Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Сайлов қонунчилигини бузганлик учун жавобгарлик масалалари

Дата: 24.10.2016    

Маълумки, жорий йилнинг 4 декабрь куни муҳим сиёсий жараён Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади.

Сайловда қатнашиш ҳар биримиздан нафақат Конституциямиз кафолатлаб берган овоз бериш ҳуқуқини бажо келтиришни, балки фуқаролик бурчимизни чуқур англаш ва бу масалага катта масъулият билан қарашни ҳам талаб қилади.

Бугунги кунда Бухоро вилоятида 1 та сайлов округи, 501 та сайлов участкаси, 1 млн. 265 минг 163 та сайловчилар мавжуд бўлиб, улардан 60 минг 223 таси биринчи маротаба овоз берувчилардир.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаси эркинлаштирилиши ва модернизация қилиниши натижасида демократик талабларга жавоб берадиган замонавий сайлов тизими яратилди. Сайловларнинг умумэътироф этилган халқаро тамойилларига мос, фуқаролар хоҳиш-иродасини эркин билдириши кафолатларини, ҳар бир инсоннинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига эркин сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини таъминлайдиган қонунчилик ривожланиб бормоқда. Сайлов жараёнида очиқлик ҳамда ошкораликни таъминлашнинг ҳуқуқий механизмлари такомиллаштирилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси саккизта моддадан иборат “Сайловлар ва референдумларни ташкил қилиш ва ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик” деб номланган V1 боб билан тўлдирилди.

3-Бухоро округ сайлов комиссияси, адлия бошқармаси ходимлари, участка сайлов комиссиялари аъзолари иштирокида “Сайлов қонунчилигини бузганлик учун жавобгарлик масалалари” мавзусида Видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтган амалий семинар ҳам айнан юқоридаги масалаларга бағишланди.

Таъкидланганидек, сайлов қонунчилигини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик қатъий белгилаб қўйилиши сайлов эркинлиги принципини янада тўлиқроқ амалга оширилиши, сайлов тизимини янада демократлаштирилиши, сайловнинг очиқ ҳамда ошкоралиги тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод, ишончли вакил ҳамда кузатувчининг ҳуқуқларини, сайловолди ташвиқоти шартлари ва тартибини бузиш каби ҳаракатлар маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Шунингдек,сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида номзод ёхуд сиёсий партия тўғрисида атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш билан боғлиқ ҳаракатлар содир этиш ҳам маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилишига олиб келади.

Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ сайлов комиссиялари ўз ваколати доирасида давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, сиёсий партиялар ва мансабдор шахслардан мустақилдир. Зеро, сайлов жараёнини қонуний, адолатли ҳамда сайловнинг барча иштирокчиларига тенг шароитларда ташкил этиш учун сайлов комиссияси аъзоларининг мустақил ҳолда иш юритишлари ғоят муҳим тамойил ҳисобланади. Унинг амалда таъминланмаслиги сайловларнинг демократик моҳиятига жиддий путур етказади.

Сайлаш ва сайланиш фуқароларнинг энг муҳим сиёсий ҳуқуқларидан бири бўлиб, ушбу ҳуқуқлар жиноят қонунчилиги билан ҳам муҳофаза қилинади.

Бир сўз билан айтганда, сайлов қонунчилигини бузганлик учун жавобгарлик белгиланиши сайлов эркинлиги принципининг тўлиқ амалга оширилиши, мамлакатимиз сайлов тизимини янада демократлаштириш, сайловнинг очиқ-ошкоралиги принципларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Д.Наимов, Бухоро вилоят адлия бошқармаси масъул ходими