Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг тикланиши иқтисодиёт ривожининг омилидир

Дата: 01.11.2016    

Мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллаб бораётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини янада ривожлантириш ҳамда бу орқали ички бозорни рақобатбардош, сифатли ва экспортбоп маҳсулотлар билан тўлдириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда бунинг асосида аҳоли даромадларини кўпайтириш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш борасида кўплаб аҳамиятга молик ишлар амалга оширилмоқда. Чунки тадбиркорликни ривожлантириш ва унинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш – амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг энг асосий йўналиши ҳисобланади.

Ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, хусусий мулк ҳимоясини кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Хусусан, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари, қарорлари ҳамда Ҳукумат қарорлари қабул қилиниши натижасида тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олишни хабардор қилиш тартиби жорий этилди, уларнинг молия-хўжалик фаолиятини фақат солиқ идоралари текшириши мумкинлиги ва тадбиркорларга нисбатан ҳар қандай санкциялар суд қарорига биноан қўлланилиши белгиланди, шунингдек ҳисобот тақдим этишнинг барча шакллари ва турлари, тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашув ва текширишлар сони кескин қисқартирилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 24 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4354-сонли Фармони ҳамда 2011 йил 25 августдаги “Бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлик фаолияти эркинлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1604-сонли Қарорларига асосан тижорат банкларида миллий валютада ҳисоб рақами очганлик учун тўлов ундириш бекор қилинди, товарларни экспорт қилишда тўланадиган божхона расмийлаштируви йиғимлари амалдагига қараганда ўртача 2 маротабага, шунингдек, саноат соҳасидаги микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 6 фоиздан 5 фоизга камайтирилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниб, тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги (11-модда), кичик бизнес соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини турли хил инсофсиз рақобатдан ҳимоя қилиш мақсадида Инсофсиз рақобатга йўл қўйилмаслиги (12-модда) деб номланган янги нормалар киритилди.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 май кунида қабул қилинган “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш борасида янги босқични бошлаб берди.

Айниқса, 2015 йил 21 августдан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни тадбиркорликнинг янада ривожланишида ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини кафолатли ҳимоя қилинишида муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур қонуннинг энг муҳим жиҳати шундаки, унда тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларини либераллаштириш билан бир пайтда давлат органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг хусусий мулк ва тадбиркорлар ҳуқуқларини бузганлиги учун жавобгарлиги кучайтирилди.

Қонунга мувофиқ Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга алоҳида боблар киритилди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, илгари Жиноят кодексида тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлиги учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги фақат битта моддада берилган бўлса, эндиликда янги қонунга мувофиқ кодексга тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар бўйича алоҳида боб киритилди.

Қабул қилинган қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари, Фармонлари ҳамда Ҳукумат қарорлари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга асосан адлия органларига тадбиркорликни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш соҳасида тадбиркорлик субъектларига қулай ҳуқуқий ва ташкилий шарт-шароитлар яратиш бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш ва бошқа бир қатор вазифалар белгиланган.

Ушбу вазифалар ижроси юзасидан 2015 йилда вилоят адлия бошқармаси томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, 2015 йилда жами 121 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини экспертизадан ўтказишда асосий эътибор, уларда тадбиркорлик субъектларига асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар мавжуд эмаслигига қаратилди. Экспертиза натижаларига кўра 11 та лойиҳага бундай ҳолатларни жорий қиладиган қоида ва нормаларнинг мавжудлиги учун эътироз билдирилиб қайтарилган.

Тадбиркорликка оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ҳамда тадбиркорларни ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид 30 дан ортиқ таклифлар тайёрланиб кўриб чиқиш учун Адлия вазирлигига юборилган.

Тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларининг ўз муддатида ҳал этилишини таъминлаш мақсадда, адлия органларида махсус қисқа рақамли “ишонч телефони” ташкил этилган. Шунингдек, адлия бошқармасининг расмий веб сайти орқали мурожаатларнинг қабул қилиниши ҳам йўлга қўйилган. Ушбу даврда тадбиркорларнинг жами 189 та мурожаатлари қабул қилиниб, қонуний ҳал этилди.

Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида тадбиркорлик фаолиятига доир қонун ҳужжатларига риоя қилинишининг аҳволи ўрганиш давомида тадбиркорлик соҳасига оид 6465 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди.

Аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан қўлланилган 104 та тадимномаларга асосан 131 нафар мансабдор шахслар интизомий жавобгарликка тортилди. Бундан ташқари 30 та мансабдор шахсларнинг маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал этилди.

Шунингдек, давлат органларининг тадбиркорлар ҳуқуқларини чеклайдиган 67 та ноқонуний ҳужжатлари қонунга мувофиқлаштирилди ёки бекор қилиш юзасидан тегишли чоралар кўрилди.

Тадбиркорлик субъектлари манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунга кўра 2015 йил давомида судларга жами 3 млрд. 937 млн сўмдан ортиқ 732 та даъво аризалари киритилиб, улар тадбиркорлик субъектларининг манфаатлари бўйича қаноатлантирилди.

Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқий онгини ошириш ҳамда қонунчиликдаги янгиликлардан хабардор қилиш мақсадида адлия бошқармаси томонидан 895 та, шундан 91 таси оммавий ахборот воситалари орқали ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Амалга оширилган ушбу тадбирлар билан бир қаторда Адлия вазирлигининг топшириқ хатлари ва кўрсатмаларига асосан вилоят адлия бошқармаси томонидан фаолият юритмайдиган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тиклаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Хусусан 2015 йил 6 февраль куни тасдиқланган чора-тадбирларга асосан фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш ва улар фаолиятини тиклаш бўйича тегишли чораларни амалга ошириш мақсадида бошқарма масъул ходимлари вилоятнинг барча туман (шаҳар)ларига бириктирилди.

Вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси ва тегишли идоралар билан ҳамкорликда тузилган ишчи гуруҳи томонидан фаолият юритмайдиган тадбиркорлик субъектлари инвентаризациядан ўтказилиб, уларнинг номма-ном базаси шакллантирилди. Ушбу база асосида туманга бириктирилган ходим тадбиркорлик субъектлари қанча вақт давомида фаолият кўрсатганлиги, қачондан фаолиятини тўхтатганлиги, солиқ ва бошқа тўловлар бўйича қарздорлиги, фаолиятини тўхтатиш сабаблари таҳлил қилиниб, улардан фаолиятини тиклаш мумкин бўлган субъектлар аниқланиб, алоҳида рўйхатлари тузилди.

Фаолиятини тиклаш мумкин бўлган тадбиркорлик субъектлари билан тасдиқланган графикка асосан адлия бошқармаси раҳбариятининг учрашувлари ташкил этилди. Учрашувларда тадбиркорлик субъетлари билан суҳбатлар ўтказилиб, муаммолари аниқланди. Ушбу муаммоларни ҳал этиш бўйича тегишли идораларга таъсир чоралар киритилди.

Жумладан, адлия бошқармаси томонидан фаолият юритмаётган тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини таҳлил қилиш ҳамда уларнинг фаолиятини тиклаш бўйича ваколат доирасида қонунчиликда белгиланган чораларни кўриш юзасидан тижорат банкига 
1 тақдимнома ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларига 13 та огоҳнома киритилди.

Статистик маълумотларга кўра амалга оширилган чоралар натижасида 2015 йил 1 июль ҳолатида вилоятдаги 12 524 тадбиркорлик субъектларининг сони ўтган бир йил давомида яъни 2016 йил 1 июль ҳолатида 15 719 тага (3195 тага ортган) етган бўлса, 2015 йил 1 июль ҳолатида фаолият юритмайдиган тадбиркорлик субъектларининг сони 1965 тадан 2016 йил 1 июлга қадар 1411 тага камайишига эришилган.

Мазкур рақамлар қонунчиликка мувофиқ берилган имтиёзлар ҳамда кўрилган амалий чоралар натижасида вилоятда тадбиркорлик субъектларининг сони йилдан-йилга ортиб бораётганлигини, фаолият юритмаётган тадбиркорлик субъектларининг эса камайиб бораётганлигидан далолат бермоқда.

Хусусан, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилган тадбирлар давомида Бухоро вилояти Жондор туманидаги якка тартибдаги тадбиркор Зиёдуллаев Акобир Раҳматилло ўғли айланма маблағ мавжуд эмаслиги, тегишли тартибда банкдан кредит ололмаганлиги сабабли ўз фаолиятини тўхтатганлиги аниқланди. Вилоят адлия бошқармасининг аралашуви билан Зиёдуллаев Акобир Раҳматилло ўғлига Жондор туман Агро банкидан кредит маблағи ажратилиши натижасида тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқлари ҳамда фаолияти тикланишига эришилди.

Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, тадбиркорлик субъектларининг фаолият юритмаслигининг сабаблари сифатида бошланғич сармоянинг йўқлиги, айланма маблағларнинг етишмаслиги ва кредит олиш учун гаров мол-мулкининг йўқлиги ҳамда тадбиркорликка оид қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятидан етарли даражада хабардор эмасликларида деб айтишимиз мумкин.

Вилоятдаги мавжуд амалиёт ҳамда хорижий тажрибани ўрганган ҳолда ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида қуйидаги таклифларнинг амалга оширилиши мақсадга мувофиқ бўлади:

Иқтисодий жиҳатдан кам ривожланган ҳудудларда фаолият юритаётган кичик тадбиркорлик субъектларига алоҳида солиқ имтиёзларини қўллаш;

тадбиркорлик фаолиятига оид амалдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишдан уни тугатишгача бўлган жараёнларни тартибга солувчи нормаларни тизимлаштириш орқали ягона қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни тўғридан тўғри қонунлар билан тартибга солинишини таъминлаш мақсадида, мазкур соҳада идоравий меъёрий ҳужжатлар қабул қилишни таъқиқлаш масаласини ўрганиб чиқиш лозим.

Юқорида қайд этилган тадбирларни амалга ошириш Республикада кичик тадбиркорликни ривожлантириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмини янада такомиллаштириш имконини беради. Кичик тадбиркорликни ривожлантириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизми ва тизимини такомиллаштиришда хорижий илғор тажрибага республиканинг ўзига хос миллий хусусиятлари ҳисобга олган ҳолда ёндашиш мақсадга мувофиқдир.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки қонун ҳужжатларининг ижроси кўп жихатдан уларнинг ушбу ҳужжатларни қўлловчи давлат органлари билан бир қаторда тадбиркорларга ҳам қай даражада етказилганига, мазмун моҳиятининг қанчалик тушунтирилганига боғлиқдир.

Шу мақсадда, ҳукуматнинг алоҳида қарори билан 40 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат қонун ҳужжатлари миллий базаси Lex.uz дан тадбиркорларимизнинг бепул фойдаланиш имконияти яратилди.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитининг тобора яхшиланиб, табиркорлар сонининг кундан кунга ортиб боришига замин яратмоқда.

А.Халилов, Бухоро вилоят адлия бошқармаси бошлиғи