Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Жамитятда аёлларнинг ролини янада кучайтириш ҳамда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб қуватлашга оид норматив ҳуқуқий ҳужжатлар

Дата: 15.12.2016    

“Аёлни улуғламоқ-оилани, Ватанни, ҳаётни улуғламоқ демакдир. Зеро оилани ҳам жамиятни ҳам бирлаштириб, унга файзи - барокат киритадиган, хонадонларимизни меҳр-муҳаббат, нафосат, эзгулик нури билан мунаввар қиладиган зотлар ҳам аслида мўътабар оналаримиз, мунис опа-сингилларимиздир”

И.А.Каримов

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65–моддасига асосан оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади. Оналик ва болаликни ҳамда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва маданий ҳаётда тўлақонли иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизлар ҳамда ёшларнинг маънавий ва интеллектуал савиясини юксалтириш, аёллар соғлигини муҳофаза қилиш, соғлом оила ва баркамол авлодни барпо этиш, аёллар ўртасида ўз жонига қасд қилиш, никоҳдан ажралиш каби салбий ҳолатларни бартараф этиш борасида олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган устивор вазифалардир. Зеро миллат ва мамлакат келажаги, унинг ижтимоий ва маданий салоҳияти соғлом авлодни дунёга келтирувчи оналаримиз, улардан туғиладиган маънан ва ақлан теран фарзандларимизга боғлиқдир.

Муҳтарам Биринчи Президентимизнинг ташаббуслари билан жамиятда оиланинг қўллаб-қувватланишини янада такомиллаштириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш мақсадида, 1998 йил “Оила йили” деб эълон қилинган эди. Жамиятда аёлларнинг ўрни ва ташаббускорлигини янада ошириш мақсадида, шунингдек, давлатимизда аёлларга нисбатан ғамхўрликни нақадар юқори эканлигини кафолатлаш мақсадида, 1999 йил юртимизда “Аёллар йили” деб эълон қилинди. Бу йилда давлатимиз томонидан инсон ҳуқуқларига, айниқса, фарзандлар камоли, юрт фаравонлиги учун самарали меҳнат қилиб келаётган аёлларга катта эътибор қаратилди. Республикамизда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни янада рағбатлантириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2004 йил 25 майда “Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, аёллар ва ўсиб келаётган ёш авлод соғлигини мустаҳакамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2002 йил 5 июлда “Оилада тиббий маданиятни ошириш, аёлларнинг соғлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлод туғилиши ва уни тарбиялашнинг устивор йўналишларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 25 май кунидаги “Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармоннинг мақсади хотин-қизларнинг Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларга мос равишда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, билим ҳамда малака даражасини ошириш, уларнинг вакиллик ва бошқа давлат ҳокимияти идораларидаги кенг иштирокини таъминлаш, хотин-қизларнинг оила, давлат ва жамият қурилишидаги вазифаларни ҳал этишдаги ўрни ва нуфузини ошириш, аёлларни иш билан таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий онг ва маданиятини юксалтириш, жамият ва давлат бошқарувидаги сиёсий фаоллигини ошириш, аёллар соғлигини сақлаш, соғлом оила ва баркамол авлодни барпо этиш, аёллар ўртасида ўз жонига қасд қилиш, никоҳдан ажралиш каби салбий ҳолатларни бартараф этишдан иборат.

Кенг кўламдаги мазкур вазифаларни бажариш учун хотин-қизлар қўмитаси, ҳокимлик ва адлия органлари томонидан турли мақсадли дастурлар, чора-тадбирлар ва иш режалар ишлаб чиқилган бўлиб, уларга бевосита хотин-қизлар қўмиталари, Адлия вазирлиги ҳамда ҳудудий бошқармалари, ички ишлар бўлимлари, прокуратура, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш идоралари, матбуот воситалари, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, “Маҳалла” жамғармаси, Маънавият ва маърифат, “Оила” илмий-амалий марказлари, Дин ишлари қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа манфаатдор идоралар жалб этилган. Улар билан ҳамкорликда ёш оилаларни мустаҳкамлаш, оилада ва жамиятда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ишларини янада кучайтириш, хотин-қизларнинг жамиятда ижтимоий-сиёсий фаоллигини, билим ва малака даражасини, оилада ва жамиятдаги нуфузини ошириш, уларнинг жамият ҳамда давлат бошқарувидаги ислоҳотларда фаол иштирок этиши учун ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида “Хушхулқлилик-аёл зийнати”, “Аёлга эҳтиром – аждодлар мероси”, “Жамиятни демократик янгилашда хотин-қизларнинг нуфузи”, “Мактаб, маҳалла ва оила”, “Ҳозирги замон ўзбек аёли”, “Жамиятда аёл мавқеи”, “Аёл, оила ва анъаналар”, “Аёл ва жамият”, “Эр-хотининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари”, “Хотин-қизлар соғлигини ҳимоя қилиш бизнинг асосий мақсадимиз”, “Тараққиёт ва аёл”, “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш”, “Ўз ҳуқуқларингизни биласизми аёллар?” каби турли мавзуларда ҳуқуқий тарғибот ва ташвиқот ишлари амалга оширилди ва бу борадаги ҳуқуқий тарғибот ишлари давом эттириб келинмоқда.

Олиб борилаётган тадбирларнинг самараси ўлароқ, вилоятда ёшлар ўртасида никоҳлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Қайд этилган биринчи ва никоҳланувчиларнинг ёши 50 дан ошмаган никоҳларнинг барчасида никоҳланувчилар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги қарори билан тасдиқланган “Никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан 100% тиббий кўрикдан ўтказилган.

Аҳоли ўртасида олиб борилган сўровлар ва улар билан ҳамда хотин-қизлар қўмиталари, тиббиёт, маҳалла йиғинлари, ўқув юртлари ходимлари билан ўтказиладиган ўзаро мулоқотлар, давра суҳбатлари, семинар машғулотларида бўладиган баҳс-мунозаларда шундай хулосага келиндики, оталик белгиланиши ҳамда ёлғиз онадан туғилишлар сонининг ортиб боришига қуйидагилар:

1. Никоҳланувчи ёшларнинг никоҳга кириш ҳақида аризани 1 ой олдин бериш ҳамда тиббий кўрикдан ўтиш лозимлиги тўғрисидаги талабларга риоя этмаслиги натижасида ёшларнинг никоҳни ўз муддатида қайд эттирмасдан тўйдан кейин бола туғилгандан сўнг боланинг туғилишини қайд эттириш учунгина ФҲДЁ органига мурожаат қилишлари – оталикни белгилашнинг ортганлигига;

2. Ёш қизларни белгиланган никоҳ ёшига етмасдан турмушга бериш ҳамда ёшлар ўртасида ҳеч қанча вақт яшамасдан ажралиш ҳолатлари – оталик белгиланиши ёки ёлғиз онадан туғилганликнинг ортишига;

3. Ёшларнинг никоҳни ФҲДЁ бўлимида қайд эттирмасдан турмуш қуриши ва тўйдан кейин куёвнинг МДҲ ва бошқа чет давлатларга ишлаш учун узоқ муддатга кетиб қолганлиги – ёлғиз онадан туғилишнинг ортишига;

4. Республикамизда жиноят қонунчилиги бўйича кўп хотинли бўлиш жавобгарликка тортилишга сабаб бўлиши эркакларнинг қонуний никоҳдан ўтмаган ҳолда бошқа аёл билан яшаши ёки биринчи никоҳни бекор қилмаган ҳолда иккинчи маротаба уйланиши оқибатида улар ўртасида фарзанд туғилиши – ҳам оталик белгиланишига, ҳам ёлғиз оналар аризаларининг ортишига сабаб бўлмоқда.

Юқорида санаб ўтилган салбий ҳолатларни бартараф этиш, халқнинг тиббий ҳамда ҳуқуқий маданиятини ошириш учун туман(шаҳар) ФҲДЁ бўлимлари, хотин-қизлар қўмиталари, тиббиёт ва маҳалла, қишлоқ фуқаролар йиғинлари ўзаро ҳамкорликда тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, вилоятнинг энг чекка ҳудудларида ҳам тушунтириш ишларини олиб бориб оила-никоҳ муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари моҳиятини халқ онгига тўлақонли сингдириш лозим бўлади.

Л.Ботиров, Ромитан туман ФҲДЁ бўлими мудири