Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Малакали кадрлар соҳадаги ютуқларни таъминлайди

Дата: 07.12.2016    

Ўзбекистон Республикаси давлат хизмати тизимини такомиллаштириш ва давлат хизматчилари профеcсионал фаолияти унумдорлигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Жойларда кадрларга эҳтиёж бўйича доимий мониторингни амалга ошира бориб, кадрлар захирасини яратиш, зарур ҳолатларда захирадаги кадрлар алмашинувини (ротация) амалга оширишни тақозо этади.

Хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш натижасида кўплаб мамлакатларда давлат хизматчиларининг, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ротацияси ходимларнинг касбий тайёргарлик даражаси ва давлат аппарати иш сифатини ошириш ҳамда тизимда коррупциянинг олдини олиш мақсадида қўлланилишини кўриш мумкин.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ор­ганлар ходимларининг ротациясига қуйидагича таъриф бериш мумкин. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ротация­си деганда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда муайян лавозимни эгаллаб турган ходимни белгиланган тартибда бир ёки бошқа ҳудуд доирасида режали, алоҳида ҳолларда режадан ташқари тартибда касби, малака даражаси иш стажи, мутахассислиги хусусиятларини инобатга олган ҳолда айнан бир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ёки бошқа давлат органидаги тенг лавозимга ўтказиш тушунилади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ор­ганлар ходимларини ротация қилишда қуйидаги асосий мақсадларини кўрсатиб ўтиш мумкин:

— ўз касбий вазифаларига совуққонлик билан қараш, порахўрлик ва бошқа суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик;

— ходимнинг шахсий ва ишчанлик фазилатларини, унинг фаолия­ти самарадорлигини мунтазам ўрганиш, давлат органлари фаолиятининг турли йўналишларида малака ва иш тажрибасига эга бўлган кадрлар захирасини шакллантириш;

ходимларнинг ишлаш қобилиятини ва улар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, жамоада соғлом иш шароитини таъминлашдан иборатдир.

Жумладан, нотариусларни даврий ротация қилиш тартибининг жорий қилиниши муҳим аҳамиятга эга. Буни қуйидаги ҳолатларда ҳам кўриш мумкин.

Биринчидан, нотариусларнинг узоқ муддат бир жойда ишлашлари уларнинг “ихтисослашуви” юзага келишига олиб келиши мумкин.

Хусусан, автомашина бозори ҳудудидаги нотариуслар фақатгина автотранспорт воситалари билан боғлиқ бўлган нотариал ҳаракатларни амалга ошириб, қолган нотариал ҳаракатларни амалга оширмаслиги мумкин. Натижада нотариусларнинг ихтисослашуви юзага келиб бошқа турдаги нотариал ҳаракатларни амалга ошириш малакаси етарли бўлмайди. Мазкур идорага бошқа турдаги нотариал ҳаракатларни амалга ошириш бўйича мурожаат қилган фуқаролар эса рад жавобини олишлари ёки бошқа нотариусга “йўл­ланма” олишлари натижасида уларнинг сарсон бўлишига ва норозилигига сабаб бўлади.

Худди шу каби, банк муассасаси, кредит ташкилотлари, мактаб ва бошқа омиллар таъсири натижасида нотариуслар маълум бир нотариал ҳаракатларга ихтисослашуви юзага келади. Натижада фуқароларда айрим нотариал ҳаракатларни (гаров, мерос ва бошқалар) фақатгина муайян нотариуслар томонидан амалга оширилиши мумкин, деган фикр пайдо бўлади. Ўз навбатида, давлат нотариал идораларининг бошқа ходимлари томонидан ҳам фуқароларни айрим ҳаракатлар бўйича муайян нотариусга “йўналтириш” ҳолатлари кўпаяди.

Нотариусларнинг ихтисослашуви қуйидаги бир қатор муаммоларни келтириб чиқаради:

— фуқаролар айрим нотариал ҳаракатларни ўзига яқин ва қулай бўлган нотариусларда амалга ошира олмаслиги натижасида улар сарсон бўлади;

— айрим ҳаракатлар фақатгина муайян нотариуслар томонидан амалга оширилиши натижасида уларда фуқаролар навбатининг ошиб кетишига олиб келади. Фуқароларнинг узоқ кутиши эса уларга ноқулайлик туғдиради;

— фуқаролар бошқа нотариуслар хато ва камчиликка йўл қўйиши мумкин деб, айрим ҳаракатлар бўйича фақатгина муайян нотариусларга мурожаат қилиши натижасида кўплаб нотариуслар муайян нотариал ҳаракатлар юзасидан етарли тажрибага эга бўлолмайди;

Энг асосийси, муайян турдаги нотариал ҳаракатларга ихтисослашган нотариал идораларда ишлаётган ходимлар (нотариус ёрдамчиси, нотариус стажёри, котиб) бошқа нотариал ҳаракатларни амалга ошириши натижасида улар нотариат соҳасида етарли иш тажрибасига эга бўлмайдилар ва келгусида ушбу ходимлар нотариус бўлиб тайинланганларида мазкур ҳолатлар уларнинг фаолия­тига сезиларли таъсир кўрсатади.

Иккинчидан, нотариусларнинг узоқ вақт давомида бир идорада ишлашлари натижасида уларнинг ушбу ҳудуддаги турли ташкилот вакиллари ва айрим фуқаролар билан мустаҳкам, доимий алоқалар ўрнатилишига олиб келади.

Бунинг афзаллик томони, нотариус ушбу ҳудуддаги ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаши самараси юқори бўлиши ва бошқа ташкилотлар билан тушунмовчиликлар келиб чиқиш хавфи пастлигидадир.

Бироқ ушбу фактор нотариусларнинг (айрим ҳолатларда нотариал идоранинг бошқа ходимлари) турли ташкилот вакиллари ва айрим фуқаролар билан ҳамкорликдаги “мустаҳкам илдиз отган” коррупциявий гуруҳларнинг шаклланиши хавфини келтириб чиқаради.

Учинчидан, нотариусларнинг ротацияси юқоридаги салбий оқи­батларнинг олдини олиш билан биргаликда, ходимлар ўртасидаги “ман­фаатлар тўқнашуви”ни бартараф этиш ҳамда нотариусларнинг соҳадаги малака ва иш тажрибасини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Хусусан, турли нотариал идорада ва турли ҳудудларда ишлаётган нотариуслар, нафақат турли нотариал ҳаракатни амалга оширадилар, балки бошқа идорадаги янги ходимлар ва ана шу ҳудуддаги фуқаролар билан мулоқотда бўладилар. Бу эса нотариусларнинг фуқаролар билан ишлашдаги иш тажрибасини оширибгина қолмасдан, балки ана шу идорада янги иш тажрибасини орттириш ва, ўз навбатида, идоранинг бош­қа ходимлари томонидан ҳам янги нотариусдан иш услубининг янги жиҳатларини ўрганиш имкониятини яратади.

А.Эранов, Адлия вазирлиги масъул ходими