Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш

Дата: 27.06.2013    

Жамиятимизда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, аҳолининг ҳуқуқий маърифат соҳасидаги ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш республикамизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг пировард мақсадидир. Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш адлия органлари ва муассасалари, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш, қонун ҳужжатларини тўғри қўллаш ҳамда ҳуқуқни татбиқ этиш самарадорлигини ошириш ҳозирги давр талаби ҳисобланади.

Замонавий қонунчиликдаги камчиликларни бартараф этиш учун уни туркумлаш, яъни давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан кўп миқдордаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солинган бир тизимга келтириш талаб этилади. Туркумлаш ҳуқуқий нормаларнинг мазмунини тўғри талқин қилишга ва уни амалиётда тўғри қўлланилишида муҳим восита бўлиб хизмат қилиш билан бир қаторда кенг қамровдаги ҳуқуқ субъектларини керакли ҳуқуқий маълумотлар билан таъминлашнинг самарали усули ҳисобланади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бир тизимга келтирилганлиги норма ижодкорлигини амалга ошираётган органларга қонунчиликда мавжуд бўлган “оқ доғлар” ва қарама-қаршиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш имконини беради. Шу йўсинда туркумлаш қонунчиликнинг барқарорлигини таъминлайди ва қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, қонун ҳужжатларини туркумлашда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар оралиғидаги зиддиятлар бартараф этилади, эскириб қолган ҳужжатлар ва нормалар ўзгартирилади ёки бекор қилинади ҳамда қонун ҳужжатларини туркумлаш ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш, қонунчиликни эскирган ҳужжатлар ва ўзаро қарама-қарши нормалардан фойдаланишни енгиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги
ПҚ-1602-сон “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Адлия вазирлигининг муҳим функциялари сирасига:

– Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини давлат ҳисобига олиш ва қонун ҳужжатларини туркумлаштириш ишларини олиб бориш ;

– Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари банкини (фондини) шакллантириш;

– Қонунчилик тармоқлари умумҳуқуқий классификаторини тасдиқлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга классификатор асосида кодлар бериш;

– давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш қоидаларини белгилаш ва уларга риоя қилиш устидан назоратни амалга ошириш киради.

Мазкур вазифаларни амалга ошириш мақсадида вазирлик томонидан бир қатор номатив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Хусусан, 2012 йил 14 февралда адлия вазирининг 39-мҳ-сонли “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш қоидалари (кейинги ўринларда – Қоидалар)ни тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғи (рўйхат рақами 2326, 14.02.2012й.), 2012 йил 2 мартда 53-мҳ-сонли “Ўзбекистон Республикаси қонунчилик тармоқларининг Умумҳуқуқий классификаторини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғи (рўйхат рақами 2333, 02.03.2012й.) имзоланди.

Бундан ташқари адлия вазирининг 2012 йил 2 ноябрдаги 170-ум-сонли буйруғи билан Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги тизимида қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш қоидалари тасдиқланди.

Шуни таъкидлаш жоизки, илгари қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш тушунчаси ўз ичига Ўзбекистон Республикаси қонунчилик тармоқларининг Умумҳуқуқий классификатори асосида кодлар беришни ҳам қамраб олган эди. Эндиликда Классификатор асосида барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кодлар бериш ҳамда қонун ҳужжатларини ҳисобга олиш ва туркумлаш картотекасини юритиш фақат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги марказий аппаратида марказлаштирилган тартибда амалга оширилади.

Шунингдек, илгари расмий нашрларда чоп этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар алоҳида журналларда кирим қилинган бўлса, эндиликда фақат расмий нашрларнинг ўзи Қонун ҳужжатларининг расмий даврий нашрларини ҳисобга олиш журналида кирим қилинадиган бўлди.

Бундан ташқари илгари адлия муассасаларида барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар расмий нашрларининг назорат нусхалари юритилар эди. Ҳозирги кунда эса фақат соҳага оид бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар расмий нашрларининг назорат нусхалари юритилмоқда. Хусусан, Қоидаларнинг
8-бандига кўра,

Суд департаменти ва унинг ҳудудий бошқармаларида — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг расмий нашри, Ўзбекистон Республикаси кодексларининг расмий нашрлари, шунингдек суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлашсоҳасини бевосита тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий нашрлари;

Суд ижрочилари туман (шаҳар) бўлимларида – Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг расмий нашри, Ўзбекистон Республикаси кодексларининг расмий нашрлари, шунингдек суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш соҳасини бевосита тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий нашрлари;

Юристлар малакасини ошириш марказида, Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказида, Тошкент давлат юридик институтида, Тошкент юридик коллежида, Тошкент давлат юридик институти қошидаги Академик лицейда, Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш марказида, “Адолат” нашриётида, “Инсон ва қонун” газетаси таҳририятида — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг расмий нашри, Ўзбекистон Республикаси кодексларининг расмий нашрлари ҳамда ушбу ташкилотларнинг фаолиятини бевосита тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий нашрлари;

давлат нотариал идораларида — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг расмий нашри, Ўзбекистон Республикаси кодексларининг расмий нашрлари ҳамда нотариат соҳасини бевосита тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий нашрлари;

ФҲДЁ органларида — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг расмий нашри, Ўзбекистон Республикасининг Оила, Фуқаролик, Фуқаролик процессуал, Меҳнат, Уй-жой, Солиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларининг расмий нашрлари ҳамда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш соҳасини бевосита тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий нашрларининг назорат ҳолати таъминланмоғи лозим.

Бу эса ўз навбатида адлия органлари ва муассасаларининг қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш борасидаги ишларини сезиларли даражада енгиллаштириб, уларнинг вақтларини бирмунча тежашга хизмат қилади.

Таъкидлаб ўтиш керакки, йил сайин қонунчиликнинг ҳажм жиҳатдан ўсиши, қонунчиликни тартибга солиш ва такомиллаштиришда ахборот технологияларига бўлган талабнинг кучайиб боришига олиб келмоқда. Ахборот технологиялари ўз ўрнида катта ҳажмдаги ҳуқуқий маълумотлар билан тезкор ва тўғри ишлаш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламларини тайёрлаш, ҳужжатларни консолидациялаш, кодификациялаш амалиётида қўллаш ва фуқароларнинг ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш учун ҳуқуқларини таъминлаб беришда ўрнини босолмайдиган восита сифатида хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис XIV сессиясидаги маърузаси асосий қоидаларини амалга ошириш, XXI асрнинг дастлабки йилларида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва жамиятни янгилашнинг асосий устувор йўналишларини рўёбга чиқаришни, сиёсий ва иқтисодий соҳаларни эркинлаштиришни, давлат ва жамият қурилиши соҳасини эркинлаштиришни таъминлаш учун зарур қонуний ва ташкилий шарт-шароитларни яратиш, шунингдек қонун ҳужжатларини кодлаштириш ва туркумлашни такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 10 июндаги 296-сонли қарори билан Адлия вазирлигига маҳаллий компьютер тармоғини шакллантириш йўли билан қонун ҳужжатларининг ягона электрон маълумотлар базасини яратиш вазифаси юклатилди.

Ўзбекистон Республикасининг барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини давлат ҳисобига олинишини таъминлаш, расмий ҳуқуқий маълумотларнинг тарқатилишини тартибга келтириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, юридик ва жисмоний шахсларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан кенг фойдаланишга имконият яратиш, ҳуқуқий ахборотлаштириш тизимини такомиллаштириш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан маълумотлар излаш тизими – Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси “LexUz” ташкил қилинди.

“LexUz” каби маълумотлар электрон базаларининг бир қатор афзалликлари мавжуд бўлиб, улар назорат ҳолатидаги керакли норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг саноқли сонияларда излаб топилишига имкон беради.

Шу ўринда Қоидалар адлия органлари ва муассасалари томонидан қонун ҳужжатларини туркумлашда маълумотлар электрон базаларидан кенг фойдаланишнинг катта истиқболини назарда тутади.

Таъкидлаш лозимки, қонун ҳужжатларини туркумлаш ва назорат ҳолатини таъминлаш ишларида сусткашликка йўл қўйилиши барча давлат органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг тўғри ва аниқ амалга оширилишини таъминлашга тўсқинлик қилиши мумкин. Бу эса ҳужжатларнинг амалда бажарилишини қийинлаштиради, ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигининг пасайишига олиб келади. Шу сабабли қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш – адлия органлари ва муассасаларининг асосий вазифаларидан бири бўлиб келган ва бундан кейин ҳам асосий вазифалардан бири бўлиб қолади.

Д.Ибрагимова,

Адлия вазирлиги

бўлим бошлиғи