Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Маҳалла — халқ виждони

Дата: 02.07.2013    

Неча асрларки, юртимизда бу ибора ўз кучини йўқотгани йўқ маҳалла ўзбек ҳалқининг қадимдан шаклланиб келган ва ҳозирда ҳам ўз амалий аҳамиятини йўқотмаган ўзини ўзи бошқаришнинг муҳим институти ҳисобланади.

Ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масаласи Давлат дастурлари доирасида амалга ошириладиган вазифа сифатида баҳоланиб, алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг 2013 йил 14 февралдаги Обод турмуш йилиДавлат дастури тўғрисидаги Қарорида ҳам маҳалла институтини ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг ҳуқуқлари ҳамда ваколатларини кенгайтириш, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишда уларнинг роли ва аҳамиятини ошириш масаласи устувор йўналиш сифатида белгиланди.

Мазкур Дастур ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 22 апрелида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисидаги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Ушбу Қонунда аввалги таҳрирдаги Қонундан фарқли ўлароқ, аҳолининг ночор қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатлари ва функциялари кенгайтирилиб, уларнинг фуқаролар йиғинлари ҳудудларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш борасидаги ҳуқуқий асослари белгилаб берилди.

Янги таҳрирдаги Қонунга киритилган энг муҳим янгиликдан бири — фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тегишли ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида маслаҳат марказларини ташкил этиш ҳуқуқига эгалиги белгиланганидир.

Қонуннинг 17-моддасига кўра, мазкур маслаҳат марказлари юридик шахс бўлмасдан, уларнинг харажатлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўз маблағлари ёки юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Мамлакатимизда нафақат фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштиришга, балки уларнинг раиси ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда одилона ўтказиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада эса, Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисидаги Қонуннинг янги таҳрирда (2013 йил 22 апрель) қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этди.

Ушбу Қонунда фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловларини ўтказиш тартиби янада такомиллаштирилиб, унда сайлов тартиботларининг ошкоралиги ва демократиялигини таъминлашга, сайловларни ташкил этиш ва ўтказишда давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини оширишга, фуқаролар йиғинлари раиси лавозимига номзодларнинг касбий сифатларига бўлган қўшимча талабларни белгилашга оид муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар билан бойитилди.

Биринчидан, янги таҳрирдаги Қонунда фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайловини ўтказиш муддатлари аниқ кўрсатилди.

Унга кўра, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайловини ўтказиш муддатлари сайлов бошланишидан камида икки ой олдин Олий Мажлис Сенатининг Кенгаши томонидан белгиланади.

Иккинчидан, сайловларни ташкил этиш ва ўтказишда давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида аввалги таҳрирдаги Қонундан фарқли равишда Олий Мажлис Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси тузилиши ва ушбу комиссиянинг ваколатлари белгиланди.

Учинчидан, сайловлар тартиботларининг ошкоралиги ва демократиялилигини таъминлаш мақсадида фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳи таркибига фуқаролар йиғини органларининг бошқа ходимлари, шунингдек, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодларнинг, фуқаролар йиғини органлари бошқа ходимларининг яқин қариндошлари киритилиши мумкин эмаслигини белгиловчи янги норма киритилди.

Тўртинчидан, аввалги қонунчиликка кўра, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳи таркибига фақат фуқаролар йиғинининг, тегишли ҳудудда жойлашган нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа ташкилотларнинг вакилларигина киритилган бўлса, эндиликда халқ депутатлари тегишли туман (шаҳар) Кенгашининг депутати ҳам киритилиши белгиланди.

Бешинчидан, фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодларга қўйиладиган талаблар ўзгарди.

Унга кўра, эндиликда номзодга нисбатан аввалги Қонунда белгиланган талабларга қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларда ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига эга бўлиши кераклигини белгиловчи нормалар билан тўлдирилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тизимини ривожлантиришда янги босқичга қадам қўйилди. Бу эса, ўз навбатида, жамиятимизни янада демократлаштириш ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишда мустаҳкам омил бўлиши муқаррар.

Муродилла ТУРСУНМЕТОВ,

Адлия вазирлиги Қонунчиликка риоя

этилиши устидан назорат қилиш

бош бошқармаси бош маслаҳатчиси