Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Оила жамиятнинг асосий бўғинидир

Дата: 18.11.2016    

Оила демократик ҳуқуқий давлатни барпо этиш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида жуда муҳим вазифаларни бажаради. Энг аввало, у инсонни камол топтиради, ижтимоий қадриятлар ва миллий анъаналарни авлоддан-авлодга ўтказишда асосий занжир вазифасини ўтайди.

Оила – халқимиз учун миллатнинг кўп асрлик анъаналари ва руҳиятига мос бўлган ғоят муҳим ҳаётий қадриятлардан биридир. Мамлакатимиздаги ижтимоий демографик аҳволнинг муҳим хусусияти – жамиятнинг асоси бўлган кучли оила тизимидир.

Биламизки, асосий Қонунимиз бўлмиш Конституциямизнинг 63-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Ҳақиқатан ҳам, жамиятни оиласиз тасаввур этиб бўлмайди.

Демократик ҳуқуқий давлат ва бозор иқтисодиётига асосланган очиқ фуқаролик жамиятни қуриш бизнинг асосий мақсадимиз экан, шундай жамиятни, давлатни қуришда, равнақ топтиришда оиланинг ўрни беқиёсдир. Бундай жамиятни қуришда, уни ривожлантиришда келажак авлоднинг хизматлари бениҳоя каттадир. Келажак авлод жамиятни, давлатни шакллантиришда қатнашиши билан бирга, шу жамиятда яшайди, ундан баҳра олади. Авлоднинг ҳар томонлама – маънавий, маърифий, иқтисодий, ҳуқуқий жиҳатдан баркамол эканлиги давлатимизнинг гуллаб-яшнаши учун асосий омилдир. Келажак навқирон авлод қўлидадир. Бундай авлодни тарбиялаш учун биз қура бошлаган жамиятнинг табиатига монанд келадиган, унинг хусусиятларини ўзида мукаммал акс эттирадиган оилани барпо этиш зарур.

Шунинг учун ҳам оилани сақлаш, уни мустаҳкамлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада кўп ишлар қилиниб келинмоқда.

Хусусан, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти И.А.Каримов томонидан Ўзбекистонда 2012 йил “Мустаҳкам оила йили” – деб белгиланиши ва бунда “оила олдида турган вазифаларни ҳар томонлама амалга ошириш – авваламбор, моддий, маънавий, бугун ўта долзарб бўлиб бораётган тарбиявий муаммоларни ечиш, оиланинг барча ташвишларини осонлаштириш каби муҳим масалаларни ҳал этиш билан боғлиқлиги” оилани мустаҳкамлаш, унинг жамият ва давлатдаги барқарорлигини таъминлашнинг асосий элементлардан бири сифатида қараши муҳимдир.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг қарори билан 2012 йил 27 февраль куни “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурининг қабул қилиниши айтиш мумкинки, ҳозирги кун руҳияти, ҳозирги кун талаби ва эҳтиёжи даражасида қабул қилинганлиги айни муддаодир.

Мазкур Дастурдан асосий кўзланган мақсад, бугунги кун талабларини ҳисобга олган ҳолда қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, амалдаги қонун ҳужжатларига оила институтини ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, янги қонунлар, қоида ва нормаларни ишлаб чиқиш, бу масалага жамиятимиз эътиборини янада кучайтириш, ёш оилаларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, уларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш, моддий ва маънавий жиҳатдан кенг қўллаб-қувватлаш, шу жумладан қулай ва шинам уй-жой билан таъминлаш, зарур имтиёз ва афзалликлар бериш шунингдек, оила, биринчи навбатда, эҳтиёжманд оилаларнинг муаммоларини ҳал этишда давлат ва жамият томонидан ғамхўрликни янада кучайтириш, уларга моддий ёрдам кўрсатиш ва фарзандларни тарбиялашда ижтимоий қўллаб-қувватлаш, муносиб ижтимоий-маиший шароитлар яратиш, бунда оилани мустаҳкамлашда асосий юкни ўз елкасига олган аёлларга алоҳида эътибор қаратиш ҳамда жисмонан соғлом, маънавий етук ва ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни тарбиялашда оиланинг ролини кучайтириш ва шу мақсадда оила институтининг таълим ҳамда тарбия муассасалари билан ўзаро амалий ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг яқин ва самарали ҳамкорлигини таъминлашга қаратилди ва бу мақсаддан кўзланган натижаларга эришилди.

Дастур доирасидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниб амалга татбиқ этилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти И.А.Каримов амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар Конституциямиздаги тамойиллар 
ва қоидаларнинг амалдаги ифодаси эканини алоҳида таъкидлаб, бугун халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган тараққиётнинг “ўзбек модели”ни босқичма-босқич амалга ошириш жараёнида эришилаётган барча ютуқлар, ҳаётимизга янгича мазмун бағишлаётган ислоҳотлар Конституциямиз қоидаларига тўла мослигини, “бинобарин, биз маънавий ҳаётимизни юксалштиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни кенг қарор топтиришда, тобора кучайиб бораётган, бизнинг миллий табиатимиз, урф-одатларимизга мутлақо зид бўлган ҳар қандай зарарли таъсирлар, бузғунчи ғояларга қарши туришда, азалий қадриятларимизни асраб-авайлашда оилани мустаҳкам таянч деб биламиз”, деб таъкидлаган эди.

Шунингдек, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги ишларимизни янада юксак босқичга кўтариш мақсадида 2016 йил юртимизда Соғлом она ва бола йили, деб эълон қилиниши ҳам, бу борадаги эзгу ишларимизни янада такомиллаштиришга катта бир асос бўлди десак, янглишмаган бўламиз.

Зеро, мамлакатимизда мустақилликка эришганимиздан сўнг соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, биринчи навбатда, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш масаласини ўзимиз учун энг муҳим, устувор вазифа сифатида белгилаб олинди.

Бу соҳада мамлакатимиз томонидан зарур ҳуқуқий-меъёрий базани такомиллаштириш, миллат генофондини яхшилаш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш борасида улкан ишлар амалга оширилганлиги, барчамизга яхши маълум.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ана шу йўналишдаги кенг кўламли ишларимизнинг давоми ҳақида гапирганда, биргина мисол тариқасида бугунги кунда Тошкент шаҳрида Жанубий Корея давлатининг беғараз ёрдами билан қиймати 130 миллион 600 минг доллар бўлган кўп тармоқли замонавий болалар шифохонасининг қурилиши бошланиши, бу мажмуанинг – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ҳудудида ягона бўлган, тўртинчи, яъни энг юқори даражага эга ноёб тиббиёт масканининг яқин келгусида фойдаланишга топширилиши соғлом авлод тарбияси йўлида улкан қадам бўлиши шубҳасиздир, деб таъкидлаган эди.

Халқимизнинг асрий анъаналарини ҳисобга олиб, “Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади” деган ҳаётбахш қадрият ва олижаноб ғоя жамиятда чуқурроқ англаб етилишига ва қарор топишига йўналтирилган кенг чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш, оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, жамиятда оналарга алоҳида ҳурмат-эътибор муҳитини шакллантириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, оиланинг мустаҳкам, соғлом ва аҳил бўлишида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида, шунингдек 2016 йил Ўзбекистон Республикасида “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилинганлиги муносабати билан, жорий йилнинг 9 февраль куни “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури қабул қилинди.

Мазкур Дастурнинг устувор вазифалари ва амалга оширилиши йўналишлари этиб оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом болани тарбиялашда уларнинг ролини ошириш, кучли, барқарор ва равнақ топаётган давлатнинг негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, олис ва чекка қишлоқ туманларида яшаётган аҳоли, айниқса аёллар учун зарур ижтимоий, маиший ва тиббий нуқтаи назардан зарур шарт-шароитлар яратиш, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосидаги замонавий уй-жойлар, ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этиш, қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик сув, табиий газ билан таъминлаш, хизматлар кўрсатиш ва сервис даражасини юксалтириш борасидаги ишларни изчил давом эттириш белгиланди.

Бундан ташқари, мазкур Дастурда тиббиёт муассасаларининг, жумладан перинатал ва скрининг марказларнинг моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларининг иш самарадорлигини ошириш, патронаж тиббиёт ҳамшираларининг сонини кўпайтиришни таъминлаш, акушер-гинекологлар ва болалар шифокорлари малакасини ошириш, никоҳга кираётган шахсларнинг никоҳдан олдин тўлиқ тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаш учун тиббиёт ходимларининг масъулиятини кучайтириш, шу асосда туғма ва ирсий касалликлар сонини камайтириш ҳамда ушбу мақсадларда поликлиникаларни замонавий ташхис ускуналари билан жиҳозлаш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, мустаҳкам оила қуриш ва соғлом фарзанд туғилиши учун никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг муҳимлигини аҳоли кенг қатламлари онгига сингдиришга қаратилган кенг қамровли тушунтириш ишларини олиб бориш ва бошқа шу каби кўплаб олийжаноб ишлар мақсад қилиб белгиланди.

Бу борадги ишлардан кўзланган энг асосий мақсад, оиланинг турмуш тарзини, фаровонлигини, тинч-тотув яшашини таъминлашдан иборатдир. Зеро, оила тинч бўлса, жамият ҳам тинч бўлади.

Ф.Гулямов, Адлия вазирлиги масъул ходими