меросхўр деб ҳисобланмайдилар.

Нотариус мерос гувоҳномасини расмийлаштириш жараёнида мерос қолдирувчининг васиятномаси мавжуд ёки мавжуд эмаслигини текширади. Агар васиятнома мавжуд бўлмаса ёки у билан мерос қолдирувчининг бутун мол-мулки қамраб олинмаган бўлса, қонун бўйича мерос гувоҳномаси бериш амалга оширилади. Бу борада Бухоро шаҳар 1-сон давлат нотариал идорасида мерос ишлари ва васиятномалар бўйича электрон банк шакллантирилган бўлиб, бу бир тарафдан нотариал идорада иш юритишни соддалаштирса, иккинчи томондан ҳар бир фуқаронинг меросга бўлган ҳуқуқи муҳофаза этилишини таъминлайди.

Қонун бўйича ворисларнинг ҳар бир навбати аввалги навбатдаги меросхўрлар бўлмаган, меросдан четлаштирилган, меросни қабул қилмаган ёхуд ундан воз кечган тақдирда ворислик ҳуқуқига эга бўлади.

Ўзини мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлган деб ҳисоблаётган шахс меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани берилишини сўраб мурожаат этса, нотариус уни мерос қолдирувчининг вафотига қадар камида бир йил мерос қолдирувчининг қарамоғида турганлиги, шунингдек мерос очилган кунда меҳнатга лаёқатсиз эканлигини текшириши лозим.

Мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлганлик факти суд ҳужжати билан тасдиқланади.

Ёши бўйича қарамоқда бўлган шахснинг меҳнатга қобилиятсизлиги унинг паспорти, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ва пенсия гувоҳномаси бўйича текширилади. Агар қонун бўйича бир ёки бир нечта меросхўрлар уларни мерос олишга чақириш учун асос бўладиган қариндошлик ёки бошқа муносабатлар исботини келтириш имкониятидан маҳрум бўлишса, бунда улар мерос қабул қилган ва тегишли исботларни тақдим этган барча меросхўрнинг (меросхўрларнинг) ёзма розилиги билан меросхўрлар таркибига киритилишлари мумкин. Бу розилик ёзма ариза кўринишида расмийлаштирилади.

Нотариус васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш пайтида тегишли далилларни талаб қилиб олиш йўли билан мерос қолдирувчининг вафот этганлигини, васиятноманинг мавжудлигини, мероснинг очилган вақти ва жойини, мерос мол-мулкининг таркиби ва у жойлашган жойини, меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўрлар доирасини аниқлайди.

Васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома бериш вақтида васиятноманинг бекор қилинмаганлиги текширилади. Васиятномада унинг бекор қилинмаганлиги ҳақида белги қўйилганлигидан қатъи назар, нотариусда шубҳа туғилган тақдирда, васиятноманинг бекор қилинмаганлиги қайта текширилади.

Мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шу жумладан фарзандликка олган болалари, шунингдек меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва ота-онаси, шу жумладан уни фарзандликка олганлар, васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, қонун бўйича ворис бўлганларида улардан ҳар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини (мажбурий улуш) мерос қилиб оладилар.

Меросдаги мажбурий улушдан воз кечиш ҳеч бир шартсиз бўлиши лозим. Бошқа шахслар фойдасига мажбурий улушдан воз кечишга йўл қўйилмайди. Бу ҳолатда мерос мол-мулки васиятномада кўрсатилган меросхўрларга васиятнома бўйича ўтади.

Агар васиятнома бўйича меросхўрлар мажбурий улушга меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани олишга қаршилик қилишса, нотариус уларнинг судга мурожаат этиш ҳуқуқларини тушунтиради ва мажбурий улушга гувоҳномани берилишини ўн кундан ошмаган муддатга кечиктиради.

Васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани беришда меросхўрлар томонидан тақдим этилган васиятноманинг асл нусхаси ёки дубликати давлат нотариал идорасида қолдирилади.

Агар мерос мулки таркибига уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми, корхона ёки бошқа кўчмас мол-мулк кирса, нотариус мерос қолдирувчига ушбу мол-мулк мулк ҳуқуқи асосида тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжатни, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмасининг маълумотномасини талаб қилади, шунингдек кўчмас мулк жойлашган жойи бўйича давлат нотариал идора томонидан ушбу мулк тақиқланмаганлиги ва хатланмаганлигини текширади.

Агар мерос таркибига кирадиган корхонанинг меросни қабул қилиб олган барча меросхўрлари келишувида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, бундай мерос натура ҳолида тақсимланмайди ва меросхўрларга тегишли бўлган улушларга мувофиқ уларнинг умумий улушли мулкига айланади.

Мерос мол-мулки таркибида автомототранспорт воситалари мавжуд бўлса, нотариус мерос қолдирувчига ушбу автомототранспорт воситаси мулк ҳуқуқи асосида тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжатни текширади ва унинг нусхасини мерос ишига тикиб қўяди. Ушбу автомототранспорт воситаси тақиқланмаганлиги ва хатланмаганлигини тегишли тартибда аниқлайди. Агар мерос мулки таркибига ов милтиғи кирса, бунда нотариус ички ишлар органлари томонидан мерос қолдирувчига ушбу милтиқни сақлаш учун берилган рухсатномани ва овчи билетини меросхўрдан талаб қилади.

Акциядорлик жамиятининг акциядорларининг мерос мол-мулки таркибига уларга тегишли бўлган акциялар киради.

Ҳужжатсиз шаклдаги қимматли қоғозларга мулк ҳуқуқи тегишли депозитарийлардан олинган депо ҳисобварағининг кўчирмасига асосан тасдиқланади.

. Фермер хўжалигининг мол-мулки қонун ҳужжатларига мувофиқ мерос қилиб қолдирилади. Хўжаликда фаолиятни давом эттираётган меросхўрлар меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома берилганлиги учун давлат божи тўлашдан озод этиладилар.

Фермер хўжалиги бошлиғи вафот этган тақдирда, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи қонун ҳужжатларига мувофиқ ижарага олиш шартномасининг амал қилиш муддатига мерос бўйича ўтади.

Ер участкасини ижарага олиш шартномасининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин фермер хўжалиги ижарага олиш шартномасини янги муддатга узайтириш ҳуқуқига эга. Фермер хўжалигининг бошлиғи вафот қилган тақдирда, ижарага олиш шартномасини янги муддатга узайтириш ҳуқуқига унинг меросхўри эга бўлади.

Банкда (бошқа кредит ташкилотида) сақланаётган омонат, мерос берувчининг номидаги қимматли қоғозлар мавжудлигини тасдиқлашда, нотариус меросхўрлардан омонат дафтарчасини (банк омонати шартномасини ёки омонат мавжудлигини исботловчи бошқа тегишли ҳужжатни), қимматли қоғозларга нисбатан эса ташкилотнинг қимматли қоғозларининг махсус реестр юритувчиси — депозитарийнинг маълумотномасини талаб қилади.

Меросхўрларнинг хоҳишига кўра меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома уларнинг ҳар бирига алоҳида ёки уларнинг ҳаммасига битта берилади.

Вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз меросхўрларга меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома берилганлиги ҳақида нотариус уларнинг мулкий манфаатларини ҳимоя қилиш учун меросхўрларнинг доимий рўйхатга олинган манзили бўйича васийлик ва ҳомийлик органларига хабар беради.

Мерос таркиби бир нечта мол-мулклардан иборат бўлган ҳолларда, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш вақтида Фуқаролик кодексининг 1150-моддасига асосан меросхўрларнинг талабига ва уларнинг келишувига кўра ўзларига тегишли улушларига мувофиқ нотариус улар ўртасида мерос мулкини тақсимлаш шартномасини расмийлаштириши мумкин. Келишувга эришилмаган тақдирда эса мерос мулкини бўлиш суд тартибида амалга оширилади.

Хулоса қилиб айтганда, нотариус томонидан мерос гувоҳномаси берилиши фуқароларнинг Конституциямизда кўрсатилган мерос ҳуқуқларини қонун йўли билан амалга оширилишини таъминлашга ва ушбу ҳуқуқни ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Д.Бозорова, Бухоро шаҳар 1-сон ДНИ катта нотариуси