Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Дунёни ларзага солаётган касаллик

Дата: 10.07.2013    

ҲАМОН ечими қидирилаётган ОИВ инфекцияси масаласи барча мамлакатлар учун глобал муаммога айланган. Бу касаллик асосан аҳолининг меҳнатга қобилиятли қисмини зарарлаши, касалликка чалинганларни ижтимоий ҳимоя қилиш мажбурияти ва унга кетадиган сарф-харажатларнинг катталиги, шунингдек, мамлакатнинг демографик ҳолатига таъсир қилиши орқали иқтисодий тараққиётга хавф туғдирса, бошқа томондан ушбу касалликка чалинганлар камситилишга учраши мумкинлиги ва аҳолининг соғлом, бехавотир турмуш кечиришига хавф туғдириши орқали барқарорликка ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Республикамизда мазкур касалликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида мунтазам равишда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ушбу соҳага оид барча муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш масаласи ҳам босқичма-бос­қич такомиллаштириш орқали амалга оширилмоқда. Бу йўналишдаги ҳуқуқий масалалар 1999 йил 19 августда қабул қилинган “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси билан касалланишнинг (ОИВ касаллигининг) олдини олиш тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинади.

Қонун қабул қилингандан кейин ўтган давр ичида тўпланган тажрибаларга асосланиб, ОИВ касаллиги тарқалишига қарши кураш масаласига ёндашувлар кескин ўзгарди. Шундан келиб чиқиб, соҳани тартибга солувчи амалдаги қонунни такомиллаштириш зарурати туғилди. Президентимизнинг 2008 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида ОИВ касаллигининг тар­қалишига қарши курашнинг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида бу йўналишдаги устувор қўшимча чора-тадбирлар тўлиқ назарда тутилган бўлиб, ушбу Қарор ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш масалаларига қаратилган.

Президентимиз Қарори билан Бош вазир раислигида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш тадбирларини мувофиқлаштириш Республика комиссияси тузилди, комиссия таркиби ва комиссия ҳақидаги Низом тасдиқланди ҳамда мазкур Комиссиянинг ваколатлари ҳам белгилаб берилди.

Амалдаги Қонуннинг 3-моддасида ОИТС/ОИВ касаллиги юққан-юқмаганлигини аниқлаш мақсадида тиббий текширувдан ўтиш ҳуқуқи белгиланган. Бироқ тиббий текширув турлари, яъни ихтиёрий, шартли ва мажбурий тиббий текширувлардан ўтиш тартиби қонун билан тартибга солинмаган. Инсон ҳуқуқлари таъминланишини ифода қилувчи тегишли халқаро ҳужжатлардаги “касалликка чалинганларнинг шахсий ҳаётига оид маълумотларнинг махфийлигини сақлаш” қоидаларига риоя қилиш ҳақидаги талабларга кўра, қачон ихтиёрий тиббий текширувдан ўтиш мумкинлиги, қачон тиббий текширувдан ўтиш шарт эканлиги, қачон шахсни тиббий текширувдан мажбуран ўтказилиши ҳақидаги қоидалар қонунда белгилаб қўйилмаган.

Қонуннинг 6-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларда ОИВ касаллиги аниқланган тақдирда, улар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекис­тон Республикасидан чиқариб юборилиши мумкин”, дейилган. Бу норма БМТ Бош Ассамблеясининг 2001 йил 27 июнда қабул қилинган “ОИВ/ОИТСга қарши кураш ишларида тарафдорлик тўғрисида”ги Декларация талабларига зид бўлиб, ОИВ касаллигига чалинганларнинг камситилишига олиб келади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ инфекцияси) келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланди. Унда амалдаги қонунда мавжуд бўлмаган, бироқ соҳа тартибга солинишида муҳим бўлган қуйидаги қоидалар ўз аксини топди:

Қонун лойиҳаси мазмуни, номланиши ва унда ишлатилган атамалар Президентимизнинг 2008 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекция­си тарқалишига қарши кураш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мослаштирилди.

ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш соҳасидаги давлат сиёсати белгиланди.

Вазирлар Маҳкамасининг Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар вазирликлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш соҳасидаги ваколатлари белгилаб қўйилмоқда ва ҳоказо.

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши орқали соҳада олиб борилаётган барча ишлар, чора-тадбирларнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланади, муносабатлар қонун билан тартибга солинади, мутасадди органларнинг ваколатлари эса аниқ белгилаб қўйилади.

Музаффар МАХМАДАМИНОВ,

Адлия вазирлиги масъул ходими