Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Маъмурий муносабатлардан келиб чиқадиган хўжалик низоларининг ҳуқуқий жиҳатлари

Дата: 23.11.2016    

Хўжалик процессуал кодексининг 23-моддасига (бундан буён матнда ХПК деб юритилади) мувофиқ, хўжалик судларига иқтисодиёт соҳасида фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган хўжалик низолари бўйича ишлар тааллуқлидир. Хўжалик судига тааллуқли бўлган, низо келиб чиқиши мумкин бўлган бошқа ҳуқуқий муносабатлар деганда, фуқаролик ва маъмурий ҳуқуқ нормалари билан қамраб олинмаган ер, солиқ ва бошқа муносабатлар тушунилади.

Маъмурий-ҳуқуқий муносабатларга нисбатан фанда икки хил ёндошув мавжуд. Айрим олимлар ҳар қандай ҳуқуқ тўғрисидаги низо умумий судга тааллуқли бўлиб, алоҳида маъмурий судларга ҳожат йўқ деб таъкидлашса, баъзилари ҳокимиятнинг бўлиниш тамойилларидан келиб чиқиб, махсус маъмурий судларни ташкил қилиш тўғрисида фикр билдирадилар.

Масалан, Германияда давлат бошқаруви органларининг ҳужжатларига нисбатан шикоят келиб тушса, агар бу судларнинг ваколатига тааллуқли бўлмаса маъмурий органлар томонидан махсус ташкил этилган комиссия томонидан кўриб чиқилади. Маъмурий судларга ёки маъмурий ишлар билан шуғулланувчи судларга шикоят билан мурожаат қилишга, агар юқори турувчи бошқарув органи ёки мансабдор шахсга шикоят тақдим этилиб, у қаноаталантирилмасдан қолдирилган бўлса йўл қўйилади[1].

ХПКнинг 24-моддасига кўра, хўжалик суди томонидан ҳал этиладиган, маъмурий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларнинг тахминий рўйхати қуйидагилар:

давлат органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжатларини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низолар;

ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжатини ёки бошқа ҳужжатни ижро этилиши мумкин эмас деб топиш тўғрисидаги низолар;

давлат рўйхатига олишни рад этганлик ёки белгиланган муддатда давлат рўйхатига олишдан бош тортганлик устидан берилган шикоят;

агар қонунда сўзсиз (акцептсиз) тартибда жарима ундирилиши назарда тутилмаган бўлса назорат қилувчи органлар томонидан ташкилотлар ва фуқаролардан жарималар ундириш тўғрисидаги низолар;

назорат қилувчи органлар томонидан қонун ҳужжатларининг талабларини бузган ҳолда сўзсиз (акцептсиз) тартибда ҳисобдан чиқарилган пул маблағларини бюджетдан қайтариш тўғрисидаги низолар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 14 июндаги ПФ–3619-сон “Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига[2] кўра, хўжалик судлари қуйидаги ҳуқуқий таъсир чораларини маъмурий ҳуқуқий ишлар қаторида кўриб чиқиши мумкин:

1. Фаолиятни тугатиш.

2. Фаолиятни тўхтатиб қўйиш. Фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига бошқа ҳақиқий хавф-хатар юзага келишининг олдини олиш муносабати билан фаолиятни кўпи билан ўн иш кунигача тўхтатиб қўйиш ҳоллари бундан мустасно.

3. Банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш борасида аниқланган ҳоллар бундан мустасно.

4. Молиявий санкцияларни қўллаш. Солиқ ва йиғимларни тўлаш муддатини ўтказиб юборганлик учун пеня қўшиш, шунингдек тадбиркорлик субъекти содир этилган ҳуқуқбузарликдаги айбига иқрор булиш ва молиявий санкция жарималарини ихтиёрий равишда тўлаш ҳоллари бундан мустасно.

5. Ҳуқуқбузарлик предметларини давлат даромадига ўтказиш.

6. Тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари билан шуғулланиш лицензиялари (рухсатномалари)ни ўн иш кунидан кўпроқ муддатга тўхтатиб қўйиш ёки амал қилишини тугатиш ва бекор қилиш (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг комиссиялари ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан бериладиган лицензиялар бундан мустасно).

Юқоридагилар келиб чиқадики, маъмурий муносабатлардан келиб чиқадиган хўжалик низолари деганда давлат органлари томонидан уларнинг функиционал вазифаларини белгилаб берувчи қонун ҳужжатларида назарда тутилган ваколатларни амалга оширишда вужудга келадиган низолар тушунилади.

ХПКнинг 6-моддасига биноан, хўжалик суди:

1) манфаатдор шахсларнинг;

2) прокурорнинг;

3) қонун бўйича давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида хўжалик судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолларда давлат органлари ва бошқа органларнинг аризалари бўйича иш қўзғатади.

Агар қонунда айрим тоифадаги низолар учун уларни судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартиби белгиланган ёхуд бу тартиб шартномада назарда тутилган бўлса, тарафлар ўзаро муносабатларини ихтиёрий равишда ҳал қилиш чораларини кўрганларидан сўнггина хўжалик судида иш қўзғатиш мумкин. Бунда прокурор, давлат органлари ва бошқа органларнинг аризалари бўйича иш қўзғатиш тарафлар юқоридаги чораларни кўрган-кўрмаганликларидан қатъи назар амалга оширилади.

Юқоридаги ҳуқуқий нормадан келиб чиқиб айтиш мумкинки, эркин ҳуқуқ принципи суд ишларини юритишда, шунингдек ўзларининг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини мустақил равишда ҳимоя қила олмайдиган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳам намоён бўлади.

Моддий ва процессуал қонун ҳужжатларида маъмурий муносабатлардан келиб чиқадиган хўжалик низоларини судда кўриш бўйича алоҳида қоидалар белгиланмаган. Шу сабабли, ушбу турдаги низолар ҳам хўжалик процессида иш юритишнинг умумий принциплари асосида кўриб чиқилади.

ХПКнинг 40-моддасига кўра, тарафлар ҳар қандай инстанцияда ишни келишув битими билан тамомлашлари мумкин. Агар даъвогарнинг даъводан воз кечиши, жавобгарнинг даъвони тан олиши ва тарафларнинг келишув битими қонун ҳужжатларига хилоф бўлса ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса, хўжалик суди даъводан воз кечишни, даъво талаблари миқдорини камайтиришни, даъвони тан олишни қабул қилмайди, келишув битимини тасдиқламайди. Бундай ҳолларда хўжалик суди ишни мазмунан кўради. Мазкур ҳолатлар эркин ҳуқуқ принципининг бузилиши ҳисобланмайди.

Маъмурий муносабатлардан келиб чиқадиган хўжалик низоларини кўришда келишув битими тузишга йўл қўйилмайди. Чунки мазкур низолар шартномавий-ҳуқуқий хусусиятга эга эмаслиги боис, давлат органи ва тадбиркорлик субъекти ўртасидаги келишув коррупцияген хусусиятга эга бўлиши мумкин. Фақатгина давлат органи ўзи қабул қилган ҳужжатини бекор қилган ёки шу каби бошқа ҳолатларда низо баратараф этилганлиги сабабли ишни кўрмасдан қолдириш ёки тугатиш мумкин.

Таъкидлаш лозимки, маъмурий муносабатлардан келиб чиқадиган хўжалик низолари нафақат низолашаётган манфаатдор тараф томонидан, балки бошқа хўжалик низолари сингари прокурор ҳамда манфаатдор давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ташаббуси билан ҳам қўзғатилиши мумкин. Масалан, назорат қилувчи орган томонидан қўлланилган ҳуқуқий таъсир чорасидан норози бўлган тадбиркорлик субъекти ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масадида адлия органларига, савдо-саноат палатасига мурожаат қилганда ушбу ташкилотларнинг ташаббуси билан назорат қилувчи органга нисбатан даъво аризаси хўжалик суди томонидан қабул қилинади.

Давлат идораларининг хўжалик процессида қатнашишидан мақсад – давлат, ташкилотлар, хўжалик юритувчи субъектлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва суд идораларига холисона, қонуний ва адолатли ҳал қилув қарорини чиқаришда ёрдам кўрсатишдан иборат. Худди шундай мақсаддарда хўжалик процессида давлат бошқарув идоралари ҳисобланган молия идоралари, кредит муассасалари, ижтимоий таъминот идоралари ва бошқа ташкилотлар ҳам қатнашишлари мумкин.

Маъмурий муносабатлардан келиб чиқувчи хўжалик низоларида хўжалик процессида тарафларнинг тенг ҳуқуқли бўлишлиги принципи асосида даъвогар билан бир қаторда жавобгарга ҳам тенг ҳуқуқ берилади.

Даъвогар бузилган ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида даъво қўзгатиш имкониятига эга бўлса, жавобгар ҳам даъвогарга қарши ҳимоя воситаларига эгадир. Бундай процессуал воситалардан бири-эътироз билдириш ва иккинчиси – қарши, муқобил даъво қўзғатишдан иборат.

Бундай имконият ва ҳуқуқнинг берилиши хўжалик судидаги муҳим тамойиллардан бўлган тортишувчилик асосида иш кўришга қаратилгандир.

Жавобгар ўзига нисбатан қўзғатилган даъвони инкор этиши ва бунинг сабаблари (важлари)ни кўрсатиши мумкин. Даъвони бундай асослантирилган равишда инкор этишга эътироз деб айтилади.

Эътирозномада даъвогарнинг низоли ҳуқуқига, даъвогар олдида жавобгарликдан озод қиладиган ҳолатлар кўрсатилиши мумкин.

Даъвогар талабига қарши бўлишини билдиришда жавобгар муайян моддий-ҳуқуқий ва процессуал ҳуқуққа оид юридик асосларни ҳам кўрсатиши мумкин.

Жавобгарнинг моддий-ҳуқуқий ҳимояланишига асос бўлиб даъвогарнинг талаблари, у кўрсатган қонун ёки бошқа ҳуқуқий меъёрларнинг ўз кучини йўқотганлиги ёки талабни умуман тегишли қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаганлигини кўрсатиши мумкин. Ёки даъвогар даъво қилиш муддатини ўтказиб юборганлигини асос қилади. Моддий-ҳуқуқий меъёрларнинг бузилиши хўжалик суди учун талаби қаноатлантирилмаслик асосларидан бири бўлиб ҳисобланади.

Жавобгарнинг эътирози процессуал ҳуқуқ меъёрларига асосланган ва даъвони рад этишга (ишни бекор қилишга) қаратилган бўлса, чунончи: қилинган талаб юзасидан муқаддам суд қарори (ажрими) чиқарилганлигини ёинки бу ишнинг судга тааллуқли эмаслигини кўрсатиб, даъвога қарши бўлишга процессуал эътироз деб айтилади.

Жавобгар манфаатини ҳимоя қилишнинг иккинчи процессуал воситаси қарши (муқобил) даъводир. Бунда эътироздан фарқли равишда даъвогарнинг талабига қарши бошқа бирон-бир моддий-ҳуқуқий талаб қўйилади.

ХПКнинг 120-моддасида кўрсатилишича, жавобгар суд ҳал қилув қарорини чиқаргунга қадар дастлабки талаб билан бирга кўриш учун даъвогарга қарши даъво қўзғатишга ҳақлидир. Бу қонуннинг мазмунига кўра жавобгарнинг ўзига қилинган дастлабки талаб билан қўшиб кўриш учун даъвогарга нисбатан қилган мустақил даъво талабига қарши даъво деб айтилади. Қарши даъво баъзан муқобил даъво деб ҳам аталади.

Табиийки, бундай механизмлар орқали оммавий ҳокимият вакили бўлган давлат органи ўз хатти-ҳаракатларининг қонунийлигини исботлаш имкониятига эга бўлади. Яъни давлат органи ҳам бошқа субъектлар сингари даъвогарнинг талаби бўйича низолашмасдан унга нисбатан ўзининг қонуний талабларини қўйиш имкониятига эга.

Таъкидлаш лозим, маъмурий муносабатлардан келиб чиқадиган хўжалик низоларида тарафларни тўғри танлай олиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки тадбиркорлик субъекти томонидан даъво аризасида кўрсатилган давлат тузилмаси (масалан, давлат органларининг туман, шаҳар бўлинмалари) ҳар доим ҳам юридик шахс мақомига эга бўлмаслиги мумкин. Бундай ҳолларда хўжалик суди жавобгар сифатида давлат органининг тегишли тузилмани ўз таркибига киритган, юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бирлигини жавобгар сифатида жалб қилиши зарур бўлади.

Маъмурий муносабатлардан келиб чиқадиган хўжалик низоларини кўриб чиқиш бўйича процессуал қонунда белгиланган ҳуқуқий нормалар, хорижий тажриба ва илмий тадқиқотларни амалга ошириган олимларнинг қарашларини ўрганиш, уларни таҳлил қилиш ва умумлаштириш натижасида ушбу соҳада қуйидаги икки муҳим тенденциянинг давом этишини кўриш мумкин:

биринчидан, тадбиркорлик фаолияти субъектларига нисбатан давлат рўйхатидан ўтказувчи, назорат қилувчи, лицензияловчи, рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга оширувчи органлар томонидан қўлланиладиган чоралар бундан кейин ҳам босқичма-босқич судлар ваколатларига ўтказиб борилади;

иккинчидан, давлат органларининг ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш амалиёти нафақат индивидуал тусдаги, балки умуммажбурий тусдаги ҳужжатларга нисбатан ҳам қўлланила бошлайди, бу эса процессуал қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритиш заруратини келтириб чиқаради.

Мазкур тенденцияларнинг амалга ошиши маъмурий муносабатлардан келиб чиқадиган хўжалик низоларини кўриб чиқиш бўйича процессуал қонунчиликнинг янада такомиллаштирилишига, бу борада тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқларини кафолатлашга, давлат органлари фаолиятида қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, ушбу тенденциялар судларни янада ихтисослаштириш, хусусан, тарафлардан бири давлат органи бўладиган, маъмурий муносабатлардан келиб чиқадиган барча низоларни кўриб чиқувчи алоҳида судларни ташкил этиш заруратини ҳам тасдиқлайди.

Э.Ҳамроев, Адлия вазирлиги масъул ходими


[1] Давтян А.Г, Гражданское процессуальное право Германии. М.: 2001 г. С.63

[2] Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 23-24-сон, 167-модда