Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси — мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати

Дата: 23.11.2016    

Конституция ҳар бир инсон, фуқаронинг ҳуқуқий хулқ-атворини белгилаб беради. Уни билмай туриб, ҳуқуқий маданиятга эришиб бўлмайди. Шу маънода, Конституцияга садоқат Ватанга ва ўз халқига садоқатдир, десак, янглишмаймиз. Мамлакатимизда Асосий Қонунни ўрганиш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани ҳам бежиз эмас, албатта. Чунки, аслида ҳам, Конституция — барча қонунларнинг негизи бўлиб, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма тўрт йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойишига кўра маҳаллаларда, корхона, ташкилот, муассасаларда кенг аҳолига, айниқса, таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшларга Конституциямизда белгиланган асосий тушунча ва тамойилларни тушунтириш бўйича режа асосида маърифий учрашувлар, жонли мулоқот ва суҳбатлар, маданий тадбирлар ўтказиш белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма тўрт йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Республика Ташкилий қўмитаси мажлисининг 2016 йил 10 ноябрдаги 143-сон баёни билан тадбирлар режаси тасдиқланди.

Шу билан бирга Адлия вазирлиги томонидан ҳам аҳолининг кенг қатламлари ўртасида ҳуқуқий мавзуларда учрашув, семинар, жонли мулоқот ва давра суҳбатлари ўтказиш дастури тасдиқланди.

Унга кўра, жорий йилнинг 15 ноябридан 15 декабригача ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси — мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати” мавзуида ҳуқуқий саводхонлик ойлигини ўтказиш кўзда тутилган бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳуқуқий мавзуларда учрашувлар, семинарлар, жонли мулоқот ҳамда давра суҳбатлари ташкил этиш белгиланди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, жорий йилнинг 17 ноябрида Адлия вазирлиги томонидан Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда умумий ўрта таълим муассасаларида “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганиш” курсларини олиб бораётган профессор-ўқитувчилар учун видеосеминар ташкил этилди.

Видеосеминарга Халқ таълими вазирлиги марказий аппарати ходимлари, вазирлик тасарруфидаги ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, ҳудудий студияларда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари, давлат педагогика ва малака ошириш институтлари раҳбарлари, туман (шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари мудирлари, ҳудудий тарғибот гуруҳи аъзоларидан иборат 700 дан зиёд иштирокчилар қамраб олинди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиш тарихи, мазмун-моҳияти, конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида таълим муассасаларида “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганиш” курсларини олиб бораётган педагог-ўқитувчилар зиммасига юклатилган вазифалар борасидаги маърузалар тингланди.

Бу каби тадбирлар жорий йилнинг 23 ноябрида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази билан ҳамкорликда республикадаги барча олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўтказилиши режалаштирилди.

Ташкил этилиши режалаштирилган тадбирларда қатнашчилар Конституция моддаларини чуқур ўрганишлари ва у берган имкониятлар билан яқиндан танишишлари, ҳуқуқий билимларини оширишлари кўзда тутилган.

Хулоса қилиб айтганда, жамият тараққиётини таъминловчи асосий омиллардан бири — қонун устуворлигидир. Чунки қонунларга оғишмай амал қилиш, уларда белгилаб қўйилган талабларни сўзсиз бажариш ижтимоий ҳаётдаги барқарорликни таъминлайди. Шу маънода Асосий Қонунимиз — Конституциямизнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Бош қомусимиз тенглар ичида тенг давлат, мустақил диёрнинг мустақиллигини ёрқин намоён этувчи асосий ҳужжат, бахтимиз қомуси, халқимизнинг ору номуси. Негаки, унинг ҳар бир моддасида, ҳар бир бандида халқаро ҳуқуқ меъёрлари ҳам, миллий бағрикенг­лик тамойили ҳам акс этиб туради.

Л.Каримова, Адлия вазирлиги масъул ходими